Ховосга боргандим, совуқдан жунжикиб, дастурхон атрофида ухлаб қолибман. Уйғотиб юбормаслик учун уйимдагилар билинтирмай қўшни хоналарга чиқиб кетишибди. Онам оҳиста ёнбошлаган эканлар, уйғонганимни кўриб қад ростладилар.
– Турдингми, болам? – Ҳа, – дедим. – Узр, чарчадим шекилли, кўзим кетиб қолибди.
– Ма, мана буни олиб қўй, қизларингга берарсан...
Онамнинг қўлига қарасам узук.
– Ма, болам энди булар менга керакмас.
Онамнинг товуши шунчалар хазин чиқдики, гўёки ҳаётга бўлган сўнгги умидларини узаётгандек туюлди менга. Бирдан кўзим каттароқ очилди. Юрагим орқага тортиб кетди. Онамга, юз, кўзларига тикилиб қарадим. У кишининг ҳар доим тақиб юрадиган сирғалари йўқ эди қулоқларида. Дарров иккала қўлларини ушладим. Одатда онам икки қўлларида иккитадан тўртта узук тақар эдилар. Йўқ. Бўйниларидаги тилла зебигардон ҳам кўринмади. Кўйлакларига разм солсам, эски, униқиб кетган рангсиз кўйлак.
– Онажон, жоним онам, илтимос, ўзингиз тақинг, жооон онажон. Бу тиллалар фақат сизга ярашади. Жоон Онажон, ҳар кун биттадан янги кўйлак кийинг. Бутун дунё бойликлари Сиздан айлансин, Онажон! Илтимос, тақиб, кўзларимизни қувонтириб юринг онажон, сизни чиройли кўриб, дилимиз яйрасин, илтимос ечманг. Илтимос, кетаман деманг, ҳали кўп яшайсиз. Ҳали кўп тўйларимизга бош бўласиз..
– Йўқ, буларнинг ҳеч бири энди менга керак эмас. Ўлим эртароқ келса-ю, эртароқ йиғиштириб кетса, битта-ю, битта тилагим шу.
Бошим эгиб, онамнинг қўлларини кўзимга суртар эканман, ўкраб йиғлаб юбордим.
Онам ҳаётни севувчи, ҳаёт учун курашувчи, оғир дамларни тушкунликка тушмай чидам ва матонат билан енгиб ўтувчи, қийинчиликлардан ҳам яхшилик ахтарувчи инсон эдиларку. Нега бугун бу қадар тушкун кайфиятдалар? Нега ўзгардилар? Оналар ҳаёт деганлари билан ришталарни оҳиста узиб кетар, биз ғофиллар буни сезмас эканмизда? Қани менинг мард ва виқорли, қадди баланд, шиддатли онам?
Бола пайтларим эди. Уйимиз олдидаги ялангликда қора шом тушганча тўп тепардик. Мени чақиришга борган онам, ўйинга қизиқиб кетар, “жонинг борича теп” деб ҳайқирардилар. Йиллар ўтди. Онамнинг бу жанговар қиёфаси юрагимга бир умр шижоат бағишлаб келди.
99-йил Тошкентда портлаш рўй берди. Бир икки исломий шеърим учун, китобларим дўконлардан йиғиштириб олинди, ўзим ишдан бўшатилдим. Ховосга қайтиб келдим. Онам таъзиримни берса керак деб ўйлаган эдим, аксинча, “сенга туҳмат қилганларни олдига олиб бор” деб туриб олди.
Ўшанда онамнинг важоҳати, кўзларидаги олов, ғазаб ва нафрат, она шер сингари ўкириши, мард ва енгилмас жангчи қиёфаси юрагимга бир умрга муҳрланиб қолганди.
