ТАЛАБАЛАРГА ҲАМ КУН ЧИҚАР…

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 22 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Табиийки, талабаларнинг ҳаммасини ҳам университет ётоқхонасига жойлаштириш имкони йўқ. Шу боис, олийгоҳ бу муаммога тадбиркорлар билан шартнома тузиб, талабаларни мослаштирилган бинолар, яъни хусусий ётоқхоналарга жойлаштириш орқали ечим топган. Каминага ҳам II босқичда Чилонзор тумани Қатортол маҳалласида жойлашган, аниқроғи, «оптовий бозор»нинг 4 қаватидаги талабалар турар жойи «насиб» қилди. Курсдош қизлар билан бу жойни излаб топиш ҳам саргузаштга бой бўлганди. Чунки бинонинг биринчи қавати озиқ-овқат, иккинчиси кийим-кечак дўконлари, тепа қаватлар эса ётоқхона қилинган экан. 

Куз ойини ёнгинамизда ишлаётган қурувчиларнинг шовқин-сурони билан ўтказдик. Хайрият-эй, қишда қурилиш ишлари тугади, шовқиндан қутулдик, деганимизда иссиқлик тизими ва иссиқ сувсиз қолдик. Хоналар совуқлиги боис, навбати билан шамолладик. Қайта-қайта касал бўлаверганимиздан ҳатто, дорихоначи билан ҳам ўртоқ тутиндик.
Шу шароитга кўниб, жим яшайвердингларми, дерсиз. Йўқ, албатта, ётоқхона масъуллари ва деканатимизга ҳам оғзаки, ҳам ёзма ариза бердик. Ҳая, ёлғон бўлмасин, ётоқхонадаги 500дан зиёд қизнинг «дод-войи»дан кейин ошхонага янги газлар ўрнатилди. Лекин хонамиз совуқлигича қолди.

Биласиз, бизда қайсидир соҳага янги раҳбар тайинланса, демак янги лойиҳа, янги ташаббуслар туғилади, деган қарашларимиз бор. Аслида, шундай ҳам бўлади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг собиқ раҳбари Абдуқодир Тошқулов ҳам  ўз тизими йўналишида қатор «юришлар» қилди. Аммо бу «юришлар»нинг ҳаммаси ҳам у қадар ўзини оқлай олмади. Мисол учун, ҳемис тизимини олайлик. Ҳемис бу Ўзбекистонда олий таълим жараёнларини бошқариш учун ишлаб чиқилган ахборот тизимидир. У ходимлар, профессор-ўқитувчи ва талабаларга электрон таълим хизматларини тақдим этади. Ҳемис тизими орқали талабалар ўзларининг рейтинг дафтарчаси, транскрипт, ўзлаштириш кўрсаткичлари, дарс жадваллари, фанларнинг электрон ресурслари каби маълумотларни олишлари мумкин.

Аммо чет эл тажрибаларига қарайдиган бўлсак, ҳемисда фақатгина баҳо қўйиш учун эмас, балки талаба ўзи қизиққан ва ўзига керакли фанларни танлаб, эркин ўқиш имкони мавжуд. Бизда эса моделига қараганда тизими кўпроқ ишлайди. Яна бир муаммо:  талабаларга қизиқишга қараб тил танлайсизлар дейилган бўлса-да, амалда ундай бўлмади. Майли бу у қадар муҳим бўлмаслиги мумкин, бироқ ётоқхона билан боғлиқ муаммоларга кўз юмиб бўлмайди. Аксарият талабалар турли ташкилотларнинг мослаштирилган биноларида яшашяпти. Бундан ҳам нолишмайди, шўрликлар. Яшаш жойи топилганига шукур қилади. Совуқ кунларни иситиш тизими ҳаминқадар ишлаётган, иссиқ суви йўқ (баъзан илиқ чиқади) айрим ётоқхоналарда ўтказаётган қора кўзлар бир-бирига «ўлма эшагим, арпа ейсан» қабилида таскин беришади. Кулгили таскин-а. Афсуски, вазият шуни тақозо қиляпти-да.  Ётоқхона назоратчиси (комендант)нинг қўпол муомаласи-ю, бақир-чақирига шундоқ ҳам тарбиямиз сабаб кўз юмяпмиз. Неча маротаба ҳеч бўлмаса иссиқлик тизимини ишлатиб беришни сўраб мурожаат қилинган бўлса-да, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс яратувчилари дея умид қилинаётган авлод вакилларига бу тариқа муносабатда бўлинаётганига кўз юмиб келаётган мутасаддиларнинг ўзлари биз кун ўтказаётгандек «деразаларга «клёнка» тут, сув иситиб кир юв, бош юв ва ҳоказо» каби шароитда яшай олишармикин-а...

Мана баҳор келяпти-ку, дерсиз. Тўғри, талабалар кейинги қишгача шароити яхшироқ, иссиқ жой топиш илинжида бу йилги куз-қишни бир амаллаб ўтказишди. Аммо улардан ке­йин бу ерга жойлаштириладиган талабаларни ҳам шундай шароит кутаётганини кўра-била туриб, индамаслик мумкинми?

Умид қиламизки, янги вазиримиз Конгратбай Шарипов нафақат бизнинг, балки барча талабаларнинг ётоқхонадаги аҳволи, шарт-шароитлари билан яқиндан танишиб, зарурий чораларни кўрадилар. Биз талабалар эса кейинги қишни дорихоначи билан «ҳамкорлик»да ўтказмасмиз, дея яхши ният қиламиз...