Германиядан хат

Германиядан хат

Берлиндан “Кўмак” уюшмасининг бошлиқлари отига қуйидаги хат олинди: “Тошкентдан олинган бир хатда Оврупога талабалар юбормоқ учун сизларнинг бир уюшма тузганингизни ўқидим ва теримга сиғмайдирган даражада суюндим.

Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман.

Илм маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда. Бошқаларга ҳасад сезгисини уйғотмоқда эди. Мана сизларнинг бу хайрлик муборак ташаббусингиз бир йилдан бери кулмаган кўнглимни кулдирди ва руҳимга жон берди.

Сиз жон ўртоқларимнинг вазифаси Туркистондан талаба юбормоқ бўлса, бу талабаларни ерлашдирмак ва бу ердан сизга лозим бўлган маълумотларни бермак, албатта, меним вазифамдир. Фақат шуларни ҳам эсимиздан чиқармайликким, бу кунгача бу мақсадга етмак учун жуда кўп уюшмалар, тўдалар тузилганди. Таассуфга қарши ҳеч бири ҳам муваффақ бўла олмасдан йўқ бўлиб кетдилар.

Албатта, бунинг учун мазкур уюшмаларнинг бошлиқлари, аъзолари билан замон ва муҳит масъулдир. Шунинг учун “Кўмак” уюшмасига унинг аъзо ва бошлиқларига бирдан-бир тавсиям шулдирким, замон ва муҳитни диққатга олиб ҳар турлик йўқликларга ва йўлимиздан чиққан монеъларга кўкрак кериб қўрқмас бир кўз, титрамас бир иймон, чарчамас бир вужуд билан чолишингиз ва уюшмага тилак (идеал) деб ёпишингиз. Шул доирада иш қилинса, менимча албатта, мақсадга етмак мумкин бўлур. 

Берлин зироат академияси тошкентлик 
Абдуваҳҳоб Мурод талабаларидан

Қизил байроқ. 1922 йил 29 июль.