“Биз бир бўлсак ягона халқмиз- бирлашсак Ватанмиз!” 

“Биз бир бўлсак ягона халқмиз- бирлашсак Ватанмиз!” 

“Гул бир ён, чаман бир ён,
Гўрўғли султон бирён,

Тўра Сулаймон бир ён” деган бахшиёна мисралари билан маърифатпарвар элимиз ифтихорига айланган халқ шоири Тўра Сулаймон ҳақида етук олимларимиз бекорга “Тўра Сулаймон шеърларини, маънавий меросини ўқиб ўрганиш Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёшларнинг асосий вазифасидир деб бекорга айтишмаган.

 “Қанча қонинг бўлса Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар!”, деб ҳайқирган ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси Ҳалима Худойбердиеванинг номи ҳам Сирдарёни нафақат Марказий Осиёга, балки бутун дунёга танитган.

Шеър юрагидан дарё бўлиб оққан, юртдошларининг юрагига, онг-у шуурига Ватанни, миллатни, эл-у юртни севишга ўргатган азиз устоз ижодкорлар юртида ўтган “Маънавият” фестивалларида ҳар икки инсоннинг бири бахши, шоир, бири сўз заргари эканини яна бир бор англадик.

Маданият ва санъатимиз, гўзал адабиётимизнинг турфа саҳифаларини бойитаётган мана шундай сўз заргарлари Абдуқаюм Йўлдошев, Ҳаётхон Ортиқбоева, Баҳор Холбекова, Муҳаммад Исмоил сингари оловқалб шоир-у ёзувчиларнинг Ватани ҳам Сирдарёдир!

Эсимда жорий йилнинг 16 апрелида Маънавият ва маърифат марказининг “Маърифат тарғиботчилари” жамияти аъзолари Сайхунобод тумани маънавият ва маърифат масканида “Маърифат боғи” ташкил қилишган, ўшанда таниқли олимлар, шоирлар, санъаткорлар павлония, япон сакураси сингари манзарали дарахтлар экишган эди.
Таниқли олим, социология фанлари доктори Мансур Бекмуродов ўз дарахтини экаётганда “Болаларим, биз меҳр дарахтини, эзгулик, маърифат дарахтини экяпмиз, бир кун келиб набираларимиз уларнинг соясидан баҳраманд бўлишади, эккан инсонлардан миннатдор бўлишади. Маънавият ва маърифат ҳам меҳр ва эзгулик билан қалбларда зиё яратади. Ҳар қалбда Ватанга муҳаббат мана шу нодир хислатлардан бошланади” дегандилар.

Оддий кўчатдан шовуллаган яшил дарахтлар маконига айланган боғнинг қаршисида уч минг йиллик тарихга эга илму фан, маърифатимиз дарғалари буюк мутафаккирлар, жадид боболаримиз, Янги Ўзбекистон ислоҳотларида маънавиятнинг, маърифатнинг ўрни ҳақидаги паннолар, эзгу битиклар ёзилган лавҳалар қад кўтарганини кўриб, устознинг ўша кунги ниятлари кўз олдимиздан ўтади.

Боболаримизнинг “Кўчат экиб, боғ ярат, ортингдан боғ-у бўстон қолсин!” деган сўзлари томорқалардан унумли фойдаланиш, оила фаровонлиги мустаҳкамлаш ва оила аъзоларини иш билан банд қилиш борасида Сайхунобод тажрибасини кенг ёяётган сайхунободликларнинг маърифат боғлари, адабиёту санъат боғлари гуллаб яшнайверсин!

Янги Ўзбекистон фидойилари

Яқинда давлатимиз раҳбари Қурбон ҳайити муносабати билан Маккаю Мадинада бўлиб турган Мусулмонлар идораси раиси муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефонда гаплашиб, зиёратчи ҳожиларимизга эзгу ниятлар тилаганлари кечагидек ёдимизда. Президентимизнинг табрикларига жавобан Муқадас Ҳаж сафарини зиёрат қилган 15 минг юртдошимиз Арафот водийсидан туриб, Президентимизга мурожаат йўллаганлари учун миннатдорчилик билдириб, энди ёшларимизнинг баркамол тарбияси йўлида маҳалла оқсоқоллари ва тарғиботчиларга ёрдам бериб, оила ва фарзандлар тарбиясида олдинги сафларда туришга ваъда беришганди. Ва, “Биз ўзбекистонлик ҳожилар юртимизга қайтганимиздан кейин Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз!” дегандилар. 

