Можарога тўла теленовеллалар инсонда салбийликни шакллантиради(ми?)

Можарога тўла теленовеллалар инсонда салбийликни шакллантиради(ми?)

“Оббо, яна шунақа новеллами? Нега ҳамма киною теленовеллалар негатив? Ҳаммасида уруш-жанжал, бақир-чақир..., жонга тегди! Бошқа каналга олайлик, кўрмайлик шуни!”

7-синфда ўқийдиган қизимнинг гапларидан бу. Кечки овқат устида телевизор кўриб овқатланиш кўпчилик оиладаги табиий ҳолат. Бизда ҳам шундай. Аммо сўнгги пайтларда оила даврасида, фарзандлар билан бирга ўтириб кўрадиган, намунали, ҳаётнинг ёрқин, чиройли томонлари кўрсатилган кино ёки теленовеллаларни деярли учратмай қўйдик. Қизим айтганидек, кўпчилигида “негатив” – салбий, қора мавзулар, бақир-чақир, тортишув, уруш-жанжал, можароли, маиший масалалар.

Бир вақтлар миллий менталитетимизга унчалик ҳам мос келмайдиган турли хорижий сериаллар кўпайиб кетганида миллий сериалларни ривожлантириш зарурлиги ҳақида кўп бора бонг урилган эди. Бу чақириқлар самара бериб, кейинги пайтларда миллий сериалларимиз анча кўпайиб қолди, телеканаллар буюртмаси билан турли теленовеллалар суратга олиниб, намойиш этиш урфга айланди. Бу турли хорижий сериаллардан кўра яхши, албатта.

Аммо сифат-чи?!
Миллий кино ва сериаллар, теленовеллаларнинг ғояси, мафкураси, инсонга таъсир кўрсатиши қай ҳолатда? 

“Тугун”, “Иқрор”, “Тақдирлар”, “Оталар сўзи” каби номлар остида турлича мавзулар кўтарилаётгани бир томондан эътиборга молик. Аксариятида яхши мавзулар олиб чиқиляпти, намуна олишга, ижобий хулоса чиқаришга ундайдиганлари бор. Аммо кўпчилигида салбий воқеликлар, тортишувлар, ёмон муносабатлар биринчи ўринга чиқиб қолган. 

Кино ижтимоий ҳаётнинг ифодаси сифатида баҳоланадиган бўлса, бугун ҳаётимиз сериал ва новеллалардаги каби фақат муаммолардан, мол-давлат, уй-жой талашиш, қайнона-келин, эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни уруш-жанжалидан иборат бўлиб қолмаяптими?

Қўшхотинлик, кўпхотинлик, жазман орттириш каби муаммолар намойиши кунда-кунора экранларимизни банд этяпти. Бу, ушбу масалалар шунчалик авж олдию шу боис, унга қайта ва қайта мурожаат қилишга мажбур бўлиняпти, деганимасми? Хуллас, бугун намойишга чиқарилаётган негатив мавзу ва ғоялар бўйича саволлар, эътирозлар кўп. 

Хусусий телеканаллардан бирининг вакили билан бу ҳақда гаплашганимда теленовеллаларни телеканалларнинг ўзи суратга олаётганини, сценарийсини сценаристлар ёзиб бераётганини айтди. Яна унинг айтишича, “хорижий сериаллар ахлоқимизга, миллий маданиятимизга тўғри келмайди, деган важ билан телеканалларга фақат биттагина хорижий сериал намойишига рухсат берилган, холос. 24 соатлик эфир вақтини тўлдириш эса осон эмас. Яна бир томони, бугунги томошабин ана шундай маиший муаммоли киноларни кўряпти, талабга яраша таклиф бўляпти.

Чунки, хусусий телеканаллар ўзини ўзи “боқади”. Шунинг учун томошабинни жалб этиш, телеканаллар рейтинги бўйича юқори ўринни эгаллаш ва шу орқали рекламалар олиб келишга ҳаракат қилинади. Бугунги томошабин эса айнан шундай маиший масалалар акс этган намойишларни кўп кўряпти. Томошабиннинг эстетик қараши юқори, маънавий-мафкуравий нуқтаи назардан талаби юксак бўлса, шундагина яхшироқ, кўришга арзийдиган асарлар яратилади”. 

Бундан ташқари, кадрлар масаласи ҳам оғриқли нуқталаримиздан эканлиги, яхши муаллифлар ва режиссёрлар камлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, бир пайтлар севиб кўрилган, бармоқ билан санарли миллий киноларимизнинг сценарий муаллифи ва режиссёрлари энг зўрлар бўлган. Шунинг учун ҳам улар яратган кинолар ҳамон халқимизнинг қалбида, ардоғида.

Бугунги сериал ва новеллаларимиз эса майда-чуйда, маиший масалалар, иғвою тортишувлардан иборат бўлиб қоляпти. Тўғри, якунда албатта, ижобий хулоса билан тугалланади. Аммо жараён фақат конфликтлардан иборат эканлиги томошабинни чарчатади, асабларини таранглаштиради, бетоқат қилиб қўяди. Айниқса, аёл қаҳрамонларнинг бақир-чақири, қарғишлари, сабрсиз ва асабийлиги уни томоша қилаётган инсонга ҳам кўчаётгандай бўлади. 