1989-йил, биринчи марта ойлик олдим. Унгача Тошкентда уч йил уйсиз, ишсиз, пулсиз чор-ночор кун кечирдим. Қўлимга пул тушиши, мен учун катта байрам эди. Шодлигим ичимга сиғмасди. Уйга кирдим-у, пулларни ҳамма ёққа варанглатиб соча бошладим. Пуллар ҳавода гир айланар, чарх уриб, айланганча, ерга тушганларини яна сочар, пуллар тўзонида телбаларча: “ Э- ҳе- ҳе -ҳе -ҳейй одамлар, кўриб қўйинглар, мен одам бўлдим, мен ҳам пул топдим, эҳе ҳе ҳе-ееее” дея ҳайқирардим. Сўнгра кўрпачага ўтирдим-у, ич ичимдан хўрлигим келиб, аламдан ўкраб юбордим:
“Оҳ отажоним-а, отажоним-а, мен ҳам одам бўлар эканман-ку, менга ҳам пул битар экан-ку, мен ҳам пул топар эканманку, оҳ отажоним, қўлингизга бир пиёла чой тутолмадим, бир бурда нон қўёлмадим, нега йўқсиз отажон, топганим ҳаммаси сизники-ку, ҳаммасини олинг, жоним отам, поёндозингиз бўлай, бир кунгина хизматингизни қилолмадим, бир кунгина кўнглингизни ололмадим, қўлингизга сув қуйишимга зор қилиб кетдингиз отажон, қанийди ҳозир тирик бўлсангиз шу пулларни оёғингиз остига сочсам!”
Ўшанда отамга беролмаган меҳрим, қилолмаган хизматимни онамга армуғон қилишим кераклигини англаб етгандим. Кейинчалик ҳар ойлигимдан бир қисм- бир қисм ажратиб онамга тилло узук совға қилдим. Шоирнинг топган пули нимадан бўлади, қип-қизил пешона теридан, дарду аламдан бўлади, албатта. Тентираб тентираб онамга мосини узоқ излаб топганим учунми, олган узугим онамга жуда ёқди. Онам уни нақ ўттиз беш йил тақдилар. Ўттиз беш йил давомида онамга ўнлаб узуклар совға қилинди.
Ҳатто ўзим ҳам бир неча узук совға қилдим. Аммо ойлигимни йиғиб, олиб берган узук онамнинг қўлидан ечилмас, онамнинг аъзойи танига айланиб кетгандай эди. Онамнинг мен ҳадя қилган узукни тақиши эришган энг катта бахтим, зафарим, муваффақиятим эди ва бундан доимо фахрланардим. Боя онам менга тутган узук, мана шу узук эди.
Барча аёллар сингари онам ҳам янги кўйлаклар кийишни ёқтирардилар. Абдулла Орипов совға қилган камзулни анча вақт дуо қилиб кийиб юрдилар. Ёқуб Аҳмедов, Ортиқ Отажонов, Абдусаид Кўчимов, Фарида Афрўз, Шаҳодат Исахоновалар қимматбаҳо кўйлаклар совға қилган эдилар. Бу кўйлакларни байрам кунлари ёки борганимда мени қувонтириш учун киярдилар. Мен онамнинг бошқача бўлишлари мумкинлигини тасаввуримга ҳам сиғмасдим.
Оналар биздан мана шундай оҳиста узоқлашар, аста-секинлик билан бизни ташлаб кетар эканларда! Мол дунё ҳаммаси ҳаммамиздан қолар экан.
Оналарингизни асранг, азизлар!
Оналарингиз тириклигида барча мол дунёларингизни оёқлари остига ташланг. Бу дунё ҳаммамиздан қолади. Оналарингиз меҳр билан, муҳаббат билан, соғинч билан бир мартагина бошингизни силаса, сиз дунёдаги энг буюк инсонсиз. Мунис онангиз бир мартагина бошингизни силаса энг катта бахт бошингизга қўнгани шу!
Ўз онангизни дуо қилганингиз сингари маҳзун, мушфиқ, муштипар ва ҳаётининг сўнгги дақиқаларини кутиб яшаётган хокисор онаизоримни ҳам бир мартагина дуо қилиб қўйинглар, азизлар!
Илтимос!