Янги Ўзбекистон: фуқароларнинг тафаккур қилиш қобилияти

Янги Ўзбекистон: фуқароларнинг тафаккур қилиш қобилияти

Ўйлаш, жиддий тафаккур қилиш, у ёки бу ҳолат юзасидан фикрлаш бир қарашда ўта жўн, оддий ва ҳеч қийинчилиги йўқ ишдай кўринади. 

Аслидачи? 

Аслида фикрлаш, бирор бир воқеа, муаммо юзасидан тўғри ва оқилона қарорларга келиш ўта мураккаб жараён бўлиб,  бу ҳар қандай инсондан кенг ва теран билимлар, тажриба,  мустаҳкам ирода, қунт ва, албатта катта  масъулият талаб этади. Шу боис,  ўйлай олиш, фикрлаш, жиддий тафаккур юритиш, воқеа ва ҳолатларни тўлақонли идрок этиш, бирон-бир нарсани аввалдан режалаштириш учун бош қотириш, чуқур мулоҳаза қилишдан иборат салоҳият инсонни бошқа тирик мавжудотлардан фарқлаб турувчи, аслида, унинг инсонийлигини ифодаловчи бош унсур саналади. Ўйлай олиш салоҳиятига эгалик эса,  инсоният онгли тарихининг барча даврларида ҳам энг долзарб масала бўлиб келган. 

Мамлакатимизда янги даврнинг бошланиши энг аввало инсон омилини кучайтириш, унинг ақли, тафаккурини бойитиш, теран ва инновaцион ўйлаб иш тутиш масаласини ижтимоий зарурат даражасига кўтарди. Ўйлаш омилининг ижтимоийлашуви эса инсон ресурсларини инсон капиталига трансформaциялашувига йўл очади. Зеро, инсон капиталининг миллий юксалишнинг бош омили сифатида қабул қилиниши  Янги Ўзбекистонимиз учун  методологик хусусиятга эгадир.

Чунки “Янги Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги 100 мақсаднинг 44 таси бевосита ўйлаш, фикрлаш ҳосиласи бўлган  инсон салоҳиятини юксалтиришга қаратилгандир.

Зотан, интеллектуал ва ижтимоий ривожланиш инсоннинг реал қобилиятини рўёбга чиқариш орқали амалга ошиши алгоритмик қоида ва инсон ресурсларини бошқаришнинг янги стратегияси сифатида намоён бўлмоқда. Шу маънода Президентимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш, ўзгаришларни рўёбга чиқариш инсоннинг  ўзига боғлиқ ва ҳар қандай ўзгариш ундан бошланади, деб қайта қайта таъкидлашлари замирида жуда чуқур маъно бор. 

XX аср охирида илм ва амалиётга кириб келган мазкур атамадан аввал бошда фақат ногиронлар ва имконияти чекланган одамларни жамиятга қўшиш, интегрaциялашни ифода этувчи тушунча сифатида фойдаланилган бўлса, XXI асрга келиб, мазкур маънавий-интеллектуал эҳтиёж, яъни, ўйлаш, тафаккур қилишнинг ижтимоий  қўлланиш географияси кескин кенгайди. Ўйлаш ҳодисасига таълим жараёнларини фаоллаштириш, қишлоқ хўжалиги, саноатда ўзаро ҳамкорлик, кооперaциялашув тарзидаги фаолиятни йўлга қўйишда  ҳамжиҳатликка эришиш, ҳар қандай субъектнинг ушбу жараёнда тўлиқ иштирокчи сифатида намоён бўлиши уларнинг кучли томонларини рўёбга чиқариш омили сифатида кўрина бошланди.

Маълумки, тафаккур қила олиш салоҳияти инсонни кучли ва қудратли қилади. Ҳар ишни пухта ўйлаб, ишнинг пировард  натижасини аниқ тасаввур қилиш, муайян фаолиятни бошидан то сўнгги босқичигача ифодаловчи “йўл харита”лари асосида иш тутиш мамлакатимизнинг янги даврдаги имижини ҳам белгиламоқда.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига бағишлаб чоп этилган “Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” деб номланган мақоласидаги “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ҳам кучли бўлади” деган ғояси моҳият эътиборига кўра, ҳар жабҳада ўйлаш, тафаккур қилиш негизида манфаатларни мувофиқлаштириш, ўзаро уйғунлаша олиш имкониятининг бутун инсоният тақдирини инсонийлаштириш йўлидаги ягона ҳамда энг тўғри йўл экани ва ижтимоий зарурат даражасига етганлигини яққол ифода этади.  

Буюк юнон мутафаккири Аристотель  фикрлашни инсон, жамият ва давлат тараққиётининг бошланғич нуқтаси деб билган ва “Ҳақиқатни излаш ва топиш жараёни энг олий даражадги фикрлашдир”, деб таъкидлаган эди. Улуғ Хитой донишманди Конфуций эса “Доимо ўйлаб, таҳлил қилиб, янги билимлар олишингиз мумкин, чунки ўқишсиз, ўйловсиз ва таҳлилсиз билим олиш имконсиздир”, деганди.

Муқаддас Китобимиз Қуръони Каримда ҳам  мўмин-мусулмонлар бу дунё ва у дунёларини обод қилишлари  уларнинг ўз қўлларида эканлигини англаш учун энг аввало,  тафаккур қилиш, ўйлаш, ақлни ишлатиш зарурлиги таъкидланади. Хусусан,  Қуръони Каримда  инсониятнинг ақл ва тафаккурини ишлатишига даъват этувчи оятлар моҳиятини англаш  мақсадида олиб борилган замонавий тадқиқот натижаларига кўра: мўъминлар “афала яъқилууна” (ақлларини ишлатмайдиларми!?), “афала ятафаккарууна” (тафаккур юритмайдиларми!?), “лаъаллакум татафаккаруун” (шоядки тафаккур юритсалар!), “лаъаллакум таъқилууна” (шоядки ақл юритсалар!) каби иборалар  49 марта, шунинигдек, “фикр” сўзи 18 марта ворид бўлган.

Жами бўлиб, мазкур даъватларнинг 67 марта зикр этилгани  инсоннинг ўйлаш, фикр юритиб иш тутиш масъулияти нечоғли муҳим эканлигига далолатдир.

Буюк соҳибқирон, жаҳонга ўн биринчи Ренессанс эшикларини очиб берган Амир Темур ҳам ўзининг “Малфузоти Темур” асарида “Бир тадбирли минг тадбирсиздан афзал” деган иборани муомалага киритганлар.  Маълумки, “тадбир” сўзи арабчадан олинган бўлиб, “та”+”дабара” таркибий элементларидан иборат. ”Та”- қўшимча (аффикс)си муайян сўз ясашда қўлланилади ва  иш ёки  ҳаракат номини ифодалайди,  “дабара” сўзи эса,  арабчада “фикрламоқ”, “мулоҳаза қила олмоқ”, ”ўйлаб иш тутмоқ” маъноларни беради. Демак, буюк Амир Темур ҳазратлари битта ишбилармон, бадавлат одам мингта бошқа одамдан афзал, деган маънода эмас, балки, битта фикрлайдиган, ўйлай оладиган одам мингта ўйлай олмайдиган одамдан афзалдир, деган хулосага келганлар.

Ўйлаш, тафаккур юритиш жараёни инсон, жамият ва давлатнинг  ўзини ўзи ўзгартиришга қай даражада шайлигидан куч олади.Ўзгариш мақсади эса, инсон ёки халқнинг янгиланиши, ўзини  танқидий таҳлил этиши, янги имиж яратиш мақсадини ҳам ифода этади. Шу боисдан ҳам ўзгаришга бўлган интилиш моҳиятан чуқур тафаккурнинг маҳсули саналади. 

Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш, муҳим ўзгаришларни рўёбга чиқариш энг аввало инсоннинг  ўзига боғлиқ ва ундан бошланишини алоҳида таъкидлаб: “Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган вақтни имкониятга, имкониятни ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқ – буюк халқдир. Бундай халқ ҳеч шубҳасиз ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, кўзлаган мурод -мақсадларига  албатта эришади”, деган эдилар. 

Ҳар бир инсоннинг ўзида яхшиланиш рағбати ва  ўзгаришларга тайёрликнинг ўрни муқаддас динимизда ҳам муҳрланган. Қуръони Каримнинг “Раъд” сурасида бежиз “Албатта, Аллоҳ бирор  бир қавм ўзларидаги нарсани  ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани ўзгартирмас”, дейилмаган. Шундай экан, одамлардаги яхшиланиш, тарбиявий ишлар таъсири асосан инсоннинг ўзига боғлиқ. Буюк мутафаккир Жалолиддин Румий таъкидлаганидек, “ инсонга хос бўлган муҳим жиҳат- бу бошқаларни билиш йўлидаги тафаккурдир.  

Ҳамма нарсадан яқин бўлган борлиқ  бу – одамларнинг менлигидир, замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганини, яъни,  ўзларини билмайдилар.  

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, инсонни ўйлашга ўргатиш аввало оилада, оила муҳитида шаклланиши лозим. Таассуфлар бўлсинким, тарбия ўчоғи бўлган оилада ҳар доим ҳам болани фикрлаш,  ҳар бир иш ёки амалнинг охирини ўйлаб иш тутиш, бирон бир ҳаракат орқали бошқаларни хафа қилиб қўйишнинг зарари сингари нарсаларга етарлича эътибор қаратилмайди. Аксинча, кўпроқ оила даврасида боланинг сўзи устувор бўлиши, уни  эркалаб завқланиш, кичик айбларини ҳисобга олмаслик, шаштини сўндирмаслик одатий ҳол саналади.

Болани ўйлашга ўргатишнинг оиладан кейинги босқичи бу, шубҳасиз, мактабгача таълим ташкилотларидир. Бу ерда бола энг аввало, тартиб-интизом талаби, бошқалар билан тенг имкониятлар вазиятини ҳис этиш ва шу муҳитда  яшаш, ота-онадан бошқа инсонларга ҳам бўйсуниш, одатдагидек, йиғи ва қайсарлик воситасида иш битказиб бўлмаслигини ҳис этиш,  оила ва боғчада вақт ўтказишнинг фарқи, ўзининг ёши даражасида боғча боласи деган янги мақомини англаш кераклиги ҳолатларига рўпара келади. Бола бу ерда илк дафъа дунё фақат меники эмас, балки дунё бошқа болаларга ҳам тегишли   экан, деган фикр- хулосага эришади. 

Фикрлашга ўргатишнинг навбатдаги босқичи  мактаб, албатта.   Бола мактабда ва ўз синфи жамоасида барқарорлашиш, ўзининг референт-гуруҳини шакллантириши (болаларнинг ўзаро мақбуллик асосидаги кичик-кичик гуруҳчаларга уюшиши), таълимни ўзлаштириш талабларини бажриш ва билимлилик  мусобақасида иштирок этиш,  ўқитувчига ҳурмат билан муносабатни йўлга қўйиш, синфдошлари, айниқса қизлар орасида муносиб  тутиш, муайян даражадаги лидерликка эришиш   масалаларида доимий  ўйлаш муҳитида бўлади.

Боланинг ана шу йўсиндаги ўйлаш жараёнларида педагоглар, оила ва маҳалла биргаликда иш тутиши лозим. Бола мактаб ёшида фикрлашга ўрганишнинг дастлабки босқичида бир фикрнинг иккинчи вариантини ўйлашга ўргатилиши керак. Соддароқ айтганда, ойисига кўмаклашиб мақтов эшитган бола “ойижон мен бўлмаганимда Сиз қила олардингиз”, деса, Сиз унга “Қани болам, шу гапингизнинг тескарисини айтингчи, дейишингиз лозим. Шунда бола ўйлаб туриб, “Сиз бўлмаганингизда мен нима қилар эдим” деган фикрни айтса, билингки, у энди бошқа ҳолатда ҳам фикрлаб жавоб қиладиган ва ўйлашни бошлаган бўлади.

