Тўполончи депутат

Тўполончи депутат

Ёхуд Мирзаободда xотиржамликнинг буткул бекор қилинганлиги хусусида

Кўчани белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, ҳайдовчиларнинг “олқиши”га сазовор бўлиб турсам, ёнимга бир автомашина келиб тўхтади. 

– Ўтиринг, ишхонагами, таниш овоздан сергакланиб, салон ичига қарасам, партия вилоят кенгашида депутатлар билан ишловчи гуруҳ раҳбари Муродхон Отахонов жилмайиб турибди…

Муродхонни анчадан бери танийман. Роса куйди-пишди кадр. Бир қарасанг, ҳали у туманда, бир қарасанг ҳали бу шаҳарда юради. Юзага келган муаммоларни иложи борича жойида ҳал қилиб қўя қолади. Тўғриси, масала ўз ечимини топмагунча тинчимайди, ўзгаларгаям тиним бермайди.

– Мирзаобод туманидан келаяпман, – Ҳол-аҳвол сўрашгач гап бошлади у. – Хабарингиз бор, маҳаллий кенгашларга жами 46 нафар депутатимиз сайланганди. Шунинг 7 нафари вилоят кенгаши, 39 нафари эса туман, шаҳар кенгашлари депутати. Биласиз, Мирзаободда битта тўполончи депутат бор. Ўша  опа билан яна маҳалла кездик. Эринмай одамлар билан гаплашдик. Опа ҳаммани эшитиб, дарду-ташвишларини эринмай ёзиб олди.

Айниқса, МФЙларга бириктирилган, лекин ойда-йилдаям қорасини кўрсатмай, халқдан қочиб юрган баъзи раҳбарларнинг исм-шарифларини ён дафтарига алоҳида белгилаб қўйди. Энди туман кенгашининг навбатдаги сессиясида ўша жанобларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди.

Мирзаободлик баъзи “каттакон”ларнинг айтишича, тўполончи опанинг яна қайта сайланиши туманда ҳотиржамликка буткул барҳам берилганлигининг белгиси эмиш. Отахоновнинг гапи ўзига наша қилиб кулиб юборди-да, сўнгра, баландроқ оҳангда қўшиб қўйди: xуллас “ўртага чиққан” 19 та муаммонинг 7 тасини жойида ҳал қилиб келяпмиз. 

Суҳбатдошимни гапларини эшита туриб, мирзаободлик тўполончи депутат Ҳикоят Амонбоевани эсладим. Кўринишидан оғир, босиқ, ўта мулоҳазали бироқ… бироқ одамларни ўйлантираётган муаммоларни кўрган ё эшитганда қони қайнаб, унинг “ижодкорларию-сабабчи”ларини кўча-куйдами, иш хонадами, ёхуд бирон бир йиғилишдами юзинг-кўзинг демай, роса савалайди. 2020 йили у тумандаги 5-Деҳқонобод сайлов округидан сайланган бўлса, бу гал 11-Янги Тошкент сайлов округидан номзодини қўйди. Шу тариқа мирзаободликлар опани “қўйиб юборишмади”…

Ҳ.Амонбоева 1969 йилнинг 22 апрелида Мирзаободда туғилган. 1990 йилда Сирдарё давлат педагогика олийгоҳини битириб, Боёвут туманидаги 23-умумтаълим мактабида биология фанидан дарс бера бошлади. 2001-2018 йилларда Гулистон шаҳридаги 9-умумтаълим, 2018 йилдан 2023 йилгача Мирзаобод туманидаги 21-умумтаълим мактабида директор, худди шу йилдан бошлаб Халқ депутатлари туман Кенгашида котибият мудири лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. Оилали, 2 нафар фарзанди бор. 

Ҳа, дарвоқе, 2021 йили унинг 34 йиллик педагоглик фаолияти, заҳматли меҳнатлари қадрланиб, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони берилди...

