Тафаккурсизлик қуллик ва ожизликка олиб келади

Тафаккурсизлик қуллик ва ожизликка олиб келади

Дунё маънавий инқироз ёқасида эмас, нақ гирдоб ўртасида турибди... 

Ва, кеч бўлсада, бунга қарши курашишнинг ягона чораси илм экани, бунга эса китобхонлик даражасини ошириш орқалигина эришиш мумкинлиги айтиляпти. Тан олиш керак, бу каби фожиавий ҳолатларни олдиндан кўра олган Италия, Германия, Буюк Британия ва Туркия каби ривожланган давлатлар аллақачон илмга зўр беришяпти, китоб, газета ва журналлар ўқишни қадриятга айлантиришяпти.

Куни кеча Тошкентда “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остидаги га старт берилди. 

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йилдан буён мамлакатимизда ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

АОКА, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталикнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар соат сайин доираси кенгайиб бораётган ахборот уруши даврида маънавий баркамоллик билангина омон қолиш мумкинлигига урғу беришди. Бу даражага етишиш воситаси эса китоб. 

Аммо асосий мақсад китоб ўқибгина қолмай у орқали тафаккурни кенгайтиришга эриша олишдир. Тадбирда “Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ҳам сўзга чиқиб, китобхонлик ҳамиша партиянинг диққат-эътиборидаги масала бўлиб келганини алоҳида таъкидлади. 

Маълумки, “Миллий тикланиш”нинг бош ғояси инсон ўзгариши билан боғлиқ. Яъни, инсон ўзгарса, жамият ўзгаради, давлат тараққий этади, фаровонлик бўлади. Инсон ўзгаришини эса тафаккур ўзгаришларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, партия учун китобхонлик доимо устувор масала бўлиб келган. 

Афсуски, бугунги иллатларимиздан бири кутубхоналарни бозор, тўй-томошалар билан солиштирганда кўринади. Бозор, тўйларга борсангиз одам гавжум, лекин кутубхоналарда бармоқ билан саноқли одамлар, холос. 

– “Дарҳақиқат, бугун Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ёки Болалар кутубхонасини ҳисобга олмаганда ҳудудлардаги кутубхоналарга жуда кам одам боряпти. Бунга сабаб қилиб аксарият ҳолларда керакли адабиётлар камлиги, кўпинча, ёшларнинг тил ўрганишдан ортмаётгани, спорт тўгараклари ёки репетиторлик машғулотларидан вақт орттиролмаётгани айтилади. 

Мутахассисларнинг қайд этишларича, аслида мутолаа учун бир кунда ярим соат вақт ажратилса ҳам кифоя. Аксарият манбаларда китоб ўқишни кундалик режага киритган кишининг мияси секин қариши, у асло хотира ва нутқ бузилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслиги ёзилган. Яна бир манбада қадимда китоб жуда қиммат бўлгани боис XVIII асргача аксарият кутубхоналарда китоблар ўғирланмаслиги учун занжирга боғлаб қўйилгани қайд этилган. 

Шукурки, бугун ўқийман десангиз китоб дўконларидан исталган мавзу ва тилдаги китобни топасиз. Аммо бу борада ҳамон жамоатчилик орасидаги баҳс давом этиб келаётир. Кимдир китобхонлар камлигидан, китоб сотувчисидан кўра, кўкат сотувчи яхшироқ даромад топаётганидан нолиса, бошқа биров ўқишга арзигулик китоб растада чанг босиб ётмаслигини айтиб, мазмунли асарлар ёзиш кераклигини танқид қилади.

Афсуски, бугун мутоала борасида катталар ҳам ёшларга ибрат кўрсатолмаяптилар. Яширмаймиз, китоб саноатида муаммолар жуда кўп. Энг катта муаммо бу – ўзбек китоб базасининг қашшоқлиги. Тарихан олиб қараганда, китоб бойлигимиз етарли. Афсуски, фақат ўша базадан фойдаланамиз, холос. Янги база эса тўла шакллантирилгани йўқ. 

Давлатимиз раҳбари нутқларида ҳам бир неча бор китоб тафаккур озуқаси экани таъкидланиб, китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамга қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз, савол беришни биласиз, деган эдилар. 

Дарвоқе, айтиш керакки, ҳафталик доирасида республика бўйича 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, Тошкент шаҳридаги “Dream park” боғида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларидаги маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларида “Ноширдан китобхонга” тамойили асосида китоб савдо-ярмаркалари ўтказилиши режалаштирилган.

Тирик жон борки, манфаат ва мақсад билан яшайди. Бир бурда қушча ҳам тонг чоғи ўз инидан бир ушоқ илинжида учиб кетади. Маҳлуқот ичида инсоннинг мукаррамлиги унинг манфаатларига эриш имкониятида эмас, авваламбор тўғри манфаат ва мақсадни белгилай олиш имкониятини берадиган тафаккуридадир. 

