«...Оврўпо муҳорибаси бошланганига тўрт йил бўлган бўлса, йилдан йилга бечора халойиқ, хусусан, Туркистон мамлакатида мутаватан ислом болалари фақир ва зарурат лойига ботиб турубдурлар. Очлик ва қаҳат балосидин ҳар кун неча минг ва балки милюнлаб ғариб ва ғураболар кўча бакўча кезиб шаҳардин шаҳарга юриб «оҳ нон» деюб гадолик қилмакдадурлар. Очлик ва совуқдан бир парча нонга зор бўлиб, ҳар кун ва ҳар замон неча минг муслим ва муслималар саби ва сабиялар ниҳоятда фоже’ бир аҳволда бу дунёга видў қилмакдадурлар...»
Бу жумлалар «Изҳор ул-Ҳақ» журнали муҳаррири муфти Садриддинхоннинг «Дафъи таҳлика» мақоласидан олинди.
Азиз замондош! Тараққийпарвар уламо, ўлка озодлиги йўлидаги курашларда иштирок этган, маърифатпарвар жадидлар билан бир сафда сиёсий кураш олиб борган Садриддинхон муфти Шарифхўжаевни биласизми? Ёхуд бугуннинг ёшлари бор иқтидорини миллатимиз маърифатли бўлиши учун сарфлаган бу тарихий шахс ҳақида маълумотга эгами? Тарихчи олим Баҳром Ирзаевдан навбатдаги “тарихий ҳақиқатлар”ни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Садриддинхўжа 1877 йили Тошкентнинг Мерганча маҳалласида таниқли уламо ва қозикалон Шарифхўжа эшон оиласида туғилган. Аввал эски мактабда, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида таълим олган. Давр тақозосига кўра, Тошкентдаги биринчи сонли 4 йиллик рус-тузем мактабига кириб, Оврўпо илм-фани билан танишади. Шу билан бирга рус тилини мукаммал ўрганади. Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсили (1905 йилгача) давомида жадид тараққийпарварлик ғоялари билан танишади. Тошкентга қайтгач, Юнусхон мадрасасида мударрис ва имомлик қилади. 1914 йилда Эшонқули мадрасасида бош мударрис ва муфти рутбасига эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, Муфти Садриддинхон тараққийпарвар уламолардан бўлиб, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг яқин дўсти ва ҳаммаслакларидан бири эди.
1916 йилги Туркистонда мардикорчиликка қарши қўзғолон вақтида Садриддинхон муфти ўзининг халқ томонида эканини очиқ баён қилади ва жадид тараққийпарварлари билан бир сафда сиёсий курашга киради. 1917 йилнинг март ойида Мунавварқори Абдурашидхон ўғли тавсияси билан «Шўрои Исломия» жамиятига биринчилар қатори аъзо бўлади ва Туркистондаги илк сиёсий партия – «Турк адам марказияти»нинг ташкил этилишида бош-қош бўлади. «Уламо жамияти»нинг айрим мутаассиб вакилларида Туркистон Мухториятига нисбатан ишончсизлик ортиб бораётгани сабаб Тошкентга қайтиб, тараққийпарвар уламолардан «Фуқаҳо жамияти»ни тузади.
Жамият Туркистон Мухториятини ўлкадаги ягона сиёсий куч сифатида тан олишини эълон қилади. Большевикларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, айниқса, Фарғонада вазиятнинг қалтислашиб бориши жараёнида – 1918 йилнинг февраль ойида «Фуқаҳо жамияти»нинг нашри афкори сифатида «Изҳор ул-Ҳақ» журналини нашр эта бошлайди. Илк сонлариданоқ туркистонликларнинг севимли нашрига айланган бу журнал ўз саҳифаларида нафақат диний, балки ўткир иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий масалаларга ҳам кенг ўрин беради. Бош муҳаррир муфти Садриддинхон ўзининг «Изҳори ҳақиқат ва иршод» мақоласида шундай ёзади:
“...Ўткан сана мардикор масаласи чиқғонда ҳамма шайх-у йигитларимиз кеча ва кундуз болаларимиз мардикорға борур экан деб, ашк дийдалари ила дуода бўлуб, болаларин ғамида неча ойғача ухламай дуода бўлғон зотлар ушбу замонда кеча ва кундуз дуо-ю бадға қўл очар бўлдилар. Бу нечук ҳолат ҳозирда фақат бошларға эмас, балки балойи жон бўлиб бой ва фақир, катта ва кичикларға тушкан таҳликалар кўзға кўрунмай очлик ва ялонғочлик эска тушмай дуо-ю наҳиларни унутиб, ислом олами бир-бириға нон ўрниға ҳақорат ва сафоҳатлар улашурлар, бу ишлар фитна эмасми...»