Ўзи шундоқ ҳам тезлашиб бораётган ҳаётимиз, иш, уй-рўзғор, ҳаёт ташвишлари, ижтимоий тармоқлардаги нохуш хабар ва видеолар инсонни толиқтиради. Ойнаижаҳондан ҳам салбий энергияга тўла намойишларни кўриш инсонни баттар тоқатсиз, асабий қилиб қўймасмикан? Қолаверса, экранда кўрганимиз ўзаро жанжаллару салбий муносабатлар ҳаётимизга, ўзимизга ҳам кўчиб қолмасмикан, инсон психологиясига таъсири қандай?

Бу борада оила ва болалар психологи, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Шоира Исоқова билан боғланиб, уларнинг фикрини, мутахассис сифатида муносабатини олдик:

– Бугунги миллий сериал ва теленовеллаларимиздаги можаролар, бақир-чақир ва конфликтлар инсонда ҳаётга бўлган негатив қарашларни шакллантириб қўяди. Яъни, ҳаёт шунақа экан, ҳамма оилада бор экан, деган одатий ҳолга олиб келиши мумкин. Албатта, бундай сериал ва киноларни кўрганда инсон ҳаяжонланади, ҳиссиётга берилади, сериал қаҳрамонига нисбатан нафрат ёки агрессия қўзғалади. Яъни, салбий фикрлашга ўтади, ўзи англамаган ҳолда сериал қаҳрамонларига, уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилади.

Хоҳлаймизми-йўқми, кўп жараёнлар бизнинг ҳаётимизга, руҳиятимизга, кайфиятимизга таъсир қилади. Инсон кўрган, эшитган нарсасини ўзи истамаган, англамаган ҳолда шахсий ҳаётига, фарзандлари тарбиясига, ишига қўллайди. Ҳар бир сериал, биз кўраётган ахборот миямиз учун озуқа.

Демак, миямизга бераётган ахборотларни филтрдан ўтказиб, қанчалар бизга муҳим эканлигини англаган ҳолда қабул қилишимиз, ўзимиз учун таҳлилий тафаккур қилишга ўрганишимиз керак. Яъни, инсон сериаллардаги воқеликка нисбатан ўзининг шахсий позициясини, қарашларини сақлаб туриши лозим, ҳар қандай сериал ёки новелладан ўзи учун керакли хулосаларни олиши керак. 

Ҳақиқатан ҳам ҳозир олинаётган кўплаб сериал ва новеллаларимиз инсонни ривожлантирувчи эмас, балки миллатни ёмон кўрсатувчига айланяпти. Агар яхши хорижий фильм ва сериалларни оладиган бўлсак, уларда майда, маиший масалаларга урғу берилмаган.

Аксинча, уларда ғоя бор, мақсад ва мотив бор. Бизнинг сериалларимиздаги асосий ғоя ва мақсад нима, ундан оладиган хулосаларимиз қанақа бўлади – ҳар ким ўзи учун керакли ва фойдали қисмини олиши керак. 

Китоб ўқимайдиган, ўз устида ишламайдиган, ўзини ривожлантирмайдиган инсонлар сериаллардаги савияси, сифати паст, майда, маиший масалаларга ўралашиб қолиб, вақтини, соғлиғини беҳудага кетказади, яхши ресурсларини кераксиз жойларга сарфлайди. Бундай сериаллар инсоннинг ҳаётини қисқартиришга, асаб тизимини бузишга, улардаги салбий воқеликлар ичида ўйланиб юришга, соғлиғига зиён етказишга олиб келади.

Шундай экан, инсоннинг ўзи бунга йўл қўймаслиги керак. Айниқса, уй бекалари, қайноналар, келинларимиз орасида сериалларга муккасидан кетиш ҳолатлари жуда кўп. Аммо улар ўзини соғлиғи ва ҳаётига зарар етказаётганини, фойдали иш коэффициенти тушиб кетишини тўлиқ англаб етишлари лозим, – дейди Шоира Исоқова.

Дарҳақиқат, бугун миллий сериал ва теленовеллалардаги негатив, жўн воқеа-ҳодисалар, можаролар инсон психологиясига салбий таъсир кўрсатиши билан ачинарли. Шундай экан, бундай намойишларни саралаб кўриш, эстетик ва мафкуравий-ғоявий жиҳатдан юксак даражада бўлганларини томоша қилиш керакки, бу ўз-ўзидан савиясиз сериалларнинг томирига болта уради.

Сериал ва новеллалар ижодкорларидан эса миллатимизга хос, асрий қадрият ва анъаналаримизга муносиб бўлган, ғояси пишиқ, инсонни ривожланишга, ўйлашга ундайдиган, айниқса, ёшларга ижобий таъсир кўрсатадиган сара асарлар кутиб қоламиз.