Китоб ўқи ва жазо муддатини қисқартир!

Китоб ўқи ва жазо муддатини қисқартир!

«Миллий тикланиш» демократик партияси бир неча йилдирки маҳбусларни китоб ўқишга рағбатлантириш орқали, уларнинг жазо муддатини қисқартириш таклифини илгари сураётган эди. 

Куни кеча партия фракцияларида маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилиниб, бир овоздан маъқулланди.

Қонун ташаббускорлари «Миллий тикланиш» таклифи мунтазам кўтарилганини эътироф этиб, лойиҳанинг қабул қилиниши маҳкумларни ижтимоий фойдали машғулотларга жалб этиш орқали ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб этиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича қуйидаги чораларни назарда тутувчи янги моддани киритиш таклиф этиляпти ва бу норма фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан қўлланиладиган бўляпти. Т

асдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган маҳкумнинг жазо муддати 3 кунга қисқартирилади. Бошқа маҳкумлар учун китоб ўқиганлик жазо муддатини қисқартириш имконини бермаса-да, бу жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида инобатга олинишини белгиланяпти.

Маҳкумлар ўқийдиган адабиётлар рўйхати Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланади. Бунда ҳар бир маҳкумга бир йилда кўпи билан 10 та китобни ўқиганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тегишлича камайтирилишига йўл қўйилади.

Маҳкумнинг китоб ўқиганлиги факти бундай шахс томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) минтақавий вакиллари, прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати, адлия органлари вакиллари, педагоглар, шунингдек, жазони ижро этиш маъмуриятидан иборат комиссия ҳузурида муваффақиятли имтиҳон топшириш орқали тасдиқланади.

Комиссия қарори маҳкумнинг шахсий йиғма жилдига қўшилади ва нусхаси унинг адвокати ҳамда прокурорга юборилади. Имтиҳон ўтказиш бўйича комиссия мажлисларини бир йилда камида бир марта ташкил этиш жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти зиммасига юклатилади.
Бу борада хорижий тажрибага тўхталадиган бўлсак, Бразилия қамоқхоналарида «Ўқиш орқали озодлик» деб номланган ўқув дастури бўлиб, маҳбуслар китоб ўқиш орқали жазо муддатини қисқартиришга эришишлари мумкин. Яъни, маҳбуслар йилига 12 та китобни ўқиб чиқиб, панжара ортида ўтказадиган вақтларини 48 кунга қисқартиришга эришади.

Ҳар бир ўқилган китоб учун маҳкумлар жазо муддатини 4 кунга қисқартиришлари мумкин. Маҳбусларга ҳар бир китобни ўқиш учун тўрт ҳафтагача вақт берилади. Сўнгра улар тўғри шаклланган ва малакали иншо ёзишлари керак. Шундан кейингина махсус комиссия маҳбусларга «жазо муддатини қисқартириш»га рухсат беради. Италия ва Боливияда ҳам 2012 йилдан бошлаб жазо муддатини ўтаётган шахсларга китоб ўқиганлиги учун жазо муддатини қисқартириш тартиби бор.  

Йиғилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидлаганидек, сўнгги йилларда сотувчилар томонидан жисмоний шахсларга товарларни келишилган муддатда етказиб бермаслик ҳолатлари кескин кўпаймоқда. Мисол учун, ўтган йили биргина автомобил олди-соттиси бўйича шартномада кўрсатилган мудатга риоя қилмаслик бўйича 5332 та ҳолат қайд этилган. Умуман олганда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтган йили 30 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 33 фоиздан ортиғи истеъмолчилар томонидан сотиб олинган товарларнинг келишилган муддатда етказиб берилмагани билан боғлиқ. 

Бундай ҳолатларнинг кўпайишига амалдаги қонунчиликда сотувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланмагани сабаб бўлмоқда. Айнан ушбу қонун лойиҳаси билан қонунчиликдаги бундай «бўшлиқ» тўлдириляпти. Энди бундай ҳолатларда мажбуриятни бажарилмаган қисмига пеня тўлаш белгиланяпти. Бунда пенянинг умумий суммаси етказиб берилмаган товар баҳосининг 100 фоизидан ошиб кетмаслиги, пеняни тўлаш шартнома мажбуриятларини бузган тарафни товарларни етказиб бериш муддатларини кечиктириб юбориш, тўлиқ етказиб бермаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашдан озод этмаслиги назарда тутиляпти.

Фракция аъзолари истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш ва маромига етказиш бўйича бир қатор таклифлар беришди. Айрим нормалар бўйича асосли саволлар кўтарилди. Масалан, фракция аъзоси Дилноза Азизова бу норма фуқароларга электр энергия, сув ва газни ўз вақтида етказиб бермаган идораларга ҳам қўлланиладими, деган масалани кўтарди.

– Бугун халқимиз норозилигига сабаб бўлаётган масала бу – коммунал хизматлар билан боғлиқ. Айрим ҳудудларда электр энергия ва газ етказиб беришда узилишлар оддий ҳолга айланиб қолди. Тегишли идоралар аҳолини огоҳлантириш ҳақида ўйламаяпти ҳам. Албатта, бу ҳам истеъмолчилар ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Шу маънода, қонунчиликдаги бу ўзгариш коммунал хизматлар учун ҳам ишлайдими? – деди депутат.  

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вакили бу норма коммунал идораларга ҳам тегишли бўлишини, бу бўйича алоҳида ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. 

Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамасида тил билан боғлиқ масала кўтарилди.

Фракция аъзоси Сайёра Жумаева лойиҳада «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишонининг номи рус тилида ҳам («Почетный донор Республики Узбекистан») берилаётганига эътироз билдирди.

– Қонун лойиҳаси ўзбек тилида бўлса, нишоннинг номини рус тилида келтириш қанчалик тўғри? – деди Сайёра Жумаева.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров Сайёра Жумаева фикрини қўллаб-қувватларкан, қонун ташаббускорлари наҳот норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат ўзбек тилида тайёрланишидан, қолаверса, Ўзбекистонда орден-медаларни  тайёрлашда аллақачон бир тилликка ўтилганидан хабари бўлмаса керак, деган мазмунда эътироз билдирди.

– Агар бу хатолик тузатилмаса, фракция қонун лойиҳасига қарши овоз беради. Ўзбек тилидаги қонунларнинг биронтасида бошқа тилдаги сўзлар ишлатилмаслиги шарт. Тилимизни аввало ўзимиз ҳурмат қилмасак, бошқалар ҳеч қачон ҳурмат қилмайди, – деди Алишер Қодиров.

Фракция аъзоларининг қийин-қистовларидан кейин қонун ташаббускорлари нишоннинг рус тилидаги таржимасини олиб ташлашга рози бўлишди. Шу шарт билан қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.