Минг афсуски, Туркистон аҳлининг асрий орзуси ушалмади. Большевиклар замонавий қуроллар, қолаверса, айрим хоин кимсаларнинг хиёнати ёрдамида халқнинг Мухторият орзусини чилпарчин қилишди. Бироқ Ватан ва ватан фидойиларини бўйсундира олишмади. Шу сирада Садриддинхон 1918 йилнинг баҳорида Мунавварқори Абдурашидхонов маслаҳати билан Туркияга йўл олади ва у ердаги қардошларга Туркистонда кечаётган хунрезликлар ҳақида хабар беради. Улар туркистонлик биродарларига ҳарқанча ёрдам беришни исташмасин жаҳон урушида мағлуб томон бўлган Туркиянинг ўзида ҳам аҳвол оғир эди. Тошкентга қайтган Муфти Садриддинхон ва Саид Носир Миржалиловлар муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийни маълум ваколатлар билан Истанбулга юборишларини сўрайди. Афсуски, Беҳбудий ҳазратлари бу муқаддас йўлда шаҳид бўлади...
Тошкентга келган муфти Садриддинхон Туркистон Республикаси Халқ суди Кенгаши аъзоси бўлади, Юнусхон мадрасасида мударрислик, Ширинқудуқ маҳалласида имомлик қилади. Мунавварқори билан «Миллий иттиҳод» ташкилотини ривожлантиришга киришади. 1920 йилнинг кузида Мунавварқори Бухорога юборилганидан сўнг, 1921 йилнинг 6 март санасидан «Миллий иттиҳод»нинг раиси бўлган муфти Садриддинхон шогирдлари билан Шарқий Туркистондаги Япония ва Буюк Британия консуллари номига хат ёзиб, Ғулжага жўнатади. Номада қуйидагилар баён қилинади:
«Буюк Япония ҳукуматининг Ғулжадаги вакили муҳтарамина!
Ўрта осиёлик Туркистон аҳолилари ярим аср муддат ичинда Руссия ҳукумати золимонаси таъсири ила ҳунар тараққийсидан маҳрумият чуқурида қолиб руслик миллияти савқи ила руслашдирув сиёсати остинда эзилиб турк ва ислом миллатлари ҳуқуқи сиёсиятдан четка қолиб, зулм ва жабр ичинда умргузар эдилар. Бу ўртада Туркистон аҳолиси ҳукуматнинг бу сиёсатидан норози бўлиб истиқлол йўлини излаб миллий истиқлолият қўмитасини тузиб шўъбалари ила бутун Туркистонни қоплади. Ниҳоят ҳукуматнинг бу сиёсати золимонасига тоқат этолмасдан 1916 санада ислоҳ қути ила ўз ҳуқуқларин ҳимоя этди. Оқибат 1917 сана қизил инқилоб билан бир оз умумий озодлик соҳилига чиққан бўлиб ҳуқуқи миллияларини янгидан тиргизмак орзусига кирганди...».
«Буюк Британия ҳукуматининг Қошғар вакили ҳазрати олийларина!
Сиз муҳтарам амният ва ҳуқуқи башарият устози Буюк Британия ҳукуматидан илтимос қилинурким, Туркистон аҳолисининг бу қадар зулм остида яшаб ва Туркистон маданияти, санои нафисалари ботил ва хароб ўлмакиға розилик юзин кўрсатмай силоҳ ва ўзга зарур ашёлар ила ёрдам қўлин этмоғингизни ҳуқуқи инсоният номиндан ўтинамиз...».
Ушбу хатнинг дипломатик назокати ва муфти Садриддинхоннинг нақадар сиёсий етуклиги ҳақида ҳам, агар мактуб етиб борганида қандай сиёсий оқибатларни келтириб чиқариш-чиқармаслиги ҳақида кўп мунозара қилиш мумкин.
Аммо афсусланарли ҳақиқат шундаки, хат 1921 йилнинг 16 март куни Авлиёотада чекистлар қўлига тушади. Шундан сўнг 31 март куни «Миллий иттиҳод»нинг бошқа аъзолари ҳам қамоққа олинади...
