Қачон ўқийдиган миллат бўламиз?!

Қачон ўқийдиган миллат бўламиз?!

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Бугунги кунда жамиятимизнинг юзини қора қилувчи пасткашлар, ёмонлар, бебошлар, ўғрилар, гиёҳвандлар ва нашавандлар кечаги тарбиясига эътибор берилмаган болалардир”, деган фикри тарбия масаласининг жуда қўҳна мавзу эканини кўрсатади. 

Ахборот технологиялари, хусусан, интернет нафақат катталар, балки болалар ҳаётининг ҳам ажралмас қисмига айланиб улгурган, “Оммавий маданият” ниқоби остидаги маънавий таҳдидлар миллат маданиятига, анъанавий ва аҳлоқий қадриятларига дахл қилаётган, аксарият ҳолларда ижтимоий тармоқлардан жамият ривожи ва тинчлигига раҳна солишга қаратилган ғаразли мақсадларда фойдаланилаётган айни кунларда ҳам ушбу масала ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Маълумки, бола тарбиясидаги энг самарали воситалардан бири бу китоб мутолаасидир. 

Бугунги глобаллашув,  тезкор ахборот алмашинуви даврида ёшлар китоб ўқимай қўйди, деган иддаолар тез-тез қулоққа чалинади. Менимча, бу фикр ҳақиқатдан анча узоқ. Бугунги  ёшлар интернет орқали  аввалгидан-да кўпроқ ўқишяпти. Бу жуда яхши, албатта.  Лекин улар нималарни ўқишяпти, деган саволга афсуски ҳар доим ҳам асосли жавобимиз бўлавермайди. Ваҳоланки, биз учун энг муҳими, ҳали онги, тафаккури ва дунёқараши тўлиқ шаклланмаган болаларнинг нималарни ўқишидир. 

Зеро, мутолаа болаларни овутиш, зериктирмаслик, бўш вақтини мазмунли ўтказишгагина эмас, улар қалбига инсоний фазилатларни сингдиришга хизмат қилиши керак. Бола миллий ва  умуминсоний ғоялар улуғланадиган адабиётларни ўқиса, маъносини уқиш, тушуниш орқали  ўзлигини англайди, тафаккурини шакллантиради. Лекин тан олайлик: ғарбона, оқава тушунчалар тарғиби акс этган асарлар танлови – бу фожиа! “Кимнингдир фавқулодда ақлий салоҳият  эгаси эканини билсак,  унинг қандай китоб ўқиши билан қизиқишимиз лозим”, деб ёзган эди донишмандлардан бири.

Шунингдек, номақбул кўчаларга кириб қолаётганларнинг ҳам нималарни ўқиётгани жуда муҳим...

Маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 10 182 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, уларда 6 410 119 нафар бола таҳсил олмоқда. Хўш, бугун бизда нашр этилаётган болалар адабиёти, нашрлари ўқувчилар учун етарли бўляптими? 

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, ривожланган мамлакатларнинг аксариятида чоп этилаётган адабиётларнинг асосий қисмини болалар адабиёти ташкил қилар экан. Бизда эса, аксинча ҳолат: 2020-2025 йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган Миллий дастур қабул қилинганига қарамай, болалар ва ўсмирлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш масаласи ҳамон долзарблигича қоляпти.

Ижтимоий тармоқлардан болалар, айниқса, ўсмир ёшдигиларнинг онги, тафаккури, дунёқарашини торайтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлаштириш, иродасини заифлаштириш воситаси сифатида фойдаланишга уринишлар бўлаётган бир пайтда  кутубхоналар сонининг борган сари камайиб кетаётганини қандай изоҳлаш мумкин?!  

Статистика агентлигининг очиқ маълумотлар базасида келтирилган кўрсаткичлар кейинги 20 йилда Ўзбекистондаги кутубхоналар сони 15 баробарга камайганини кўрсатяпти. Шунингдек, аксарият туманлардаги болалар кутубхоналарининг ёпилиб кетгани, мактабгача ва умумий ўрта таълим мактабларида болаларга мўлжалланган бадиий адабиётларнинг етарли эмаслиги  нашриётлар, таҳририятлар ва ижодкорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш лозимлигини кўрсатади. 

