Президент ташрифидан кейин ҳамма уйғонди

Президент ташрифидан кейин ҳамма уйғонди

Ёки Зарбдордаги битта маҳалланинг 80 нафар тадбиркорига 2,3 миллиард сўм кредит берилгани ҳақида

Наҳотки 20 кишини иш билан таъминлаш, банкдан кредит олишда ёрдам бериш туман раҳбарига шунчалик қийин эди, наҳотки чоғроққина бўлса-да, тикув цехини очиш учун ҳам вилоятдан, ҳам республикадан рухсат сўраш керак бўлган? 

Илк учрашганимизда айтилган бу гапларга жўяли жавоб қайтармагандим. Чунки ўша кезларда пахта деганлари одамдан ва унинг қадридан-да қадрлироқ эди.

Ўша суҳбатга ҳам 10 йил бўлибди. Яқинда Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида бўлганимда тасодифан опани учратиб қолдим. Бу сафар у кишининг кўзларидаги ўтни кўриб, кайфиятим кўтарилди…

Жумагул Боймуродова - кўҳна Зомин фарзанди. Умрининг қарийб 33 йилини аввал ўзи туғилиб ўсган масканда, сўнгра қўриқ -  Зарбдор туманидаги почта алоқа тармоғи ривожига бағишлаган.  2007 йилдан буён эса тумандаги «Тинчлик» МФЙ га раис.

– 2024 йилнинг 8-9 апрель кунлари Президентимизнинг Жиззахга ташрифларидан кейин, ҳў бирда сизга айтган муаммолару, сансалорликларнинг барчаси туш бўлиб қолди-дейди опа. – Чунки Юртбошимиз туманимизда ҳам бўлиб, мавжуд аҳвол билан танишдилар, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатиб, вилоят, республикадаги қатор вазирлик, идора, ташкилот ва банк раҳбарларини истиқболли лойиҳаларга масъул этиб бириктириб қўйдилар.

Энг асосийси, Президентимиз ташрифларидан кейин ҳамма ғафлат уйқусидан уйғонди. Биргина менинг маҳалламда 80 нафар тадбиркорга қарийб 2,3 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар берилди. 
Хуллас Юрт отасининг пойқадами қутлуғ келиб, Зарбдор обод манзилга, иқтисоди бақувват туманга айланмоқда.

Эсимда, Президентнинг ташрифи якуни туманнинг «Лалмикор» МФЙ да ҳукумат раҳбарлари, вилоят, туман фаоллари иштирокидаги йиғинда Президентимиз Зарбдор туманини бутун республикага машъал қилиб кўрсатмоқчи бўлаётганларини айтгандилар. Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Ўктамжон Сулаймоновнинг айтишича, ҳозир ҳудудда 70 минг гектардан ортиқ экин майдони бор. Аҳоли сони эса 96 минг нафар.  – 45 километр республика аҳамиятидаги автойўллар, 28 км темир йўллар тармоғи айнан бизнинг ҳудуддан ўтган.

Ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш, жойлаштириш учун қулай бўлган 40 гектардан ортиқ бўш ер майдонимиз ҳам борки, «Зарбдор тажрибаси» асосида биз билан ҳозирда ҳамкорлик қилаётган 10 дан ортиқ хорижий давлат инвесторларининг бари бизга ҳавас қиляпти.

Туманда чорвачилик, паррандачилик, қишлоқ хўжалиги, тикувчилик ва тўқимачилик, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш учун ҳам имкониятлар сероб. Юртбошимиз туманда бўлганларида бундай драйвер соҳаларнинг ёрқин истиқболларини далил ва рақамлар билан исботлаб бердиларки, энг танбал одамда ҳам чор-атрофга кўзларини кериброқ очишга мойиллик пайдо бўлди, - дейди Ўктамжон Сулаймонов.

Маълум бўлишича, тумандаги 24 та МФЙда 17 минг 200 та хонадон бўлиб, «Уйма-уй» лойиҳаси асосида уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганиб чиқилган. Талаб ва таклифлардан келиб чиқиб эса ҳомий ташкилотлар ҳамда республика банклари томонидан имтиёзли кредитлар, субсидиялар, моддий ёрдамлар ажратилган. Натижада 34 минг киши иш билан таъминланиб, ишсизлик даражаси 5.9 фоизга, камбағаликни тугатиш кўрсаткичи 5,3 фоизга туширилган.

Хорижда юрган 2100 нафар зарбдорлик ёшларнинг 1200 нафари ҳам қайтарилиб, барчаси даромадли соҳаларга йўналтирилган. Туман саноатидаги ўсиш 2023 йилда 367,5 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йил якунида бу кўрсаткич 463 млрд сўмга етди. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг 31 октябрь ҳолатига 27,9 млн АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда йил якунида 36,5 млн АҚШ долларига кўтарилди. 

-Хуллас Зарбдоримиз ўзгаряпти – дейди суҳбатдошим – Ҳамманинг оғзида яна ўша гап: Қилса бўлар эканку! Барчамизни уйғотган Президентимизга раҳмат!  Бу менинг сўзларим эмас, элнинг гаплари, Юртбошига юртнинг дуоси! 

Яна рақамларга қайтсак: биргина шу йилнинг ўзида «Зарбдор тажрибаси» асосида 11 та йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилиб, 118,4 млн АҚШ доллари ўзлаштириладиган бўлди. Натижада яна 3 286 та янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари «Сайхунобод», «Уйчи», «Ғиждувон» тажрибалари асосида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича,  2025 йил якунигача туманда жами 1555 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 126 млн АҚШ доллари қийматидаги инвестиция жалб этилади. Алалоқибат 14,5 мингта иш ўрни ташкил этилиши баробарида 52,5 млн АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Йил якунигача 126 млрд сўм бюджет тушуми таъминланиб, қатор йиллардан буён зарбдорликларнинг бошини хам қилиб келаётган давлат дотацияси ҳисобига кун кечиришяпти деган тамғадан қутуламиз. 

-Агар эсласангиз, илк танишган чоғимизда туманнинг ўша вақтдаги тепса тебранмас раҳбари мени пахта сиёсатининг ашаддий кушандасига чиқариб қўйганди – дейди Жумагул Боймуродова. – Очиғи пахтачиликдан кўра, сердаромад соҳалар ҳам бор эканки, бунга энди амин бўляпмиз. Масалан, брокколининг бир гектаридан 15 тоннагача маҳсулот олинишию, 150 млн сўм умумий даромад қилинишини, шунинг 35 миллион сўми ҳаражатга чиқарилгач, 115 миллион сўми соф фойда бўлиб, ҳамёнга кириши ҳақида эшитганмисиз?

Ўзимиз азалдан экиб келаётган 1 гектар майдондаги пахта ўртача 7 миллион сўм соф даромад келтиргани ҳолда, брокколининг пахтага нисбатан самарадорлиги 15 баравар юқори эканини ўтган йили 50 гектар ерга экиб билдик. Бу йил ҳудди шу ўсимликни туманда 500 гектар майдонга экмоқчимиз.

Буни айтаётганлигимнинг сабаби маҳалламиздаги ёш йигит-қизларни ўтган йили унинг парваришига қўйдик, иш ўрганишди, даромад олишди. Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Россиядан келган тадбиркорлар айни кунларда 2025 йилги ҳосил учун бўнак пулларини қанча миқдорда сўрасангизда беришга тайёр. Очиғи бу экиннинг ҳаридори жуда кўп бўларкан.

Гоҳида ўйланиб қоламан, юрган эканмизда ўз-ўзимизни алдаб: пахта бизнинг шонимиз дея…