Апрелнинг илк тунларидаги ёқимсиз сукунатдан ухлай олмаётган муфти Садриддинхон кеч соат 12лардан ўтиб, Юнусхон мадрасасидаги ҳужраси атрофида қизил аскарлар йиғилаётганини пайқаб қолади. Девор орқали Эшонқули додхоҳ масжидига ўтиб, бир муддат яширингач, шўроларга қарши очиқ курашишга қарор қилади. У саҳар 04:00ларда Яланғоч орқали Тошкентдан чиқиб кетади. Чошгоҳдан ўтиб, Заркатга киради ва қадимий қабристондан қўним топиб, икки кун шу ерда ибодат қилади. Айни пайтда бир неча хатлар тайёрлаб, Қорахитой қишлоғилик собиқ талабаси орқали Тошкентга, Бухоро ва Фарғонага йўллайди. Сўнг довондан ўтиб, Ашобага Раҳмонқули қўрбошига қўшилади. 1921 йилнинг бошида Бухорога борган тошкентлик таниқли жадид муаллимлар Усмонхўжа Тўхтахўжаев ва Тангриқул ҳожи Мақсудийлар хатни олгач, Тошкентга қайтадилар. Муаллимлар Садриддинхоннинг режасига кўра, истиқлолчиларга дарс ва маънавий далда беришлари керак эди.
Тошкентда большевиклар XII съездга тайёргарлик кўраётган бир пайтда Муфти Садриддинхон истиқлолчилар армиясининг олий қўмондони Шермуҳаммадбек номидан бу қурултойга Фарғонага мухторият бериш; ҳарбий бошқарувни русларнинг аралашувисиз маҳаллий аҳолига топшириш, иқтисодий ва диний эркинликларга дахл қилмаслик каби 13 банддан иборат ультиматум тайёрлайди. Бироқ большевиклар билан музокара қилиб, Муҳаммад Аминбекнинг хатосини такрорлашдан ҳайиқади. Муфти Садриддинхон, Раҳмонқулибек ва Ислом паҳлавон билан уч кун давомида Шермуҳаммадбекнинг ҳузурида бўлиб, ҳар қандай ҳолда ҳам большевикларга ишониб бўлмаслигини таъкидлайдилар ва шу тариқа музокараларга чек қўйилади. Шермуҳаммадбек қўрбоши Афғонистондан қурол етиб келгунича фақат мудофаа жанглари билан чекланишга қарор қилади. Афсуски, ваъда қилинган қуроллар келмайди.
Бундан ташқари, шўролар фитнаси туфайли қўрбошилар ичида ҳам ўзаро низолар авж олади, халқ қони дарё бўлиб оқа бошлайди...
1921 йилнинг 9 сентябрига келибгина Қўқонда муфти Садриддинхон Ҳамдамҳожи Қаландаров билан бирга қамоққа олинади. Орадан ўн кун ўтиб, ТуркЧК томонидан уни зудлик билан Тошкентга келтириш тўғрисида махфий қарор чиқарилди ва 27 сентябрь куни унга нисбатан аксилинқилобий фаолият айблови билан жиноий иш очилди. Сўроқларда Садриддинхон ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини тан олади ва бу ишларни ёлғиз ўзи истагига кўра амалга оширганини таъкидлайди. Аммо 1921 йилнинг 28 ноябрь куни сўроқда Рустамбек Ниёзбеков бу гапларнинг ҳеч биридан хабари бўлмагани ҳолда Муфти Садриддинхонни улуғ бир олим сифатида билиши ва қадрлашини таъкидлайди...
1921 йилнинг 23 декабрида Тошкентда бўлиб ўтган Ҳарбий трибуналда муфти Садриддинхон Шарифхўжа ўғли отувга ҳукм этилади. Бироқ давлат айбловчиси бўлган Назир Тўрақулов маъруза қилади ва 1921 йил 7 ноябрь куни Октябрь инқилобининг 4 йиллиги санаси муносабати билан отув ҳукми 5 йиллик қамоққа алмаштирилади. Шундан сўнг, Туркистон ҳукуматидаги маҳаллий арбобларнинг барчасининг пири устози бўлган Муфти Садриддинхон Туркистондан чиқиб кетади. Аввал Афғонистонга ўтиб, 1923 йил ўрталаридан Эроннинг Машҳад шаҳрига жойлашади ва Туркистон озодлиги учун курашчи бўлгани туфайли яхши мавқе қозонади. У 1934 йил 8 июль куни кечаси Эрондаги вазиятнинг ёмонлашиб бориши ортидан Машҳадни тарк этишга мажбур бўлади. 31 июль куни Кобулга келиб, бир муддат Афғонистондаги ҳолатни ўрганади. 1935 йилнинг 6 августида эса Садриддинхон Ҳиротга сургун қилинади. Сўнгра Қандаҳорга йўлланади ва шу ердан чиқиб кетиши тақиқланади. Хуллас, бутун ҳаётини Туркистон эрки ва озодлиги йўлида курашга бахшида этган қаҳрамон ватандошимиз Муфти Садриддинхон Шарифхўжа қозикалон ўғли 1944 йил Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида ғарибликда вафот этади.