2018 йилда 278 минг нусхада чоп этилган болалар нашрлари – “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари, “Гулхан”, “Ғунча” журналларининг обунаси сўнгги йилларда  жами 19 мингдан салгина зиёд бўлгани ёш авлод келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни ташвишга солиши керак.  Ваҳоланки, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш, уларни маънавий хавфлардан ҳимоя қилишда китобнинг ўрни қанчалар муҳим бўлса, болалар ва ўсмирлар нашрларининг аҳамияти ҳам ундан кам эмас. 
PISA ўқувчилар ютуқларини халқаро баҳолаш натижаларига кўра,

Ўзбекистон 2024 йили энг ёмон кўрсаткичга эга давлатлар ўнталигига кирган, 81 та мамлакат иштирок этган танловнинг 2-йўналиши, яъни,  ўқиш саводхонлиги бўйича ўзбекистонлик ўқувчилар 80-ўринни эгаллашган. Бундай уятли натижа учун айбни болалардан эмас, назаримда уларнинг ёши, қизиқишларига мос, маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига тўла жавоб берадиган адабиётларни етарли миқдорда етказиб бера олмаётганимиз учун ўзимизни айблашимиз керак. Бу ҳам етмаганидек, бугун чоп этилаётган айрим ўзбек халқ эртаклари эса болаларни тарбиялашга эмас, аксинча, аҳлоқсизликка ундаётгандек. 

Масалан, “Ямоқчининг қизи ва подшовачча” эртагида “Бир ўпич берсангиз, товоқ-повоғи билан  бераман, - дебди подшовачча. Қиз ҳали ёш экан. Яхши-ёмон гапни ҳали ажратмас экан. Ўпични бериб, бир товоқ ҳолвани олиб уйига қочибди”. 

“Қани, бир ун элаб кўр-чи, агар ун элаганингда кетинг қимирламаса, подшоваччамиз  сени қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй бериб, хотинликка олади...” каби уятли жумлалар келтирилган. 

“Қулоқбой” номли эртакда эса: “Чолнинг хотини ҳомиладор бўлибди. Кунлардан бир кун кампирни тўлғоқ тутибди. Чол шундай қараса, хотини еттита қулоқ туққан эмиш”, деган жумлаларни ўқийсиз. 

“Сумбул билан Гул” эртагида: “Ўгай она Гулнинг ақлли, чиройли бўлганидан  уни яхши кўриб қолган экан. Бир куни у Гулни ёнига чақириб, уни яхши кўриб қолганини айтибди. Гул: “Ойи, мен сизнинг ўғлингиз бўламан-ку, менга шундай гапларни айтишга уялмайсизми?” дебди”...

“Ўзбек халқ топишмоқлари”да топишмоқларда ҳам ғализ, ҳам уятли иборалар ишлатилганига гувоҳ бўлиш мумкин. “Эртаклар – яхшиликка етаклар”, деймизу, лекин сўзимиз ва амалимиз бирми, деган саволга жавобимиз йўқ. Ўзбек халқ эртакларидан яна бири – “Тўқлибой” номли эртак қаҳрамони Тўқли ўгай онаси уни ўлдирмоқчи бўлаётганини билиб қолиб, унинг ҳийла ва найранглари орқали ўз болалари, яъни  ўгай укаларини ўлдириб юборади. Ваҳоланки, эртаклар болаларни жоҳиллик, бағритошлик, қасоскорликка эмас, аксинча, эзгуликка етаклайдиган, меҳрибонлик, раҳмдиллик, кечиримлиликка ўргатадиган восита бўлиши керак эмасми, аслида?!

Бундай мантиқсиз эртак ва топишмоқлар болаларга нима беради, деган ўринли саволга мутасаддилар расман жавоб қайтарадиган вақт келди, назаримизда. Булар ахир халқ оғзаки ижоди маҳсули-ку, дейишингиз мумкин.

Тўғри, лекин халқ ўзи ким?

Халқ - бу сизу биз эмасми? Демак, бу эртак ва топишмоқлар ҳам сизу биздек оддий одамлар томонидан айтилган, ёзилган. Шундай экан, халқ оғзаки ижоди намуналарининг бадиий, тарбиявий аҳамияти нуқтаи назаридан, уларни саралаш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши муҳокамасидан ўтказиб, ёш авлод эътиборига ҳавола этиш шарт айни пайтда.

Биламизки, бугун ижтимоий  тармоқларни тўла назорат қилишнинг имкони йўқ. Бас шундай экан, “Оммавий маданият” ниқоби остидаги маънавий таҳдидлар “қурбони”га айланиб қолаётган ёшларда ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш, ахборот, хабар ва маълумотларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, яъни маънавий иммунитет ҳосил қилиб, уларнинг ижтимоий тармоқларга боғланиб қолишларининг олдини олишимиз керак. Бунда эса мутолаанинг ўрни беқиёс. 
Бу ўта муҳим масала “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳам эътиборидан четда қолаётгани йўқ.  

Партиянинг  2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурида ноширлик – китоб ишлаб чиқариш ва унинг сотилишида қўлланиладиган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар жорий этиш, “Миллий тикланиш” китоб жавони” лойиҳаси доирасида таълим хорижий тилларда олиб бориладиган мактаблардаги кутубхоналар фондини давлат тилидаги бадиий адабиётлар ҳамда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга бағишланган илмий-оммабоп рисолалар билан бойитиш, бундай мактаблар ўқувчилари ўртасида давлат тилида “Ким кўп китоб ўқийди?” танловларини мунтазам ўтказиб бориш, ёшларни китобхонликка қайтаришга қаратилган “Фақат китоб ҳақида”, “Китобсевар миллат”, “Оила кутубхонаси” каби вазифа ва йирик лойиҳалар белгилаб олинди. 

Яқинда эса “Аёллар ва Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Болалар китобхонлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилиб, унда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти, Республика болалар кутубхонаси, бир қатор нашриётлар, болалар ёзувчилари, болалар ва ўсмирлар нашрлари бош муҳаррирлари ҳамда ОАВ вакиллари билан болалар адабиётини ривожлантириш, болаларимизни китобхонликка қайтариш учун, ўқийдиган миллат бўлишимиз учун нималар қилишимиз керак, деган саволларга жавоб изланди.

 “Янги аср авлоди” нашриёти директори Эркин Абдураҳмоновнинг фикрича,  Туркия, Италия, Испания, Япония каби давлатларда чоп этилаётган адабиётларнинг  70 фоизини болалар, 30 фоизини эса катталар адабиёти ташкил этади. Бизда эса аксинча, болалар адабиётининг улуши 15-20 фоиздан ошмайди. 

Жуда кўп кузатганмиз: ота-оналар томонидан фарзанд тарбиясига оид кўплаб китоблар сотиб олинадию, аммо болаларнинг ўзи ўқиши керак бўлган китобларга деярли эътибор қаратилмайди... Бунга болаларга мўлжалланган китобларнинг қимматлиги ҳам сабаб бўляпти. Чунки, болалар адабиёти учун муаалифлардан ташқари кучли таржимонлар, рассомлар хизмати керак бўлади. Бугун бозор расталаридаги арзон нархдаги сифатсиз китобларда эса мазмун учун ҳам, сифат учун ҳам жавоб берилмайди. 

Демак, китоб ўқийдиган миллатга айланишимиз учун биринчи навбатда болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, болалар адабиётини нашр қиладиган нашриётлар ва болалар адабиётини сотувчи дўконларга солиқлардан имтиёзлар, преференциялар бериш, уларни божлардан озод қилиш керак. 

“Болаларга мўлжалланган китоблар мукаммал даражада чоп этилмаса, сўрови ҳам шунга яраша оғир бўлади. Лекин шунга қарамай, айнан бугун энг сифатсиз, қийшиқ китобларни ҳам айнан болалар китобларининг орасида учратяпмиз”, - дейди “Академнашр” нашриёти директори Cанжар Назаров. 

