Маймунчечак: ваҳимага ўрин йўқ!

Маймунчечак: ваҳимага ўрин йўқ!

2024 йил 8 август ҳолатига кўра, Буюк Британияда 264 фуқаро маймунчечак юқтирган бўлса, Африканинг 13 та давлатида 17 541 нафар, Покистонда 3, Австралияда эса 93 нафар бемор аниқланган. Мутахассисларнинг қайд этишларича, инфекциялар ўртача 37 ёшда бўлган эркакларда кўпроқ учраяпти. 

Бу хавфлими?

Маълумотларга кўра, маймун чечаги илк бор 1970 йилда Конгода аниқланган. Шундан буён Ғарбий Африка давлатларида касалликка чалинганлар мунтазам учраб туради. Европада 2022 йилда бу касаллик қайд этилгани ва бошқа давлатларда ҳам учрай бошлагани кутилмаган ҳол бўлганди. дунёнинг 19 та давлатида, асосан Европа, АҚШ, Канада, Австралия ва Исроилдаги одамларда маймун чечаги инфекциясининг 131 та тасдиқланган ҳолати ва 106 та инфекциянинг шубҳали ҳолати қайд этилган эди. 

Шу ўринда савол туғилади: маймунчечакнинг тарқалиш ҳолати “Covid-19” га ўхшашми?

ЖССТнинг қайд этишича, маймун чечаги ва коронавирус ўхшаш касалликлар эмас. Чунки чечак фақат яқин жисмоний алоқа орқали тарқалиши мумкин бўлган патогенга эга. Касаллик асосан яқин алоқадаги оилалар ёки ижтимоий гуруҳларда содир бўлади. Касалликнинг юқори ҳарорат, лимфа тугунларининг катталашиши ва тошма тошиши билан хавфлилиги айтилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу касаллик 1980 йилда давоси топилган деб ҳисобланган оддий сувчечакка ўхшайди, аммо ундан фарқли ўлароқ, юқиш эҳтимоли камроқ ва осонроқ кечади. Ушбу вируснинг иккита штамми мавжуд: Clade I ва Clade II.

Биринчи штамм билан зарарланган ҳар 10 кишидан 1 нафари вафот этади. Clade II билан касалланган беморларнинг 99 фоизи омон қолади. Уларни баъзи кемирувчилар (масалан, Гамбия халтали каламушлари) ва ҳайвонлар ташийди. Бундан ташқари, одамдан-одамга юзма-юз кўришганда, теридан терига, оғиздан-оғизга юқади. Шунингдек, вирус маълум вақт кийим ва уй-рўзғор буюмларида сақланиши, шунингдек, онадан ҳомилага ўтиши мумкин. Одатда касаллик 2 ҳафтадан 4 ҳафтагача давом этади. 

Маймунчечак билан касалланган беморларда дастлабки симптомлар гриппни эслатади. Яъни, юқори ҳарорат, бош ва мушаклардаги оғриқлар, бел оғриғи, катталашган лимфа тугунлари, қалтираш, ҳолдан тойиш ва 5 кундан кейин тошма қўшилади. У юздан бошланади ва пастки аъзоларга тушади. Бу сиртдан сувчечакни эслатади. Пайдо бўлган қизил доғлар ўрнида тиниқ ёки сарғиш пуфакчалар ҳосил бўлади, улар қурийди, кейин эса тўкилади.

Қандай даволанади?

Одатда касаллик енгил кечади, аксарият одамлар даволанмасдан 2-4 ҳафта ичида тузалиб кетади. Аммо инфекция яқин алоқадан юққанлиги сабабли тошма йўқолмагунча ва чандиқлар ўрнида зарарланмаган тери қатлами ҳосил бўлмагунча, бемор изоляция қилиниши керак.

Касаллик енгил кечганда бемор уйда даволаниши мумкин. Аммо аломатлар жиддий бўлса ёки оғир сурункали касалликлар билан кечса, тузалгунга қадар шифокорларнинг доимий назоратида бўлиши лозим.
Қайд этилишича, ҳозирча маймунчечакни хавфсиз даволашнинг исботланган усули мавжуд эмас. Аммо тажриба моделларида самарадорликни кўрсатган бир нечта дорилар бор. Булар – тековиримат, ситофовир ва бринсидофовир каби вирусга қарши препаратлардир.

Касаллик Ўзбекистонга кириб келдими?

Мутахассислар айни эпидемия тарқалиши авжига чиққан паллада саёҳатларга чиқмасликни тавсия қилишяпти. Аллақачон саёҳатга отланган бўлсангиз, ёввойи дайди ҳайвонлар, хусусан, кемирувчилардан эҳтиёт бўлиш, ўлик ҳайвонларга тегмаслик, ёввойи ҳайвон гўштини истеъмол қилмаслик, умумий чойшаб ва гигиена буюмларидан фойдаланмаслик каби қатъий тавсиялар беришяпти. Гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни мунтазам совунлаб, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш эса ниҳоятда муҳим.

Инсониятга хавф солаётган навбатдаги эпидемия минг шукурки, Ўзбекистонда аниқлангани йўқ. Бироқ шунга қарамай, давлатлар оралаб келаётган касалликнинг олдини олиш ва юқтириб қўймасликка эҳтиёт чоралари кўриляпти. Айни пайтда “NTV Haber” телеканалининг хабар беришича, ЖССТ одамларни маймунчечакка қарши эмлашга чақириб, шу кунгача 77 264 маймунчечак касаллиги ва 36 ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилган.