Умидани чақиринг!

Умидани чақиринг!

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

Британияда Анжела, Германияда Луиза, Қирғизистонда Кантай, Ўзбекистонда эса Умида…

Дунёда қандай ёрдам сигналлари борлигини биласизми?

Улардан қандай фойдаланишни-чи?

Хабарингиз бўлса, 2022 йилнинг баҳорида пойтахтимизда БМТ тараққиёт дастури ташаббуси билан «Умидани чақиринг» ижтимоий лойиҳасига старт берилганди. 

Ўшанда кўпчиликда савол туғилганди: Хўш, бу лойиҳадан мақсад нима?
Нега унга бундай ном берилди?

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа кўча таъқибига учраган хотин-қизларга ёрдам бериш учун йўлга қўйилган. Соддароқ айтганда, кўчада кетяпсиз, сизни кимдир таъқиб қилаётганини сезиб қолдингиз. Ана шундай вазиятда дод-вой қилиб таъқибчини чўчитмасдан, шу яқин атрофдаги дўкон, дорихона ёки бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб у ердагиларга “Умидани чақиринг” дейсиз. Улар вазиятни дарров тушунишади ва ички ишлар ходимлари ёки қисқа кўмак рақамларига телефон қилишади. Ёрдам келгунча шу атрофда бўлиб туришингиз талаб этилади.

Қайд этилишича, бу каби лойиҳалар дунёда самарали йўлга қўйилган. Масалан, Буюк Британияда 2016 йилда «Анжелани чақиринг” («Аsk for Angela»)  ижтимоий ташаббуси бошланган. У жинсий зўравонликка қарши кураш хизмати ходими Хейли Чилд ташаббуси билан ўз уйида эри томонидан ўлдирилган 34 ёшли дўсти Анжела хотирасига бағишлаб яратилган. Ўшанда маҳаллий барларнинг ҳожатхоналарига аёллар учун хабар ёзилган варақалар жойлаштирилганди: агар бирор киши сизни учрашув вақтида безовта қилса, барменнинг ёнига боринг ва «Анжелани чақиринг». 

Бу ибора – ёрдам сўраш усулидир. Уни эшитиб, бармен протоколга мувофиқ ҳаракат қилади: у аёлни хавфсиз хонага олиб бориши, фавқулодда чиқиш жойига кузатиб қўйиши ёки зарур ҳолатда полицияни чақириши мумкин.

Германияда эса «Луиза шу ердами?» лойиҳаси 2016 йилдан ишга туширилган. 2020 йилда Россияда – «Галяни чақиринг», Қирғизистонда эса, 2021 йилнинг баҳорида «Кантайни чақиринг!» мослаштирилган ташаббуслари пайдо бўлган.

Тошкентда эса «Умидани чақиринг» ихтиёрий тажриба ташаббуси Korzinka.uz супермаркетлар тармоқлари, Asklepiy Group дорихоналари, Caravan Group, YaponaMama, “Testo by Zamira & Co”, “Steam Bar”, “Turka Saray” кафе ва ресторанлари, “Ground Zero” коворкинг маркази, CyberArena компьютер клуби ҳамда TEAMS Университети томонидан қўллаб-қувватланган.


Шу ўринда лойиҳанинг махсус стикерлари юқоридаги тадбиркорлик субъектларининг биноларига ёпиштириб чиқилади ва бу таъқибга учраган қизлар шу ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари мумкинлигини айтиш лозим. Лойиҳанинг алоҳида веб-сайти ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, унда кўча безорилигига дуч келган қизлар хавфсиз бўлиши мумкин бўлган манзиллар харитаси ҳамда қандай қилиб лойиҳадан фойдаланиш тушунтирилган.

Қайд этиш жоизки, ушбу ташаббус ҳуқуқий, психологик ёки моддий ёрдам кўрсатишни назарда тутмайди. Бунда фақат қизлар ва аёллар ўз таъқибчиларидан яшириниб, вақтинчалик бошпанада ўзига келиб олишлари мумкин.

Лойиҳа бўйича ҳамкор ташкилотлар ходимлари тазйиқ остида қолганларга қариндошлари, дўстлари билан боғланиш ёки зарур ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўнғироқ қилишда ёрдам кўрсатадилар. Айни пайтда Тошкент шаҳри ва ундан ташқарида 200 дан ортиқ хавфсиз жойларнинг жойлашуви кўрсатилган харита тайёрланиб, “www.CallUmida.uz” веб-сайтига жойлаштирилган. Афсуски, бу лойиҳага бугунга қадар қанча мурожаатлар бўлгани ҳақидаги маълумотларни тополмадик.

Тўғри, айримларда ҳақли бир савол туғилиши мумкин: нега бу лойиҳа у қадар оммалашмади?
“Умидани чақиринг” ёрдам усулидан ҳамма ҳам хабардорми?
Нима учун лойиҳа кенг тарғибот қилинмаяпти?

Ишончимиз комилки, пойтахтда яшовчи ижтимоий тармоқларда фаол бўлмаган кўпчилик аёллар бу лойиҳадан хабардор эмас. Ҳатто, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга эмас. НЕГА лойиҳа фақат марказда амал қиладию, туман ва қишлоқларда татбиқ этилмаган. 

Балки бу ҳақда тўлиқ маълумот берилмагани учун ҳам шу каби саволлар туғилаётгандир. Балки лойиҳа координаторлари бу ҳақда аҳолига батафсилроқ маълумот беришар?