Унинг камтарингина таржимаи ҳоли шундан иборат. Опанинг бадиий адабиётга, санъат ва шеъриятга айрича меҳри борлиги ҳам мени ҳайратга солади. Айниқса, жаҳон адабиёти ва шеърияти намояндалари ҳақида гап кетгудек бўлса, Ҳикоят Абдураззақовнанинг яйраб сўзлашларидан, ёниб шеър ўқишларидан кўп бора завқланганман.

Тумандаги эҳтиёжманд оила вакилларини “Темир дафтар”га киритиш, партиянинг “Уйма-уй”, “Депутатнинг бир куни” каби лойиҳаларида ҳам мунтазам иштирок этиш, ҳазрати фуқаронинг дардига уззукун қулоқ тутиб… яна китоб мутолаасига вақт топа билиш бугун ҳамма раҳбарнинг ҳам қўлидан келавермайди... 

–АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Оқ уйда ўтирволиб, дунё ташвиши билан шуғулланган бўлсаям, ҳар куни 2 соат вақтини китобга ажратган экан – дейди опа куйиниб. – Биласизми, ўқимаслик фикрсизликка олиб боради. Фикр-мулоҳаза қилмайдиган одамни эса ҳар қаёққа етакласанг кетаверади. Шу офатдан эҳтиёт бўлишимиз шарт!

Охирги марта депутат билан суҳбатлашганим… очиғи, ўша гурунгда билиб-билмай унинг “ярасига туз сепиб” қўйганимни эсладим. Бу суҳбатга ҳали унча кўп бўлгани йўқ… Гапнинг очиғи мен унинг фаолияти ҳақида ёзмоқчи эдим лекин ўша “туз” туфайли мавзу бутунлай ўзгариб кетганди… 

–“Ҳар ким ўз юмушини бажарса, олам-гулистон. Сартарошни сувоқчи қилиб қўйсангиз деворга совун кўпиги суртади. Этикдўзни сартарош қилсангиз, одамнинг бошига мих қоқади”.  Бу ўзбекнинг улуғ адиби Ўткир Ҳошимовнинг бебаҳо фикрлари – дея гап бошлаганди, ўшанда опа.

– Сезяпсизми, айни кунларда деворга кўпик суртадиганлару, одамнинг бошига мих қоқишга шайланган “устаю устазодалар” ижтимоий тармоқлару – телевидениеда ёмон қовуннинг уруғидек кўпайиб кетди. Бўлмаса телевидениеда китобхонликни тарғиб этувчи республика миқёсидаги танловга қизиқчилару-раққосалар бошловчилик қилишмасди. Энг ёмони, ўша “бошловчи”ларнинг ўзлари ақалли битта китобни умри давомида ўқиб охирига етказишганмикан?  

Ўзини қўшиқчи санаётганларга келсак, рости, гап уларнинг жуда кўпчилиги 3 минг йиллик тарихга эга бўлган миллатимизнинг тилини тап тортмай ҳақорат қилишгача бориб етишди: 

Исминг сенинг Наташадур, 
Красавица деб аташадур, 
Мини юбка ярашадур, 
Сени севсам можнаму? 

Қани айтинг, буни қўшиқ деб аташ мумкинми?! Афсуски, бу каби “мағзава хониш”лар ҳар куни телевидение каналларида “адашган ит каби айланиб юрибди”. 

Мен ўзбек матбуотининг дарғалари – Иброҳим Ғафуровлари, Аҳмаджон Мелибоевни, ҳаким Сатторий ёки Ҳусан Эрматовларни кўрмаганман, улар билан ҳамсуҳбат ҳам бўлмаганман. Лекин уларнинг мақолаларини излаб топаман. Мана эшитинг, - опа асабий ҳолатда ён дафтарини титкилаб, керакли варақни топади-да ўқий бошлайди: “Маза-матрасиз тўқима сериаллар туфайли тилимизга сохта сўз, ибора ва айтимлар шовуллаб кириб келмоқда. Бу жараён шу тарзда давом этаверса, тил деб аталмиш бебаҳо бойлик бора-бора қоришиқ бўтқага айланиб кетади”.  Бу А.Мелибоевнинг оташин фикрлари. 