Айни ташаббус сари илк қадамлар ташланиб,  Гулистон шаҳрида “Биз бир бўлсак, ягона халқмиз, бирлашсак, Ватанмиз!” шиори остида бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон фидоийси” мавзусидаги илк маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди. Унда таниқли олимлар Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда Равшанбек Маҳмудовлар сўзга чиқиб, тарғиботчи ҳожилар учун тайёрланаётган қўлланма тақдимотида оилавий қадриятлар, миллий анъаналарга содиқлик, ёш оилаларни сақлаб қолиш борасидаги қатор тавсиялар ҳам ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Оқолтин тумани “Кўркам авлод” маҳалла оқсоқоли Рустам Аҳмедовнинг бугунги тамаддун жараёнларини намоён этувчи маскан – маҳалланинг ўрни, “Ўн болага битта мураббий” лойиҳасининг катта фойда бераётгани, маҳалла ҳалқ билан мамлакат ўртасидаги ишонч кўприги сифатида хизмат қилишида ҳожи оталарнинг, ҳожи оналарнинг хизмати беқиёс бўлиши кераклиги ҳақидаги, “Наврўз” маҳалласи раиси Мақсуда Жўраевнинг оила мустаҳкамлиги - жамият мустаҳкамлиги, оила тинчлиги - жамият тинчлиги, оила фаровонлиги - жамият фаровонлиги, оила аҳиллиги - жамият аҳиллиги ҳақидаги фикрлари барча ҳожиларнинг дил сўзларидек жаранглади гўё.
Маълумки, Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан “Маҳалла еттилиги” жорий этилиб уларнинг асосий вазифалари белгилаб олинди,”Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаолияти ташкил қилинди. 

Гулистон шаҳар “Улуғобод” маҳалласи фаоли Санобархон Сайидаҳмедова ва “Намуна” маҳалласи оқсоқоли Абдужаббор Йўлдошевларнинг “Уч авлод учрашуви”, “Инсон қадри” лойиҳаларида биз тарғиботчилар билан ёнма-ён туриб, эҳтиёжманд, бемор юртдошларимизга билдирган ҳурмату эъзозларида, “Оқ олтин “ тумани Навоий маҳалласидан Аҳмадилло Зиёевнинг дуоларида, Гулистон тумани “Шарқ ҳақиқати” маҳалласи фуқароси Тўрахон ота Холмуродовнинг пок ниятларида бугунги ислоҳотларда фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг саломатликларини тиклаш, рўзғорларидан хабар олиб, уларнинг оилаларига яхшилик улашаётган тарғиботчиларнинг ибратли ишлари тилга олинди.

Мурувватхон ҳожи она Тожибоеванинг 7 нафар фарзанди, 14 невара, 14 чевараси бор, тўй қилса ҳовлисига одам сиғмайди, оғир куни бўлса маҳалла аҳли ёнма-ён, онанинг турмуш ўртоқлари марҳум Ҳожимирза бобо Тожибоев Мирзачўл далаларида меҳнат қилиб, саҳрони гулистонга айлантирган бободеҳқонлар қаторида ҳурмат билан тилга олинади, ҳожи онанинг хонадонларидаги райҳон тўла гулзорлар қалбга роҳат бағишлайди, Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнованинг, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тошпўлатовларнинг қўшиқ, куйлари маҳалла аҳлининг байрамига айланиб кетди гўё.

Ўзимизнинг Бону опа

“Болаларингизга китоб ўқишни ўргатинг, қолганини китобни ўзи ўргатади, зотан китоб хиёнат қилмайдиган, сотмайдиган содиқ дўстдир”, дейишади олимлар. Энг катта бойлик – китоб, илм саналса, энг тансиқ мерос – бу яхши тарбия, тарбияда эса ота-она мактаби биринчи ибрат мактаби бўлади.

Янгиер шаҳридаги “Наврўзобод” маҳалласида яшовчи Абдуқул ака ва Бону опа Маматовлар хонадонидаги 3000 китоб фондига эга оилавий кутубхонада жаҳон адабиёти, мумтоз, Шарқ адабиёти, болалар адабиётининг ёрқин намуналарини, китобхонлик ва мутолаа маданиятига ҳавасманд ўқувчи болаларни кўриб, бир оиланинг маърифат борасидаги тадбирларидан ҳайратда қоласиз.

– Самосвал ҳайдардим, ҳайдовчи эдим,-сўз бошлайди Абдуқул ака,– йўлим тушиб, қишлоқ кутубхонасига кириб қолдим. Ўша пайтларда Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг китобларини мароқ билан ўқирдим. Кутубхонада қош кўзлари қоп-қора, сочлари узун кутубхоначи қизни учратдим, яна унинг ёнига бориш учун эса олган китобларимни икки-уч кунда ўқиб, тез қайтарардим. Келинойингизни кутубхонада топганман, шунгаям қирқ йил бўлади яқинда. Тўйдан кейин онам Қумрихон ая бетобланиб, ётиб қолдилар, тўрт фарзанди бўлишига қарамай, онамга чин юрагидан меҳр билан қараган келинойингиз ишга боролмай қолди. Шунда Бонухонга уйда кутубхона очиб бераман, деб ўз-ўзимга ваъда бергандим. Мана кўриб турибсиз, уйимизда кун-у, тун китобхон-у, спортчи ёшлар.