“Алифбе” китобини  чиқармоқчи бўлиб бозор талабларини  ўрганганимизда: “Ҳозирда чоп этилаётган “Алифбе” китобларига ўхшаб қолмаса бўлди”, деган жавобни олдик. Чоп этилган “Алифбе” китобларини кўздан кечирсам, уларда мутаносиблик йўқ, сифати жуда паст эди. Айни пайтда бундай ҳолатларга барҳам беришга қаратилган ҳаракатларимиз бор.        

“Асахий” интернет-дўкони асосчиси Фирузбек Аллаевнинг айтишича, болалар адабиётини ривожлантириш учун биринчидан, кутубхоначилик касбини қайтадан кўриб чиқиш керак. Ҳозир улар энг паст маош оладиган, асосан раҳбариятнинг буйруғини бажарадиган нотўғри “КПИ” билан ишлайдиган қатламга айланиб қолганлар.

Кутубхоначига “КПИ” қилиб, кўпроқ болани китоб ўқитиш эмас, китобларни янги ва тоза сақлаш вазифаси қўйилган. Натижада кутубхоначи бугун боланинг китоб ўқишидан эмас, кутубхонада китобларнинг жой-жойида туришидан, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўқилмаслигидан манфаатдор. Кутубхоначининг вазифаси китобларни қўриқлаш эмас, болаларга ўқитиш бўлиши керак.

Иккинчидан, кутубхонада жонкуяр, китобнинг, мутолаанинг қадрини тушунадиган кадрлар ишлаши учун кутубхоначиларнинг маошини камида инглиз тили ўқитувчиси даражасида ошириш керак. Чунки, китоб ўқишнинг аҳамияти инглиз тилини ўрганишдан кам эмас!

Учинчидан, адабиёт дарсларининг методикасини қайтадан кўриб чиқиш вақти келди. Адабиёт муаллими болани кўпроқ китоб ёдлатиб, тестга тайёрлайдиган эмас, болага китоб ўқитадиган муаллимга айланиши керак. Токи бола Абдулла Қаҳҳорнинг туғилган йили ҳамда асарлари номини ёдлаш ўрнига, унинг асарларини ўқиб, тушунишга ҳаракат қилсин. Бу ҳам миллий дастурсиз, мутахассисларсиз, камида ўн йилларсиз амалга ошмайдиган жараён. Бунинг учун ҳатто адабиёт фанидан ўтказиладиган тестларни бекор қилишимизга ҳам тўғри келиши мумкин. 

Учинчидан, соҳага ижтимоий буюртмаларни кўпайтириш керак. Шу йили биз болалар таҳририятини ривожлантиришимиз учун АОКА ва Журналистлар уюшмаси томонидан бизга бешта китобни нашрга тайёрлаш ишларини давлат гранти қилиб беришди. Болалар адабиёти молиявий томондан ўзини оқламаётган экан, энг тўғри йўл соҳада сифат ва тажрибаси билан ўзини оқлаган нашриётларни тўғридан-тўғри молиялаштириш, грант ва субсидияларни кўпайтириш, китоб яратувчиларга кўпроқ инвестициялар ажратишдир.

– Биз болалар адабиётига тарбиявий эстетик ҳодиса сифатида қараймиз холос, дейди филология фанлари бўйича фалсафа доктори, “Мутолаа”  ойиҳаси Болалар йўналиши муҳаррири Саъдулло Қуронов. Таълим билан боғлиқлиги – бу шунчаки иллюзия, амалда йўқ бу нарса.

Яъни, ўқиш кўникмаси деган тушунча бор. Бу болалар адабиёти асосида ривожлантирилади. Болаларда ўқиш кўникмасини шакллантириш учун эса  биргина Анвар Обиджоннинг китобини ўқитишнинг ўзи етарли эмас. Унинг педогоглар, психологлар ва яна бир қатор мутахассислар томонидан катта бир институтционал тарзда  тайёрланадиган илмий-методик асослари бор. Бизда эса бундай ишланмалар мавжуд эмас. 

Китоб ўқийдиган миллат бўлишимиз учун  бир-бири билан боғлиқ  бўлган қуйидаги учта тамойилга амал қилишимиз керак. Булар:

Биринчидан, болалар адабиётининг таълимий аҳамиятини оширишни эҳтиёж сифатида кўриш керак.

Иккинчидан, ёш ижодкорлар мактабини шакллантириш лозим.

Учинчидан, болалар адабиёти бозорини яратиш керак. 

– Афсуски, бу борада ҳеч бир хусусий нашриёт уюшма билан ҳамкорлик қилмайди, дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши раиси, шоир Ориф ТЎХТАШ. Аслида ҳар бир нашриётда муҳаррирлар гуруҳи мавжуд бўлиши, ҳар бир китобнинг савияси учун масъул муҳаррир жавоб бериши лозим. Агар чоп этилаётган асарнинг мазмун-моҳияти, ғоявий жиҳатларига айнан ижодкорларнинг хулосалари талаб қилингудай бўлса, бу борада Ёзувчилар уюшмаси ҳамиша ҳамкорликка тайёр. 

Болалар ёзувчиси, психолог Муаззам Иброҳимованинг айтишича, библиопсихология бу бола тилини китоб тили билан умумлаштирадиган, матнларни болалар руҳиятига мос тарзда етказиб берадиган алоҳида фандир. Бизда библиопсихологлар йўқ, сабаби библиопсихология фан сифатида ўқитилмаяпти.
 
 
–Мен Туркия тажрибасини ўрганиб,  нашриётларда чоп этилаётган  болалар адабиётининг тили содда, равон бўлиши,  ёш китобхонларга қизиқарли тарзда етказиб берилишига алоҳида эътибор қаратилишига гувоҳ бўлдим. Яна бир ибратли жиҳати, Туркиядаги катта-катта савдо марказларида шанба ва якшанба кунлари китоб ярмаркаларини ташкил этиш йўлга қўйилган. Эътиборли томони, дам олиш кунлари китоблар арзонлаштирилган нархларда сотилади. 

Ёдимда бор, 1979 йил бутун дунёда “Болалар йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Туркияда болалар адабиётига бўлган эътибор янада кучайтирилди. Сабаби, ўрганишлар болалар китобхонлиги камайиб кетганини кўрсатган. Шунда давлат томонидан нашриётларга болалар китобларини кўпайтиришга доир топшириқ берилган, ноширларга катта ҳақ тўланган. Болалар адибларининг  қалам ҳақлари ҳам оширилган, уларнинг ҳеч қандай иқтисодий, ижтимоий масалаларга чалғимай, эркин ижод қилишлари учун  барча шароитлар яратилган. 

Туркияда Болалар адабиёти кенгаши ҳамда Болалар адиблари кенгаши фаолияти йўлга қўйилган.  Яна, Болалар адабиёти прокуратураси, деган тузилма ҳам борки, адибларнинг янги ёзган асарларини энг аввало, шу тузилма аъзолари, яъни, болалар ўқиб чиқишади. Сўнгра асар болалар адиблари муҳокамасидан ўтказилади ҳамда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар, ўзгартиришлар асосида асар қайта таҳрир қилинади. Бундай пухта, мағзи тўқ асарларнинг эса нафақат мамлакатда, балки дунё миқёсида бозори чаққон бўлиши тайин. 

Юқорида таъкидланганидек, 70-, 80-, 90-йиллар болалар адибларининг асарлари мавзуси бугуннинг болалари учун қизиқарли бўлмаяпти,  уларнинг тилини қабул қилишмаяпти. Демак, бугунги ёш китобхонлар учун бошқача ёндашув керак. Болалар китоб ўқимай қўйишди, деган фикрга қўшилмайман. Болалар ўқишяпти, ҳаттоки оғир онкологик хасталикка чалинган болалар ҳам ўқишади. Уларнинг қизиқишларига, руҳиятига мос китоблар етказиб беришимиз, 
 
Ўзим психолог бўлганим учун ўн нафар энг зўр кутубхоначилар билан тренинг ўтказдим. Столга бир нечта болалар китобларини қўйиб, ўзлари истаган жойидан болаларга ўқиб беришларини сўрадим. Ўзим залда ўтирган болаларни кузатдим ва қай бирлари эснаб, бошқалари зерикиб ўтирганига гувоҳ бўлдим.

