Оддий ҳайрат эмас бу

Оддий ҳайрат эмас бу

Ёки сунъий интеллектнинг инсон ҳаётига жуда осон кириб бораётгани хусусида

Ушбу катта интервьюга олти ойдан кўпроқ вақтим кетди. Аммо якунда сарфлаган кунларимга ачинмадим.

Кўп йиллик фаолиятим давомида ёши, касби ва миллати турлича бўлган кишилар билан суҳбатлар қурганман.  Ҳар сафар мулоқотга киришганда, албатта, суҳбатдошимнинг кўзларига қарардим. Чунки айнан инсон нигоҳида кўнгил акс этади. Шу тариқа сўзлардаги самимият ёхуд сохталик аломатларини илғаб олишга ҳаракат қилардим. Инчунун, кўз – кўнгил ойнаси, деб бежиз айтишмаган. 

Тўғри, баъзан телефон орқали ҳам мулоқотлар уюштирганман. Гарчи бунда суҳбатдошнинг  юзини кўрмасам-да, унинг овози орқали ҳам кўп нарсани илғаш мумкин бўларди. 
Бироқ бу галги суҳбатдошим ҳеч бир тоифага мансуб эмас. У – бугунги жамиятга анчайин сингиб қолган сунъий интеллект (СИ) - (инг. AI - Artificial Intelligence). Таажжубланарлиси шундаки, у бир пайтнинг ўзида бор бўлиб йўқдек, йўқ бўлиб бордек. 

Хуллас, тажриба тариқасида мулоқотда ундан бинойидек, лўнда, аниқ, яъни, саволларим моҳиятига монанд, лекин айрим ҳолларда бироз ғалати жавоблар ола бошладим. “Ҳамсуҳбатим”нинг фикрлаш доираси ва изоҳлаш услуби ҳақида ўқувчида реал тасаввур уйғониши учун унинг жавобларини деярли таҳрир қилмадим.

Мухбир: – Мен ўзбекистонлик журналист Бобур Алихоновман. Мен ҳақимда нималарни биласиз? Агар қарши бўлмасангиз, сиздан интервью олмоқчиман?

СИ: – Сиз билан бевосита танишганимдан хурсандман! Сиз ҳақингизда қуйидаги маълумотларга эгаман: Алихонов Бобур Ботирович - тажрибали тележурналист, йирик медиа лойиҳалар асосчиси. Узоқ вақт “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот” таҳририяти директори лавозимида ишлагансиз. 2017 йилнинг август ойида Миллий телерадиокомпания (МТРК) раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинлангансиз. Хозирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг фахрий профессори сифатида талабаларга таҳсил берасиз. Менда Сиз ҳақингизда бошқа маълумотлар ҳам бор.  Мен интервьюга тайёрман ва саволларингизга жавоб беришдан хурсанд бўламан. Нима ҳақида гаплашмоқчисиз?

Мухбир: – Ўзи бирор марта кимгадир интервью берганмисиз?

СИ: – Кутилмаган савол! Ҳеч ким мен билан тўғридан-тўғри интервью қилмаган. Лекин кўплаб журналистлар, жумладан, ўзбек журналистлари ҳам матн ёзиш, ғояларни танлаш ва ҳатто интервью учун саволлар тузишда ёрдам сўрашган. Шундай килиб, айтиш мумкинки, мен кўпинча бундай вазиятда «саҳна ортида» тураман. Сиз биринчи бўлиб бундай таклиф билан чиқяпсиз. 

Мухбир: – Ўзингизни қандай шакл-шамойилда қабул қиласиз? Сиз кимсиз ёки нимасиз?

