Туркистоннинг келгуси

Туркистоннинг келгуси

Бир вақтлар Туркистон ўзининг маданияти ва шон шукуҳи, етказган улуғ шоирлари, ёзғучилари, файласуфлари ва бошқа фан эгалари билан ўзини Шарқ дунёсиға танитган. Илгарилари илм билан кўринган ва ҳаммани ўзига жалб этган эди.

Шарқнинг орқага қараб ўзгариши, Шарқ маданиятининг йиқилиши, ўлимига сабаб бўлди.

Буюк маданияти орқасида анъана эгаси бўлган кўҳна Туркистон, бир Туркистон тупроғигина эмас, бутун Шарқ табиатнинг кўкаришидан кейин сўлиш қонунига мувофиқ бўлса керак, ҳозирги кўриниб турган жонлиқ қўғирчоқ ҳолига келди. Туркистон маданияти билан қуролланган кишилар томонидан ўлик Шарқ талқин этила бошлади. Шарқ XX аср илк чорагида уйқудан кўзини уқалаб тура бошлади. Шарқнинг ҳар бурчагида уйғониш, оёққа қалқиш хабарлари, маданият йўлида интилишлар, ҳар ерда ҳаракат, ҳар ерда жонлилик кўрина бошлади.

Лекин, уйғона бошлаган Шарқнинг маданиятга эришиши учун ҳозирлиғи йўқ. Асбоби йўқ – куч қуввати йўқ, йўқ, йўқ!...

Айниқса, Шарқнинг бир қисми бўлган Туркистоннинг илм доирасида юрган ёшлари ўзгаришдан бери, кучи етганича ҳаракат қилиб оз бўлсада, иш йўлига замин ҳозирлади. Кўп ўтмади, мамлакатимизда бошланғон иқтисодий бузғунлиқ ва хўжалиқ ишларидаги хороботликлар бизнинг илм йўлида ишларимизга оғир зарба берди. Кенглиқда Германия, Австрия, Можористон, Италия ва Франция мамлакатлари қадар 173 минг мураббаъ чақирим тупроқни ўз ичига олган бу ўлканинг бундай қийин ва ғайюр табиат ҳолидан чиқариш учун илмий ва фанний кучларни керагича етиштириш лозимдир.

Туркистонда табиат бойлиги жуда кўп. Туркистон ўз бағрида аллақандай қимматлик тошлар, турли қимматбаҳо конларни асрайдир. Ўз юзасида бошқа ерларда ўсмайтурган қийматбаҳолик ўсимликларни ўстирадир. Лекин, бу бойликлар ишланмаган бир ҳолда; сув чиқса жаннат бўлатурган ҳисобсиз жойларимиз чўл ҳолида қақраб ётадир. Туркистонда ҳар турли майда саноатлар бор. Лекин, улар йўлга қўйилмаган. Эски йўл ва эски йўсинда ишланадир. Булар оврўпаникидан тараққий этмаган ва куч олмагандир.

Ҳозир ҳукуматимиз чет эллар билан муносабат ясамоқчи; Тездан муносабатлар бошланиши табиийдир. У вақт Руссия ва унинг бир қисми бўлган Туркистонда саноат куч олиб фабрик, заводлар ишланиб юра бошласа, албатта, майда ҳунарчиларимиз улар билан рақобат қила олмасдан ўз-ўзидан йўқолиб битадир. Бу хавфнинг олдини олмоқ учун майда саноатимизни тараққий эттириб Европаники каби катта саноатга кўчиришимиз лозимдир. Бошқаларнинг тараққийсига ҳавасимиз келиб, оғзимизнинг сўлагини оқизиб турсак. Улар кунда бир янги кашфиёт, кунда неча хил ихтиролар чиқариб ўзларининг ер юзида яшамоқларини таъмин этсалар. Улар ким бўлурлар. Бизнинг бошимизга нималар келур?

Энди биз ҳозирдан эсга келиб Туркистон бойликларини ишламак ва маданиятимизни юксалтирмоқчи бўлсамиз, бизда ихтисос борми?

Йўқ, ҳеч йўқ! Бошқалар томонидан ишланган бойлигимиз, бошқалар фойдасидир. Бу ширин ўйларга эришмакнинг биргина иложи бўлса, ул ҳам чет эллар илмини ва уларнинг фан илмидаги маҳоратини ўрганиб, ўз маданиятимиз, ўз бойлигимизни ўзимиз ишлатайлик. Бунинг учун биринчи чора Оврўпага ўқувчилар юборишимиз керак.

Мана бу нарсани илм атрофида юрган ёшлардан тузилган “Кўмак” уюшмасини тузишиб, жиддий бир ҳаракатга киришди. Четга борғучи ўқувчиларни таъмин қилиш учун смета тузиб ҳукуматга топширди. Қўшни жумҳуриятлардан ёрдам сўради. Бухоро ҳукумати “Кўмак” аъзосидан икки кишини четга ўқутмакни ўз устига олди. Бухоро ҳукумати учун қуллуқ қиламиз. Ишлайлик миллатлар виставкасида юзимиз қизармасин! Қани марҳамат қилинг.

Ёш ўртоқлар, чет эллардан илм, фан ўрганишга! 

Қизил байроқ. 1922 йил 29 июль.