Ишонасизми, бизга энг зўрлари, деб таништирилган кутубхоначиларнинг  бирортаси болаларнинг кўзини ёндириб ёки уйғотиб юборганини кўрмадим. Хоҳлаган кутубхонангизга боринг, ҳаттоки республика кутубхонасида ҳам боланинг сўраган адабиётини, вой, бу жуда қизиқарли китоб, унинг мазмуни мана бундай, юр, мен сенга уни олиб бераман, демайди, аксинча, бу китоб ҳуув анави жовонда ёки нариги хонада ётибди, бориб олавер, дейишади ва шу тарзда бола билан мулоқот узилади. 
Хулоса шуки, болаларнинг китобдан, мутолаадан йироқлашиб кетишларида кутубхоначиларнинг ҳам айби бор.
 
Юқоридагилардан келиб чиқиб, педогогика институтида библиопсихология кафедрасини ташкил этиш лозим.

Иккинчидан, юртимиздаги катта-катта савдо марказларида миллий тақинчоқлар, миллий либослар савдоси билан бир қаторда китоблар савдосини ҳам йўлга қўйишимиз керак. 

Ситора Усмонова, “Миллий руҳ” болалар креатив китоблари лойиҳаси асосчиси, болалар ёзувчиси:

- Мен Германияда яшайман Ўзбекистонда муаллифлар, таржимонлар мактабининг йўқлиги мени хайратда қолдирди. Ижодкорларни бирлаштирувчи Ёзувчилар уюшмаси мавжуд, лекин китоб чиқариш жараёнига тайёрлайдиган йўналиш йўқ экан. Китобларнинг аксарияти сунъий тафаккур орқали яратилиб, чоп этилаётгани - бу  ҳақиқий фожеа! 

Назаримда муаммонинг илдизи бўлган китоб ишлаб чиқарувчиларни мутахасиссликка тайёрлайдиган олти ойлик  курс ёки мактаб ташкил қилиш керак (бакалавр йўналиши бўлиши шарт эмас). Шунингдек, болалар дунёсини чин маънода ҳис қила оладиган, сўзларига, рангларига, қаҳрамонларига алоҳида эътибор қаратадиган иллюстраторлар мактабини ҳам яратиш керак. 

Улуғбек Жабборов, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти масъул ходими:

– Болаларга китоб ўқитиш учун уларнинг қўлига “Baby's Day Out” (Кичкинтой сайрга чиқди) номли Голливуд фильмига асос бўлган асар ёки  китоб ўқиб одамга айланган робот ҳақидаги “Икки юз ёшли одам”  фильмига асос бўлган асарлар каби мафкураси кучли асарларни тутқазишимиз керак. Бунинг учун эса болалар оламини, уларнинг психологиясини яхши биладиган кучли адиблар керак. Хориждаги кўплаб олий таълим муассасаларида адиблар тайёрлайдиган йўналишлар мавжуд.
Бизда ҳам адабиётшунослик йўналишлари бор, лекин у адабиётшуносларни тайёрлайди.

Менимча, ишни адибларни тайёрлашга ихтисослаштирилган йўналишлар ёки малака ошириш курсларини  очишдан бошлаш керак. 

Болаларга мўлжалланган китобларнинг ижтимоий рекламасини ҳам ташкил қилиш вақти келди назаримда. 

Болалар адабиётининг чин маънодаги фидойилари томонидан куючаклик билан билдирган фикрларни эшитиб, таниқли ёзувчимиз Ғафур Ғуломнинг: “Ҳар гал бозорга борганингизда фарзандингиз учун битта китоб сотиб олиб, уйингизга қўйиб қўйинг. Болангиз унинг устидан сакраб ўтса ҳам ҳеч бўлмаганда битта ҳарфини илиб олади”, деган фикри беихтиёр ёдимизга тушди. Фарзандларимиз эшитганидан кўра, кўрганига кўпроқ амал қилади, деган тушунча мавжуд. Шундай экан, аввало, ўзимиз қўлимизга китоб олайлик, ўқийдиган миллат бўлиш учун ҳаракатни ҳар биримиз ўзимиз, ўз оиламиздан бошлайлик.