Энди ушбу тизим бошқа соҳаларда қўлланилса, хусусан, математикада масала ечишда тамоман бошқача ёндашиш муҳокама этилса, химияда моддаларнинг реакциясида моддаларни аралаштиришда ноодатий иш тутилса, адабиётда “Ўтган кунлар” романида Кумуш нима учун бахтсиз бўлган, агар у бошқа йигитга турмушга чиққанида тақдири ўзгарармиди, деган саволлар бериб, ўқувчилар мазкур вазиятнинг бошқа томондан ўзгаришини  таҳлил этишга йўналтирилса, жамоада ўзига хос ўйлаш муҳити юзага келади.

Меҳнат қилиш,  касб ҳунар соҳибига айланиш, муайян мутахассислик йўналишида касби комиллик даражасига кўтарилиш шак-шубҳасиз мунтазам ўйлаш, тафаккур қилиш маҳсули ҳисобланади. Қадимги эътиқодий йўналишлардан бўлган Буддизм, Жайнизм, Брахманизм сингари диний таълимотларда энг муқаддас сўз бўлган “карма” сўзининг луғавий маъноси ҳам  “меҳнат қилиш” маъносини англатади, яъни, ҳаётда амалга ошириладиган барча  ишлар ҳам, Тангрига ибодат ҳам, яхши амаллар ҳам, “карма”, яъни меҳнат  орқали намоён бўлади. 

Меҳнат завқига эришиш, ишлаб толиқиш эмас, балки ишлаб руҳланиш теран тафаккур маҳсули бўлиб,  катарсисга йўл очади, яъни, меҳнат орқали олам ва одамни янгитдан кашф этиш, эхтирослар, ҳиссиётлар, рухий зўриқишлардан тозаланиш, муаммолардан халос бўлиб, покланиш имконияти кенгаяди, деб қайд этилади. 

Меҳнатдан завқланиш, уни доимо ўйлаб юришнинг тарбияловчи кучи, моҳиятига улуғ мутафаккир Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида алоҳида тўхталган. Айниқса, у меҳнатда натижадорлик, ижодий ёндашиш, фаолиятни доимий ва узлуксиз такомиллаштириб боришлик хусусиятига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада устозлар, ўқитувчиларнинг шогирдларга ўйлашни ўргатиш хусусиятига бевосита боғлиқ эканига эътибор берган.

Ўқитувчи меҳнати толиб онгига узлуксиз таъсир кўрсатиши, касбини севиш, доимо уни ўйлашга даъват этиши  эса фақат такрорланувчи меҳнат орқалигина амалга ошишини қайд этади. (Қаранг. Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асари, Т.1. 1968, 102-бет).

Дарҳақиқат, ўйлаш, теран тафаккур юритишнинг тараққиёт суръатларини оширишига хизмат қилиши учун уч омил устуворлиги, яъни, ёшларнинг эркин ва креатив фикрлаши, жамоада ишлай олиши ҳамда мулоқот кўникмаларига эга бўлиши  муҳим аҳамият касб этади. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, бугунги ёшлар учун “билим, меҳнат ва ақл” бирлиги ва уйғунлигига эришиш  ўйлаш салоҳиятининг барқарорлигига  боғлиқдир.

Бунинг учун эса, ҳар бир ёш йигит-қиз ҳаётда энг аввало ўзининг мустаҳкам ўрнини яратиш устида бош қотириши, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли бўлиши, ўзи эгалламоқчи бўлган касб, ҳунар ва мутахассисликни юқори даражада ўзлаштириши, теран англаган нарсаларини бошқаларга ҳам  ўргата олиш даражасига чиқиши  унинг асосий ҳаётий мезонига айланиши шарт.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимиз томонидан билдирилган фикр, яъни, ёшларимизнинг  касб ва ҳунарларни эгаллашлари  учун зарур  бўлган уч  талабнинг иккитаси,  яъни, чуқур билим ва ақл асосида иш тутиш меҳнатни севиш, мақсадли бўлиш, шу йўлда мустаҳкам ирода кучига таяниш ва энг муҳими теран тафаккур юритиш негизидагина амалга оширилишини асло унутмаслик лозим.