Ҳожа Юсуф Ҳамадонийнинг асл қабри қаерда?

Ҳожа Юсуф Ҳамадонийнинг асл қабри қаерда?

У киши кўчадан ўтганларида ҳатто кўзадаги май сиркага айланиб қолгани, ётиб қолган беморларни эса оёққа  туриб кетгани ҳақида маълумотлар бор.

Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларининг волидаи муҳтарамаси  Биби Ҳожар онанинг мангу қўним топган манзили қаерда эканини биласизми? Бирор тарихчи Хоразм томонларга бориб қолса, шубҳасиз, Биби Ҳожар она, Мунис, Огаҳий, Саид Одина Муҳаммад ал-Хоразмий, Шоҳпир, Муоз ибн Жабал ёки Паҳлавон Маҳмуднинг қадамжоларини зиёрат қилмасдан қайтмайди.

Айниқса, “Улли пир”га албатта боради. Чунки Шовот тумани Бешмерган қишлоғида жойлашган ушбу масканда тасаввуф намояндаси Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг рамзий қабри бор. Шу ўринда ўқувчида табиий бир савол туғилиши мумкин: нега “Улли пир”? Боиси, хоразмликлар шевасида “улли” бу “улуғ”,  дегани, яъни “улуғ пир” маъносини билдиради.

Бугунги кунда обод ва кўркам масканга айланган ушбу зиёратгоҳ ҳақида ўз даврида жуда кўп манбаларда ҳам турлича маълумотлар берилган. Хусусан, Г.П.Снесарев ўтган асрнинг 50-60 йилларида Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳининг ўтган асрдаги кўриниши ва аҳволи ҳақида ёзар экан, бу ерда ҳар хил, айниқса, руҳий хасталикларга чалинган беморлар чиллада ётиб, даволаниши юзасидан  қизиқарли маълумотларни келтиради.

Чиндан ҳам қадимдан бу ерда турли дардга чалинган беморлар чиллада ўтириб, шифо топгани ва топишаётгани ҳақида инкор этиб бўлмайдиган далиллар бор. Ҳатто коммунистик тузумнинг даҳрийлик сиёсати авж олган даврда ҳам мазкур зиёратгоҳ одамлар билан гавжум бўлган.

Маҳаллий масъуллар одамларни бу ердан қанча ҳайдаб солишмасин, улар барибир табаррук масканга келаверишган. Уламо Ҳамро Пирмуҳаммад мазкур зиёратгоҳнинг хосият ҳақида ёзиб, бунга унинг географик кенгликнинг мўъжизали  нуқтасида жойлашуви сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Манбаларга кўра, Шайх Юсуф Ҳамадоний 1048 йили Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида дунёга келган. У ёшлик чоғида Бағдодга бориб, замонасининг етук орифларидан тасаввуф илмидан сабоқ олган. Дунёга машҳур сўфийлар Абдулқодир Жийлоний (Ғавсул Аъзам), Муҳаммад Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултоний кабилар билан учрашган, мулоқот қилган.

Шайхлар шайхи Юсуф Ҳамадоний илоҳий каромат соҳиб даражасига етишган зот бўлиб, ҳатто кўчадан ўтганларида кўзадаги май сиркага айланиб қолгани, ётиб қолган беморлар эса оёққа туриб кетгани ҳақида китобларда ҳам таъкидланган.

Ҳазратнинг Бухорога ташрифи хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Занги ота, Саид ота, Сулаймон Боқирғоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби сиймоларнинг иқтидорга келишига ҳам замин тайёрлаган. Шу боис ҳазрат Ҳамадоний хожагония ва ундан ўсиб чиққан яссавия ва нақшбандия тариқатларининг етук маънавий пири ҳисобланган.

Тарихчиларнинг қайд этишларича, Юсуф Ҳамадоний покиза, тақводор, ҳалол ва диёнатли инсон бўлган. У ҳақсизлик, мунофиқлик ва риёкорликни қоралаган. Порахўр, ёлғончи, худбин, ноҳақ қон тўкувчилар, халқ дард-аламларидан бехабар золимлардан қаҳрланган, муттаҳам, ҳаромхўр, мақтанчоқ, фосиқ, динни ўзлари учун манфаат ва эҳтиёж воситаси деб билувчи бетавфиқ кишиларни ҳузурларига чорлаб, уларга насиҳат ва танбеҳлар берган. Айрим манбаларда ҳатто ул зотнинг пес, мохов ва руҳий касалланганларни даволагани ҳақида маълумотлар учрайди.

Юсуф Ҳамадоний “Рутбат ул-ҳаёт”, “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола фи-анал кавна мусаххарун лил-инсон”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот” каби асарларнинг муаллифи ҳамдир. Ижодкор-ўқитувчи Эркин Олломов, Ҳамро Пирмуҳаммад ва шарқшунос Абдулла Аҳмедовларнинг ёзишича, Хожа Юсуф Ҳамадоний 1105-1115 йилларда Хоразмга келади. Хоразмшоҳ томонидан ул зотга ҳозирги Шовот туманининг Катқалъа қишлоғи ҳудудида ўз тариқатини юритиши учун ҳашаматли хонақоҳ қуриб берилади. Юсуф Ҳамадоний айнан шу ерда ўзининг тасаввуф мактабини очган.