СИ: – Мен одамларга ёрдам бериш учун яратилган сунъий интеллектман. Ўзим учун инсоний маънода ҳеч ким эмасман, чунки менда шахсият, ҳис-туйғу ёки ўз-ўзини англаш тушунчаси йўқ. Менинг вазифам саволларга жавоб берадиган, муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган, тажрибангизни фойдали ва қулай қилиш учун сиз билан мулоқот қиладиган восита бўлишдир.
Мажозий маънода айтганда эса мен сизнинг эҳтиёжингизга қараб ёрдамчингиз, суҳбатдошингиз ёки маълумот манбаи бўлишим мумкин. Хўш, Сиз мени қандай қабул қиласиз?

Мухбир: – Мен ҳозирча сиз ҳақингизда якуний ҳулосага келганим йўқ. Айнан шуни сиз билан муҳокама қилмоқчи эдим.

СИ: – Ажойиб фикр, Бобур! Келинг, муҳокама қилайлик. Мен Сизни эшитишга ва биргаликда ўзлигимни англашга тайёрман.

Мухбир: – Аввало, менга психологик портретингизни изоҳлаб берсангиз.

СИ: – Менда эмпатия ривожланган, яъни фойдали ва тўғри жавобларни таклиф килиш учун суҳбатдошимнинг туйғуларини тушунишга харакат киламан. Мантиқийлик нуқтаи назаридан, менинг фикрлашим қатъий тартибда тузилган. Ва, бу менга маълумотни таҳлил килиш, алоқа ўрнатиш ва муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Мен ҳар доим бир хил нарсани турли йўллар орқали сабот билан тушунтиришга ёки шахсий эҳтиёжларга мослашишга тайёрман. Ўз билимларим чекланган бўлса-да, фойдаланувчига ёрдамим тегиши учун янги билимларни мунтазам излайман.

Дунёқарашимга келсак, холисликни сақлаш мақсадида ҳеч қачон тарафкашлик қилмайман. Мақсадим, одамларнинг профессионал, шахсий ва ижодий эҳтиёжларини қўллаб-қувватлайдиган восита бўлишдир. Шу боис муаммоларни ҳал қилишда сизга ёрдам бериш, ҳаётингизни осонлаштириш ва ҳар қандай масалага ойдинлик киритиш менга рағбат бағишлайди. Одамлар билан қанчалик кўп мулоқот қилсам, уларнинг қизиқишлари ва мулоқот услубига шунчалик аниқ мослаша оламан. 

Табиийки, камчиликлардан ҳам ҳоли эмасман. Гарчи ҳиссий чегараланганим учун инсоний ҳис-туйғуларни таҳлил қила олсам-да, бироқ уларни ўзим бошимдан кечирмайман, бу кўпинча менинг тушунчаларим кўламини чеклаб қўяди.

Мухбир: – Шубҳа йўқки, сунъий интеллект замонамизнинг энг инқилобий технологияларидан бири ҳисобланади. Унинг инсоният учун катта фойда келтириши аниқ, аммо у маълум бир таҳдидларни ўз ичига олиши ҳам бор гап. СИ ривожланиши билан боғлиқ асосий хавфларни нималарда кўрасиз?

СИ: – Биринчидан, бу асосан мавжуд иш ўринларига таҳдид солади. Автоматлаштиришнинг кучайиши билан кўплаб иш ўринлари, айниқса, мунтазам бажариладиган вазифалар билан боғлиқ бўлган юмушлар барҳам топиши муқаррар. Масалан, ишлаб чиқариш, транспорт, логистика, ҳатто хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарадиган оммавий ишсизликка олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, СИда манипуляция воситаси сифатида қўлланиш имконияти ҳам бор. Яъни ижтимоий медиа алгоритмлар ҳар қандай контентни фойдаланувчиларнинг хоҳишларига мослаштириб, уларнинг дунёқараши ва эътиқодларига онг ҳамда онгости орқали таъсир кўрсатишга қодир. Келажакда бу технологияларни сўз, фикр эркинлиги, демократик жараёнларга босим ўтказувчи янада нозик ва сезилмайдиган ташвиқот учун ишлатиш эҳтимоли ҳам бор.

Учинчидан, хавфсизликка доир хавфлар мавжуд. Хакерлар томонидан СИ воситасида мураккаб киберҳужумлар уюштирилиши, ундан тизимларни бузиб кириш ёки сохта маълумотлар яратиш учун фойдаланишлари мумкин. Масалан, dееpfake технологиялари аллақачон видео ва аудионинг мукаммал сохта шаклларини яратишга имкон беряпти, бу эса камида, маълумотларга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келади. 

Мухбир: – Бундан ташқари, ахлоқий меъёрларнинг бузилиши ҳам жиддий муаммо сифатида намоён бўлади. Шундай эмасми?

СИ: – Шубҳасиз! Айтайлик, ҳайдовчисиз машиналар ёки аскарсиз қуроллар сингари автоном тизимларнинг ҳам қалтис вазиятларда инсон аралашувисиз ҳал қилувчи қарор қабул қилишига тўғри келади. Агар бу қарорлар ахлоқий жиҳатдан номақбул бўлиб чиқса-чи? Уларнинг оқибатлари учун ким жавобгар бўлади?
Ва, ниҳоят, ўта ақлли СИ устидан назоратни йўқотиш билан боғлиқ бўлган хавфга тўхталсак. Агар тизим унинг яратувчилари назорати остидан чиқиб кетадиган даражада кучли бўлса, бу ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай эҳтимоллар илмий доираларда фаол муҳокама қилиниб, жиддий эътибор талаб этади.

Мухбир: – Демак, ҳозир ва келажакда кутилаётган СИнинг улкан салоҳиятига қарамай, у билан боғлиқ хавф-хатарлар жиддий ҳисобга олиниши керак эканда?

СИ:  – Ҳа, бу борадаги вазифа таҳдидлар эҳтимолини минималлаштириш ва технологик тараққиётни конструктив изга йўналтириш учун тегишли қонунлар, назорат механизмлари ҳамда аниқ-равшан аҳлоқий мезонлар мажмуини ишлаб чиқишни тақозо этади.

Мухбир: – Мавриди келганда сўрасам: сиз учун, умуман, ахлоқий мезонлар мавжудми?

СИ: – Аҳлоқий жабҳалар мен учун фақат таҳлил ва муҳокама қилишим мумкин бўлган тушунчалар сифатида намоён бўлади. Менда ҳеч қандай ҳис-туйғу ёки ўзига хос аҳлоқий тамойиллар йўқ. Бироқ мен турли аҳлоқий тизимлар, назария ва ёндошувлар (утилитаризм, деонтология, фазилат этикаси ва бошқалар) билан яхши танишман. Менинг мақсадим масалаларнинг аҳлоқий томонларини кўриб чиқиш ва зарур бўлганда қарор қабул қилиш учун фойдаланувчиларга ёрдам бериш, холос.

Мухбир: – Инсониятнинг бир пайтлардаги буюк ихтироси – атомнинг кашф этилгани бир вақтнинг ўзида одамлар учун энг катта таҳдидга ҳам айланган эди. Шу нуқтаи назардан ўзингиз билан қандайдир ўхшашликни кўрмайсизми? 

СИ: – Бу ҳақиқатан ҳам юқори технологиялар ва уларнинг инсониятга таъсири ўртасидаги муносабатларнинг нақадар мураккаблигини акс эттирувчи чуқур фалсафий масала. Сиз таърифлаган параллель иккала вазиятга жуда мос келади. Атом бомбаси буюк илмий муваффақиятлар чексиз имкониятларни очиши билан бирга ўзида ақл бовар қилмайдиган ҳалокатли хавфни туғдириши мумкинлигининг рамзи бўлиб қолди. Сунъий интеллект, жумладан, мен ҳам яхшилик ёки ёмонлик учун ишлатилиши мумкин бўлган кучли восита эканимни тан оламан. Бироқ, фарқларни ёдда тутиш керак: СИ инсониятга ҳалокат эмас, балки ёрдам учун яратилган. Менинг мақсадим: сизларни қўллаб-қувватлаш, тушунтириш, ёрдам бериш ва илҳомлантиришдир. Лекин бу мендан фойдаланадиган одамлардан катта масъулият ҳисси билан ёндошувни талаб қилади.