“Бону опа” зиё масканимизда ёш спортчи болалар, адабиёт ихлосмандлари, тикув-бичув цехида 15 нафар кам таъминланган оила фарзандлари ва “Янгиер бувижонлари” ҳаваскорлик ансамбли фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратдик. Ҳар ҳайитда 15-20 нафар болаларга ҳайитлик улашамиз, янги ўқув йили, янги йил муносабати билан оилаларга йўқловлар ташкил қиламиз, – дейди Бону опа. – Оиламиз вилоятда “Маърифатли оила” кўрик-танловининг ғолиби ҳам бўлган. Сирдарёда ўтган “Йил аёли” танловида ҳам олий ўринга сазовор бўлдим, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибасиман. Ҳаммаси меҳнатнинг ортидан, маҳалладошларимнинг қўлловидан-да!

Абдуқул ака билан Бону опанинг суҳбатларини тинглаб туриб, муқаддас Ҳаж амалини адо этиш учун маблағ йиғиб, мана шу маблағни маърифат улашиш учун сарфлаётган икки зиёли инсонга ҳавасим келди, “умрингиздан барака топинг” дейилган мўътабар дуо мана шундай беназир инсонлар учун айтилган дуо эканига амин бўлдик!

Гул-у райҳонга бурканган шинам хонадондан қайтар эканмиз, Шодигул Саидова бошчилигидаги “Бувижонлар” гуруҳи аъзоларининг оҳиста овозлари кўнглимизни яйратади:

Сирдарёнинг ул юзида уйларингиз-ей,
Оқаришиб кўринади бўйларингиз-ей.....
***

Гулистон тумани ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси, Ҳамид Олимжон маҳалласи фуқароси Анна Александрова туманда ўтаётган маънавий-маърифий тадбирларда ўзбек тилида қўшиқ куйларкан. “Ўзбекистон-Ватаним маним”, “Улуғимсан Ватаним”, “Сумбула”ни талабалари билан қўшилиб ижро этаркан. Рус қўшиқлари “Катюша”, “Ден победы”, “Течёт река Волга”, “Нам нужен мир” қўшиқларини гулистонлик болаларга ўргатиб, ифтихор билан “Мен Ўзбекистонлик эканимдан фахрланаман” деркан.

Миллатидан, динидан қатъий назар, Ўзбекистон меники, бизники деб яшаётган кўпмиллатли Сирдарё одамларининг изҳорлари дафтарларимизни безайди, таниқли сиёсатшунос Мансур Юнусов эса “Қаранг опа, ҳар юракда Ватан сурати бор, ҳар қўшиқда Ватаннинг ранги”,– деб бошлайди маърузасини.... 

Арслон юракли шоира номи билан

Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева номи билан аталувчи Гулистон шаҳридаги 150 ўринли ижод мактабида илму ижод билан шуғулланаётган болаларнинг алоҳида зафарлари, ютуқлари бор, “Ижод боғида гулдаста” ўқувчилар баёзларида назм ва наср йўналишларида 34 нафар ўқувчининг ижодий ишлари чоп эттирилгани, мактаб ўқувчилари Зулҳаё Мингбоеванинг “Кўклам қўшиғи”, Муштарийнинг “Меҳр гуллари”, Сурайё Абдунабиеванинг “Бахт байроғи”, Дилафрўз Ғофурованинг “Қуёш ишқи”, Ситора Наимжоноваларнинг “Кулчамни кулгичи” номли биринчи китобларини қўлга оларкансиз, Ҳалима опа бошлаган қутлуғ сўз йўлини давом эттираётган хассос ижодкорларнинг шеърларига жўр бўласиз. 

Дилноза Жабборова, Азиза Раҳматуллаева, Гулсанам Эшқулова, Рушана Олимоваларнинг эса қатор республика танловларида олий ўринга эришганлари “Оққан дарё оқаверади” ҳикмати билан Ҳалима опа бошлаган катта адабиёт йўлига дадил интилаётган илму назм, наср соҳибаларининг дадил ғалабаларидан дарак беради!
Пок ниятли Сирдарёдир бу!

Дунёдаги энг улуғ байрам бу – Ватан озодлиги байрамидир. Ватаннинг мустақиллик байрами муносабати билан республикамиз бўйлаб ўтаётган “Маънавият фестивали”да ҳар бир сирдарёликнинг бугунидан шукроналик, эртасидан кўнгли тўқлиги билиниб турибди.

Мирзаободлик ижодкор, “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ғолиби, адабиёт йўналишида “Мард ўғлон” кўкрак нишони совриндори, Гулистон университети талабаси Ёрқинжон Ҳайитбоевнинг жаҳон ва ўзбек адабиёти, жаҳон санъати ва маданияти борасидаги таҳлиллари Янги Ўзбекистон ислоҳотларида ёшларга берилган кенг имкониятлари ҳақида сўзлайди, Сирдарёнинг эртанги кунги эгаларининг чинакам эгаларининг ёрқин ниятлари ва ишончлари бўлиб янграйди.
Ҳа, азим Сайхун бўйидаги навқирон воҳа одамлари байрамни мана шундай кайфиятда кутиб олмоқдалар!