Аксарият тадқиқотларда Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг 1141 йили ҳозирги Афғонистоннинг Бомиён шаҳрида вафот этгани қайд этилган.  Шовотлик уламо Жумабой Сафаровнинг “Юсуф Ҳамадоний ёди” рисоласида таъкидланишича,  вафотидан кўп ўтмай, унинг васиятига кўра, улуғ пир муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига қайта дафн этилган.

Хоразмда ҳам алломага эҳтиром ниҳоятда юксак бўлган. Шу боисдан ҳам  ул зот вафот этгач, табаррук қадами теккан Катқалъа ҳудудидаги хонақоҳ  ўрнида ҳашаматли мақбара тикланиб, унинг атрофи ободонлаштирилади. Бу даврда Катқалъа Хоразмнинг Гурганж, Хива ва Ҳазораспдан кейинги нуфузли кенти сифатида машҳур эди. 

Афсуски, ХIVаср охирларига келиб, Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ-мажмуаси бир қанча босқинчилик урушлари оқибатида хароб ҳолга келиб қолади. Босқинчилик, талон-торожлик ниҳоялангач, хоразмлик сўфий алломалар саъй-ҳаракатлари билан бу ерда уч нафар аллома: Юсуф Ҳамадоний, Шайх Абдулқодир Гилоний ва Саид Али Ҳамадонийларнинг рамзий қабри тикланиб, махсус мақбара бунёд этилади.

Шу тариқа олис ўтмишда масжид, чиллахона, мақбара ва бошқаларни ўз ичига олган Юсуф Ҳамадоний номи билан боғлиқ мажмуа вужудга келади. Бироқ даврлар ўтиши билан табиий офатлар, урушлар натижасида мажмуадаги иншоотларга зиён етади. Айниқса, ХХ асрда собиқ шўролар давридаги эътиборсизлик ва бузғунчиликлар оқибатида мажмуадаги аксарият иншоотлар бузилиб кетади. 

Мамлакатимиз мустақиллиги арафасида Шовот туманининг бир гуруҳ фаоллари мазкур табаррук даргоҳни қайта обод қилиш, 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида ёпиб қўйилган жомеъ масжиди фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида кўп заҳматлар чекишади. Аммо, собиқ шўролар даврида миллий ва диний қадриятларга ҳукмрон мафкура  томонидан жуда ёмон муносабатда бўлингани сабабли бу мақсад ортга сурилади.

Лекин шунга қарамай, “Улли пир”нинг қадамжосини бу аҳволда қолдиришни ҳам тарихга, ҳам динимизга лоқайдлик деб баҳолаган 20 нафар дин пешволари қўрқинчли бир даврда ҳам ушбу манзилда жума намози ўқилишига рухсат сўраб, Москвага хат ёзишади. Хатга ҳадеганда жавоб келавермагач, хат муаллифларидан бири Ҳамро Пирмуҳаммад 1989 йилнинг октябрь ойида Москвага боради.

У ерда тегишли идоралар мутасаддилари билан учрашиб, ниҳоят “Хоразм вилояти Шовот туманидаги Бешмерган қишлоғида жойлашган “Юсуф Ҳамадоний” масжидида жума намози ўқилишига рухсат берилди” мазмунидаги жавоб хати билан қайтади.

Гарчи хатда юқори ташкилот муҳри бўлишига қарамай, коммунистлар зуғумидан юрак олдириб қўйган маҳаллий раҳбарлар фақат бир ой ўтганидан кейин – 1989 йилнинг 4 ноябридагина “Юсуф Ҳамадоний” масжидида намозга рухсат беришади. Ўша куни 300 нафар мусулмон Ҳамро Пирмуҳаммад имомлигида жума намозини адо этишади.

Афсуски, Юсуф Ҳамадоний қадамжоси узоқ вақт ўта хароб ва ташландиқ аҳволда қолди. Фақат 1993 йилда Хоразм вилоятининг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзовнинг ташаббуси билан бу ерда кенг кўламли қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу хайрли ишга эса бутун вилоят аҳли, шунингдек, Туркманистон ва Қорақалпоғистонлик қондошларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.

Натижада, зиёратгоҳ обод ва кўркам масканга айланди. 2022-2023 йиллар давомида эса маҳаллий фаоллар ва ҳомийлар кўмагида Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳида жуда катта бунёдкорлик ишлари олиб борилди.  Яъни минг нафар намозхон сиғимига эга жомеъ масжиди, 25 метр баландликдаги минора қайта бунёд қилинди. Музей қайта таъмирланиб, кўргазмали ашёлар билан бойитилди. Натижада, муҳташам Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуаси вужудга келди.

Янги Ўзбекистонда туризм тобора ривожланиб бораётган бир даврда Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳ мажмуи қайта таъмирлангач, келиб-кетувчилар оқими сезиларли даражада кўпайди. Мустақилликнинг илк йилларида экилган 300 тупдан ортиқ турли навли гужумлар, арча дарахтлари бугун кўкка бўй чўзган. Қани энди туризмни ривожлантиришга оид лойиҳалар доирасида Хоразмдаги “Сулаймон қалъа”, “Ичан қалъа” каби тарихий манзиллар ҳам обод этилиб, сайёҳлар оқими яна кучайса...