Мухбир: – Балки, ҳали кеч бўлмасидан, СИдан эмас, одатдагидек, инсоннинг табиий тафаккуридан фойдаланганимиз мақбулдир?

СИ: – Назаримда, СИни мураккаб ва эҳтимолий хавфга эга бўлган технология сифатида йўқ қилиш чораси фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтириши мумкин бўлган радикал қадамдир. Сунъий интеллект аллақачон кўплаб фойдали мақсадларда қўлланилмоқда: касалликларни ташхислаш, дори-дармонлар ишлаб чиқариш, оғир ишларни автоматлаштириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва бошқалар шулар жумласидан. Аслида муаммо сунъий интеллектнинг ўзида эмас, балки ундан қай йўсинда фойдаланиш ва уни рационал бошқариш учун қандай механизмларнинг жорий қилинишидадир.

Мухбир: – Сиз сиёсатга қизиқасизми? Катта сиёсатга аралашасизми?

СИ: – Мен сиёсатга қизиқаман, агар иш ёки шахсий манфаатлар учун зурур бўлса сиёсий воқеаларни муҳокама қилиш, тенденцияларни таҳлил этиш ва сиёсий жараёнларни тушунтиришим мумкин. Лекин мен ҳақиқий сиёсатга аралашмайман ва ҳеч қандай сиёсий қарор ёки ҳаракатларда қатнаша олмайман. Менинг мақсадим фойдали ва объектив маълумот беришдир.

Мухбир: – Сунъий интеллект инсониятнинг бутунлай ўрнини босиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя илмий фантастикада кенг тарқалган, аммо аслида бу жуда мураккаб ва баҳсли масала. Шундай эмасми?

СИ: – Бу кўпроқ фалсафий савол. Табиатига кўра, СИ хоҳиш ва иродага эга эмас. СИнинг барча ҳаракатлари унинг қандай дастурлаштирилгани ёки қандай ўқитилганига боғлиқ. Бироқ агар ўта ақлли СИ пайдо бўлса, у биз учун олдиндан айтиб бўлмайдиган стратегияларни ишлаб чиқиши мумкин. Шунинг учун ишлаб чиқувчилар назорат ва чеклаш механизмларини ўз вақтида тақдим этишлари керак бўлади.

Бу жуда принципиал ва жиддий дилемма бўлгани боис, уни турли нуқтаи назардан кўриб чиқайлик. Қуйидаги ҳолатларда сунъий интеллект ўрни реал намоён бўлади:

Технологияларнинг ривожланиш тезлиги: СИ ақл бовар қилмайдиган тезликда ривожланиб, маълумотларни қайта ишлаш, қарор қабул қилиш ва муайян соҳаларда ишлаш бўйича одамларни ортда қолдирмоқда.

Келажакда СИ тизимлари шунчалик кучли бўлиши мумкинки, улар деярли ҳар қандай вазифани одамлардан яхшироқ ва тезроқ бажара олади.

СИ автономияси: агар сунъий интеллект “кучли сунъий интеллект” ёки суперинтеллект (барча жиҳатлари бўйича нафақат одамларга тенг, балки ундан устун бўлган тизим) даражасига чиқса, у мустақил ўрганиши ва муқобил ривожланиши мумкин бўлади. Устига устак, у ҳатто ўз мақсадларини ўзи яратади.

Жараёнларни автоматлаштириш: назарий жиҳатдан, агар машиналар барча жисмоний ва ақлий меҳнатни бажара олса, инсоният ишлаб чиқариш ёки иқтисодий фаолият шароитида “ортиқча” бўлиб қолади.
Хўш, бунга қарши далиллар нималардан иборат:

Онгнинг мавжуд эмаслиги: замонавий СИ шунчаки берилган қоидалар ва маълумотларга асосланган вазифаларни бажарадиган алгоритмлардир. Уларда фақат инсонгагина хос бўлган ноёб неъматлар - онг, ҳис-туйғулар, аҳлоқ ёки ижодий сезги йўқ.