Жамиятнинг тафаккур салоҳиятини ўлчаш учун арзон бозор ва тўй-маъракалар билан китобгоҳ ва илмгоҳларнинг гавжумлигини солиштиришнинг ўзи етади. Соғуний ҳазратлари айтганларидек, ўзбеклар ошга борганларидек бирлаша олганларида эди…

Бугун глобалчилар инсонга олий мақсад, пировардида, қадрият сифатида тинчлик ва тўқликни таклиф қилмоқдалар. Албатта, ҳеч ким оч, юпун ва хор яшашни истамайди. Лекин улар тинчлик ва тўқликни етказиб берувчиси,  монополисти бўлиш даъволарини ҳам яшириб ўтиришмаяпди.

Агар тўқлик, қадрият, яъники, инсон табиатидаги тафаккурни қадрсизлаш ҳисобига пайдо бўлса, инсонни қўлга ўргатилган ҳайвондан қандай фарқи қолади? Баҳайбат ҳайвонни бир бурда қанд билан ўйнатганидек, миллионлаб аҳоли гаровда, давлатлар тақдири эса савдога мол сифатида юборилмаяптими? Нега шундай бир пайтда Давлат раҳбари ўзимиздан бошқа ҳеч кимга ишонолмаймиз, деб бонг уряпти?

Нега бугун Ўзбекистонда китобхонлик кенг тарғиб қилинмоқда? 

Биз 80 йил қулликда яшадик. Ундан аввалги бир-икки юз йилликларни ҳам тафаккурсизлик даври эди деб айтиш мумкин. Тафаккурсизлик эса қуллик ва ожизликка олиб келар экан. 

Ҳеч қайси босқинчи эгаллаб олган ҳудудларида илм-фан ва тафаккур тараққиётини истамайди. Тарих гувоҳки, бизда ҳам энг олий қадриятларимиз бўлган идрок, тафаккур ва тарбияни йўқ қилиш учун барча чоралар кўрилган ва бунга қисман эришилган. 

Ўзбекистон бугунга келиб, ана шундай оғир ўтмишдаги тикланиш давридан ўтиб, тараққиёт даврига қадам қўйди. Бу даврнинг муваффақияти эса ўқийдиган жамиятни тақозо қилади. Биз ўқишимиз ва болаларимизни ўқишга ўргатишимиз керак. Шундагина мақсадимизга эришамиз.

Шу маънода ҳам ушбу тадбир ташаббускорлари Ўзбекистон учун жон куйдирадиганлар, Ўзбекистон фидоийларидир. Уларни олқишлаш ва доимо қўллашимиз керак.

Бугун нима учун болаларимиз қўлига китоб олса, уйқусирай бошлайди. Нима учун бугунги авлод фақатгина ўша тўқлик ва тинчлик ҳақида ўйлаб қолди. Биз бундай аждодларнинг авлодлари эмас эдик-ку. Инсониятга бутун тараққиёт йўлларини кўрсата олган бир миллатнинг вакили сифатида биз қандай қилиб қўлимизга китоб ушлаганда уйқуси келадиган ёшларга эга бўлиб қолдик, нега болаларнинг қўлига китоб бериш орқали кўникма пайдо қила олмаяпмиз? 

– Тараққиёт даврида эса тафаккур қиладиган, маънавий ва маърифий қудратга эга бўлган ёшларга эҳтиёж бор. Бу эҳтиёж, албатта китобхонликни кенг тарғиб этиш орқали амалга ошади. Мана шундай буюк мақсадлар йўлида бирлаша олсаккина халқимиз хоҳлаётган фаровн ва ривожланаётган Ўзбекистонга эга бўламиз, – дейди Алишер Қодиров.

Дарҳақиқат, китобхонлик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Хоразмийнинг “Мафатих ал-улум”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий”, Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” ва Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг қатор асарларида китобхонликка оид қимматли фикрлар баён қилинган.

“Мен болалик чоғимданоқ, — деб ёзганди Беруний, — ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Биз яшайдиган қишлоққа бир юнон кўчиб келган эди.

Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳоказоларни олиб бориб, унга кўрсатардим, бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим…”. Англашиладики, ўқиш учун тарғибот тадбирларининг ўзи етарли эмас, инсоннинг ўзида ҳам иштиёқ ва интилиш бўлиши керак. 

Шу ўринда яна бир гап. Биласизми, ноширликда Тожикистондан бир қадам олдиндамиз. Улар китобларни Туркияда нашр қилиб, олиб келишади, Қирғизистонда эса ҳамма нашриётлар банкрот ҳолатида, чунки мамлакатга Чин юртидан арзон китоблар кириб келмоқда.

Руслар эса жуда катта китоб базасига эга. Бу маълумот “Гиннеснинг рекордлари” китобида қайд этилган. Лекин соҳа 2016 йилдан бошлаб Россияда уч марта қисқарган. Бунга сабаб солиқлар, китоб саноатига бўлган имтиёзларнинг йўқ қилиниши ва юқоридаги “контрафактчи”лар... 

Бизда ҳам кейинги йилларда ноширлик фаолияти ислоҳ қилинган бўлишига қарамай, аксарият ноширлар ҳамон яхши китобларни катта тиражларда нашр қилишдан чўчишади. Сифатсиз чиқишидан эмас, сота олишмаслигидан қўрқишади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз: китобхонликдек эзгу фазилат фақат оилада шаклланади ва қанот ёяди. Ҳар қандай янгилик, шов-шувли хабар ёки ноёб воқеалар ҳам кун келиб эскиради. Бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди.