Заҳри қотил бу...

Заҳри қотил бу...

XX асрнинг 50 йилларида  ниҳоятда фойдали ихтиро сифатида баҳоланган ва бугунгача ўз “неъматини” инсониятга улашиб келаётган елим идишлар туфайли бугун дунё аҳолиси заҳарли ҳаводан нафас олмоқда...

1 декабрь куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида 170 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида пластик ифлосланишга қарши курашиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Аммо, минг афсуски, якунда оғриқли масалада ягона келишув имзоланмади ва кейинги йил бу масалага яна қайтиладиган бўлди...

Жорий йилнинг  22  апрель – “Ер куни”да Earth Day.org сайти ташкилоти “Сайёрамиз пластикларга қарши” мавзусини илгари сурди: “Пластмассага бўлган ишончимиз инсоният саломатлиги тарихидаги энг катта хато бўлиши мумкин. Бугун микропластиклар ҳамма жойда бор. Биз уларни ютамиз ва ҳатто улардан нафас оламиз. Ҳозирча биз улар хавфсиз дея умид қилаяпмиз. Аслида уларнинг заҳарли экани тўғрисидаги эҳтимоллар шу қадар даҳшатлики, буни ўйлашнинг ўзи қўрқинчли”, – деди EARTHDAY.ORG ташкилоти Президенти Кэтлин Рожерс. 

Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизни пластикларсиз тасаввур қила оламизми? Афсуски, йўқ. Чунки, пластик буюмлар ҳаётимизнинг ҳар жабҳасига кириб улгурди. Бахтга қарши, тобора номаълум касалликлар авж олаётган сайёрамизда айнан пластикларнинг ишлаб чиқарилиши ва қайта ишланиши ҳавонинг кескин бузилишига сабаб бўлаётир. Пластик зарралар бугун овқат, сув идишлари, пластик халталар, косметика ва ҳатто овқатларимизда ҳам бор. Аммо унинг қулайлиги сабаб жуда катта хавф остида эканимизни тан олишни истамаяпмиз.  

Аниқланишича, кўзимизга кўринмаса-да, атрофимизда тўлиб-тошиб ётган пластик буюмларнинг заррачалари нафас йўллари орқали ўпкамиз ва ундан қонимизга ўтиб, танамизда яшаб қолиши ва энди ҳеч қачон бизни тарк этмас экан.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, пластмасса таркибида мавжуд бўлган 13 минг турдаги кимёвий моддалар сони 2024 йилда 16 мингтага етган. Бу моддаларнинг 3 мингдан ортиғи ўта хавфли экани,  яна 10 мингтасиниинг токсиклиги ҳеч қачон текшириб кўрилмагани маълум бўлди. Нотижорат Эндокрин жамияти маълумотларига кўра, ҳар йили пластик билан боғлиқ соғлиққа оид муаммолар инсониятга йилига 250 миллион долларга тушар экан.

Шунга қарамай, ўта хавфли ва заҳарли бўлган кимёвий моддалар рўйхатидаги поливинилхлорид ёки PVX  – сув қувурлари  ва баъзи ўйинчоқларни тайёрлаш учун ишлатиладиган пластмасса, шунингдек фталатлар, бистеноллар ва PFAS – эндокрин тизимини ишдан чиқарувчи кимёвий моддалар тизимли тарзда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса ўйинчоқларда, овқатланиш ёки сув истеъмолида ишлатиладиган пластмасса буюмлари таркибида ҳам айнан мана шундай заҳарли моддалар борлигини англатади.

Қизиғи шундаки, атроф-муҳит ҳимоячиларининг бонг уришларига қарамай, пластмасса ишлаб чиқарувчи давлатлар бу муаммога кўз юмишмоқда. Бунга 2024 йилнинг “Ер куни”да  “Сайёрамиз пластмассага қарши” шиори остида ўтказилган конференция ва турли тадбирларнинг эътиборсиз қолдирилгани ҳам мисол бўлиши мумкин.

Тадқиқотларга кўра, ҳаводаги чанг намуналарида полимер толаларидан: полиэстер 9,1 фоиз, полиамид 7,7, полинивиллар  5,8, полиретан 4,4, полиэтилен эса 3,6 фоиз микропластик зарралари топилган. Қайд этилишича, микропластмассаларнинг инсон организмида биологик тўпланиши ҳақидаги далиллар ҳам аллақачон исботланган. Янги туғилган чақалоқлар ва ёш болалар организмида аниқланган микропластиклар таркибидаги кимёвий моддалар эса ҳали жисмонан заиф бўлган гўдаклар организмига жиддий таъсир кўрсатаркан.

Чунки, эндигина эмаклаб юрадиган болалар атроф-муҳитдаги ҳамма нарсаларни тишлаб кўриши оқибатида улар биринчи хавфли таъсирга тушадиганлар рўйхатида турибди. Энг даҳшатлиси, ҳатто она сутида ҳам микропластмассалар борлиги аниқланди. Бир сўз билан айтганда, болалар атрофида нимаики бўлса – ўйинчоқлар, чақалоқлар учун мўлжалланган идишлар, кийим-кечаклар ва мебелларгача заҳарланган. Энг ёмони, болалар учун мўлжалланган ўйин майдончаларида болалар катталарга нисбатан ўн баробар кўпроқ пластмасса ютяпти экан. 

Айрим манбаларда аёл ва эркакнинг бепуштлигига ҳам айнан микропласмассалар сабаблиги айтиляпти. Инсон организмида ушбу модда қанчалик кўп топилса, касалликнинг оғир турларига чалиниш эҳтимоли шунчалик юқори бўларкан. Масалан, ёш болаларда саратон, катталарда эса мия деменцияси ва ошқозон ичак тракти билан боғлиқ касалликларга ҳам пластмассалар сабаб бўлмоқда. Лекин ана шу бепарволик ортида бепуштлик, семириш ҳамда юқумли бўлмаган бошқа касалликлар, юрак-қон томир ва саратоннинг бир қатор турлари хавфи жиддий эканини афсуски, ҳамма ҳам билавермайди. 

Аммо Пусанда ўтган музокаралар чоғида давлатларнинг ўзаро келишолмаганига бир қатор давлатларнинг шартномада келтирилган талабларга қарши бўлганлари сабаб бўлганини айтиш жоиз. Шунинг учун ҳам Германия федерал атроф-муҳит вазири Штеффи Лемке бу ҳолатни ҳалокатли, деб атади.

Маълумки, айни пайтда Хитой, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва АҚШ полимер маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатлар бешталигини ташкил этади. Шунинг учун ҳам балки АҚШ ва Хитой саммитда иштирок этмагандир. Шунингдек, Саудия Арабистони ва Россия делегацияси пластмасса ишлаб чиқаришни чеклашга доир шартномани имзолашга тўсқинлик қилиш тактикасини қўлладилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, токи,  дунё, айниқса , пластмасса ишлаб чиқарувчилар замонавий заҳри қотил инсоният учун, айниқса, унинг келажаги учун хавф эканини тан олмагунича, биз зимдан захарланишда давом этаверамиз. Ёки ақлимизни ишлатиб, елим идишлардан фойдаланмасликка ўтамиз.

Ёки...