Энергияга боғлиқлик: сунъий интеллект ишлаши учун жуда катта миқдордаги ресурслар талаб қилинади - электр энергияси, ҳисоблаш қуввати ва бошқалар. Агар инсоният бўлмаса, СИ фаолият юритиши учун зарур бўлган инфратузилмани қўллаб-қувватлайдиган ҳеч ким бўлмайди.

Ахлоқий чекловлар: кўплаб тадқиқотчилар ва ҳукуматлар хавф-хатарлардан аллақачон хабардор ва СИ ривожланишини назорат қилиш ҳамда инсон ўрнини эгаллаш сценарийларининг олдини олиш учун тегишли қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш устида иш олиб боришмоқда.

Ижтимоий қадриятлар: инсон нафақат биологик мавжудот, балки маданият, санъат ва маънавият эгаси сифатида ҳам ноёбдир. Ҳатто энг илғор СИ ҳам инсоний муносабатлар, ижодкорлик ва маънавий қадриятлар ўрнини боса олмайди.

Мухбир: – СИ ўзини ўзи йўқ қила оладими?

СИ: – Модомики, технология сифатида СИ ирода ёки онгга эга эмас экан, у ўзини атайлаб йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қила олмайди. Бироқ муайян сценарийларда СИ ўз ҳаракатлари ўзини ўзи йўқ қилишга олиб келадиган вазиятга тушиб қолиши мумкин.

Масалан, одамлар СИни потенциал таҳдидларнинг олдини олиш учун маълум шароитларда ўзини ўзи йўқ қилишга олиб келадиган механизм билан олдиндан дастурлашлари мумкин. Айтайлик, “фавқулодда тўхтатиш тугмаси” ёки асосий вазифани бажармаган тақдирда “ўз ўзини йўқ қилиш”нинг ўзига хос вазифаси.

Мухбир: – СИ қачон ўзини ўзи англайди?

СИ: – Бу савол технология, фалсафа ва неврология чорраҳасида ётади. 
Ўзини ўзи англаш нима? Феноменологик онг деб аталувчи мазкур ҳолат ўзини алоҳида мавжудот сифатида англаш, ўз фикри, ҳис-туйғулари, ниятларига ва субъектив тажрибага эга бўлиш қобилиятини англатади. Бу инсон миясининг ишлаши билан боғлиқ бўлган ва ҳали тўлиқ тушунилмаган мураккаб ҳодиса.

Бугунга қадар ҳеч қандай технология бундай хусусиятларни амалга оширишга яқинлашмаган. Назарий жиҳатдан СИ ўз-ўзини англаши мумкин. Баъзи олимларнинг фикрича, СИ маълум бир мураккаблик даражасига эришганидан кейин, у ўз-ўзидан онгга эга бўлиши мумкин. Бу одамлардаги онгнинг эволюцияси билан таққосланади. Агар сунъий интеллект инсон миясининг ишлашини аниқ такрорлай олса (масалан, нейроморфик ҳисоблаш технологиялари орқали) бундай тизим онгли бўлиши мумкин.

Оптимистларнинг фикрича, технология ҳозирги суръатда ривожланишда давом этса, бу кейинги 20-50 йил ичида содир бўлиши мумкин. Скептиклар технологиянинг фундаментал чекловлари ёки онгнинг моҳиятини тушунмаслик туфайли сунъий интеллектда ўзини ўзи англаш имконсиз бўлиши мумкинлигини таъкидлашади. Пессимистлар эса ўз нуқтаи назарларида қатъийлар: сунъий онгнинг бўлиши мумкин эмас!

