“Бюджет ҳисобига суратга олинган кинолар бизнесга эмас, халқимиз тафаккурини оширишга хизмат қилиши керак...”

“Бюджет ҳисобига суратга олинган кинолар бизнесга эмас, халқимиз тафаккурини оширишга хизмат қилиши керак...”

Янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча бўлиб ўтган биринчи ялпи мажлиси аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси билан бошланди. 

Маълумки, Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида сайлов кампанияси даврида партиялар томонидан илгари сурилган ва халқимиз қўллаб-қувватлаган ҳар қандай таклиф ва ташаббуслар, албатта, кўриб чиқилиши ва амалга оширилиши қайд этилган эди. 

Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасида маданий ҳордиқ масканлари, уларнинг ерлари ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотларни бегоналаштириш, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни таъқиқлаш назарда тутилган. Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун ҳатто жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, янги қонун лойиҳаси билан энди “ботаника боғлари” муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиляпти. “Ботаника боғлари” ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш ҳам таъқиқланмоқда.

Маълумотларга қараганда мамлакатимиздаги 184 та истироҳат боғи 944 та бино-иншоот қурилган бўлиб, 18 та истироҳат боғидаги 91 та қурилма қонунга зид тарзда қурилган. 98 та истироҳат боғларида эса 1 248 та аттракцион ноқонуний ўрнатилган. 

Қизғин муҳокамалардан сўнг ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди ва шундан кейин депутатлар мажлис кун тартибига киритилган асосий масала –  “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. 

Маълумки, сўнгги йилларда дунёдаги нотинч геосиёсий вазият глобал иқтисодий ўсишга ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Аксарият давлатларда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари секинлашаётган бир пайтда, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш имконини бераётгани эътиборга молик. Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинаётган бўлса, 2026 йилда 6,1 фоизга, 2027 йилда эса бу кўрсаткичнинг 6,3 фоизга етиши кутиляпти.

Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида давлатнинг фуқаролар олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларини бажариш учун етарли миқдорда маблағ ажратилган, шу жумладан, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш ҳамда инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида 2025 йил учун асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш, “Яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш орқали даромадлар базасини кенгайтириш, бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик, солиқ, божхона ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Депутатлар келгуси йилдан бошлаб ташаббусли бюджет жараёнида мажбурий овоз тўплашга қарши аниқ чоралар белгиланганини ҳам қўллаб-қувватладилар. Муҳокамаларда фракция раҳбарлари томонидан бюджет даромадларини ошириш, солиқ базасини янада кенгайтириш, яширин иқтисодий фаолиятни қисқартириш, бюджет маблағларидан фойдаланишда самарадорлигини ошириш юзасидан ҳам аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг фракцияси йиғилишида ҳам 2025 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилган эди.

Жумладан, депутат Азамат Пардаев 2025 йили Бюджетномада миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсидаги телеканалларга 12 млдр сўм миқдорда субсидия ажратиш режалаштирилганига эътибор қаратиб, бу маблағ телеканалларга қандай тақсимланиши масаласини кўтарганди.

– Маълумки, кейинги йилларда миллий телеканалларимиз асосан маиший мазмундаги сериллар ишлаб чиқариш билан чекланишяпти, холос. Тўғрисини айтсак, бундай сериаллар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатяпти. Айримларини оила даврасида кўриб ҳам бўлмайди. Шу маънода, ажратилаётган маблағ қай даражада ўзини оқлаяпти, халқимиз кутаётган миллий сериаллар ишлаб чиқаришга ёрдам бера оладими, – деди депутат.

Азамат Пардаев, шунингдек, партиянинг сайловолди дастурида уч ёшгача бўлган болалар учун умуммиллий қадриятларга таянган миллий видео маҳсулотлар контентини яратиш таклифи илгари сурилганидан келиб чиқиб, Бюджетномада бу муҳим вазифа учун маблағ ажратилмаганига эътироз билдирди. Депутатнинг таъкидлашича, бугун фарзандларимиз томоша қилаётган телемаҳсулотларнинг 90 фоиздан кўпи хорижда ишлаб чиқарилган.   

Фракция раҳбари Алишер Қодиров ҳам ушбу эътирозларни қўллаб-қувватлаб, давлат бюжети ҳисобидан халқимизнинг тафаккурини ўзгартиришга хизмат қилаётган миллий кинолар асосан кинотеатрларда намойиш қилинаётганини таъкидлади.

– Нима учун давлат пулига ишланган бундай фильмлар миллий телеканаллар орқали халққа намойиш қилинмаяпти? Ваҳоланки, бу маблағларга яна бюджетга қайтариш талаби қўйилмаган бўлса. Маблағ бизнес қилиш учун эмас, халқнинг тафаккурини ошириш учун ажратилаяпти-ку, – деди Алишер Қодиров. 

Баҳодир Маматхонов эса мактаблардан ташқари ташкил қилинаётган тўгараклар учун кам таъминланган оилалар фарзандларига 500 млрд.га яқин маблағ ажратилаётганини қўллаб-қувватлаб, бу маблағ нималарга сарфланиши масаласини кўтарди. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили бу янги харажат тури эканини таъкидлаб, умумтаълим мактаблари ўқувчиларини IT, хорижий тил ва касбга ўқитишга йўналтирилиши, сарфланиш механизми эса энди ишлаб чиқилишини маълум қилди. 

Фракция аъзолари томонидан бу борадаги ёндашувларни ўзгартириш таклифи билдирилди. Бу маблағ фақатгина кам таъминланган оилалар фарзандлари учун эмас, барча болалар учун бирдек сарфланиши лозим. 

Фракция йиғилишида тиббий жиҳозларни “Очиқ бюджет” орқали сотиб олиш амалиётидан воз кечиш таклифи ҳам билдирилди. 

Шерзод Тўхташевнинг таъкидлашича, сайловлар жараёнида аҳоли билан бўлган учрашувларда шу нарса аён бўлдики, аксарият касалхоналарда муҳим бўлган замонавий лаборатория жиҳозлари йўқ ва уларни харид қилиш учун катта маблағ талаб этилади. Аммо тиббиёт ходимлари лаборатория жиҳозларини олиш учун “Очиқ бюджет” орқали овоз йиғишга мажбур бўлишяпти. 

– Ваҳоланки, бундан фуқаролар азият чекишаётган экан, бу амалиётдан воз кечиб, керакли жиҳозларни сотиб олиш бюджетдан молиялаштирилиши лозим, – деди фракция аъзоси. 

Қизғин муҳокамалардан сўнг 2025 йилга мўлжалланган Бюджетнома фракция томонидан концептуал қўллаб-қувватланди.