“Бугунги ёшлар нимага кўпроқ қизиқмоқда? Миллионлаб томошабин “топган” “Кўк жигули” каби лойиҳалар аслида бизни сергакликка, соҳадаги мутасаддилар ва раҳбарларни инсофга ундаши керак эмасми?! Санъатнинг тирикчилик индустриясига айланишида томошабин бўлиб турган вазирликдан рози бўлиш мумкинми?! Саволлар кўп…

Сирасини айтганда, буюк аждодларимиздан бой ва жудаям қимматли баъзи ўринларда дунёнинг бўйи етмай қоладиган мерос қолган. Биздан кейинги авлодга у қандай етиб боради?! Етиб борадими ўзи?! Биз бу борада қачон ўйлаймиз?! Бизни масаланинг шу жиҳатлари безовта қилиши зарур!” 

Бу фикрлар Ҳусан Эрматовга тегишли бўлиб, англашимча, журналист санъатфурушларнинг қилиқларидан жони ҳалқумига келиб, шу йўсинда чиқиш қилган.

Турсунбой, Турсунбой, юрагимдан олдинг жой, 
Рости чидамай кетяпман, айтақолгин қачон тўй? 

Бу “хонишча”ни яқинда телевидениеда бир ўзбек қизча сакраб-сакраб ижро этди. Энди тушунаётгандирсиз, менинг нега жизғанак бўлаётганиму, соҳа фидойиларининг марказий матбуотда бўғилиб мақола эълон қилаётганликларининг сабабини. 

Яна бир гап, ўтган йилнинг ноябрь ойи бошларида Республика Маьнавият ва маърифат маркази томонидан “Маьнавий экспертиза” жорий этилиши эълон қилинганида, гапнинг очиғи мен ҳам хурсанд бўлгандим. Негаки, юқоридаги каби алаҳсирашлару, алмойи-жалмойи, миллатга иснод келтирувчи, телевидение ва медиамаконда безбетларча намойиш этилаётган бу каби “қўшиқ”лару, сериаллар, кинофильмлар мазкур экспертиза туфайли тартибга солинар, дея умид қилгандик.

Бироқ республика Адлия вазирлигидагилар буни цензура деб баҳолашиб, марказ ташаббусини йўққа чиқаришибди. Янаям аниқроқ айтганда яқинда “Миллий тикланиш” газетасида эълон қилинган Умид Арслонбековнинг “Нега миллий кино санъати мутасаддилари томошабинликдан нарига ўтиша олмаяпти?” мақоласида қатъий таъкидланганидек, улуғвор ташаббус “туғилдию-бўғилди”.

Тасаввур қилинг, ўзбек қизи “чидамай кетяпман, қачон тўй бўлади” деб “нолаю фиғон” қилиб турса… бундай ҳаёсизликларни тартибга солишнинг нимаси ёмон ахир?! 

Адлия вазирлиги мутасаддилари шулар ҳақида бир ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди. Қолаверса, баъзи лоббичилар ҳам бу ҳаракатни цензура – ўзбек маданияти-ю, санъати, қўшиқчилиги ривожига қўйилган тўсиқ дея аюҳаннос солишди, солишмоқда. Лекин ўз миллатини қадрлаган ватанпарвар, ҳушёр, онгли одамнинг ҳеч бири бу экспертиза фаолиятига қарши чиқмади. Аксинча унинг зудлик билан иш бошлаб, телевидение ва медиамаконда тартиб ўрнатишига умид боғлаганди.

Аммо… лекин… бироқ…

Опа куюнчаклик билан сўзлайверади.

Эътибор бериб қарасам, қалингина дафтарда яна бир талай битиклар бор. Аниқ сездим, уларда ҳам қанчадан-қанча сайловчининг муаммоси мужассам…