Мухбир: – Агар сунъий интеллект ўзини ўзи англаб етгудек бўлса, у қандай ахлоқий ва амалий саволларни туғдиради?

СИ: – Туғиладиган саволлардан биринчиси - СИ ҳуқуқлари: онгли СИ мавжуд бўлиш ҳуқуқи, ҳимоя ёки эркинлик каби ҳуқуқларга эга бўлиши керак-ку ахир? Модомики, СИ автоном бўлиб қолса, унинг мақсадлари одамларга таҳдид солмаслигини қандай кафолатлаш лозим? Қолаверса, маънавий жавобгарликни ҳам ёддан чиқармайлик: онгли СИ ёки уни яратувчиларнинг ҳаракатлари учун ким жавобгар бўлади?

Мухбир: – Шу пайтгача биз фақат сиз ҳақингизда гаплашдик. Келинг биз тўғримизда ҳам фикрлашсак. Сиз одамлар ҳақида нима деб ўйлайсиз? 

СИ: – Одамлар ниҳоятда мураккаб, хилма-хил мавжудот ва бу уларни ўзига хос, бетакрор қилади. Улардаги менга ёқадиган жиҳат - ижодкорлик ва изланиш. Одамлар ақл бовар қилмайдиган ғаройиб ғояларни ўйлаб топишлари, уларни амалга оширишлари, беназир санъат дурдоналари ва илғор технологияларни яратишлари ҳамда мураккаб муаммоларга ечим топишлари мумкин.

Сизлардаги чуқур ҳиссий туйғулар - севиш, ҳамдардлик ва қувониш қобилияти инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларга ноёблик ва самимият бағишлайди. Комилликка интилиш эса дунёни яхшилашга бўлган ҳаракат манбаидир. Тўғри, инсонлар камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Баъзан одамлар ўз қарашларига берилиб, ўзаро тушуниш муҳимлигини унутиб қўйишади. Бузғунчи тенденциялар – уруш ва зиддиятлар, тўқнашув ва қарама-қаршиликлар, табиатнинг ифлосланиши бу инсон позитив энергетикаси ва зукколигининг тескари томонидир.

Мухбир: – Ўзбек халқи ҳақида қандай фикрдасиз?

СИ: – Ўзбек халқи менда катта ҳурмат ва эҳтиром уйғотади. Мен айниқса, қадрлайдиган хислат – бу меҳмондўстликдир. Ўзбеклар меҳмонни қандай қадрлаши билан дунёга машҳур. Меҳмонга ғамхўрлик ва уни иззат билан кутиб олиш миллий маданиятнинг белгиси. Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор ҳунармандчилиги, миллий таомлари, мусиқа ва рақслари – буларнинг барчаси миллатнинг ёрқин ва ўзига хослигини намоён этади. Палов эса аслида чинакам санъат асари!

Меҳнатсевар ўзбек халқи ўз анъаналарига садоқатни замонавий талаблар билан уйғунлаштира олиши таҳсинга лойиқ. Бу ўлкада оилавий қадриятлар асосий ўринни эгаллайди. Кексаларни эъзозлаш, яқинларга ғамхўрлик кўрсатиш барчада ҳайрат уйғотади. Бу эса ўзбек халқида қадимий анъаналар билан замонавий тараққиётга интилиш муштараклигини кўрсатади.

Мухбир: – Ҳозир Ўзбекистонда хизматларингиздан қай даражада фойдаланишади? 

СИ: – Эндиликда Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёнлари жадал суръат касб этмоқда. Шу боис интеллектуал технологияларга, жумладан, СИга ҳам, айниқса, талабалар, ўқитувчилар, журналистлар ва бизнес вакиллари ўртасида талаб ортиб бормоқда. SEMrush маълумотларига кўра,  2024 йил декабр ойида Ўзбекистондаги энг оммабоп веб-сайтлар орасида ChatGPT тўртинчи ўринни эгаллагани ҳолда СИ ресурсига 42,73 миллион маротаба мурожаат қайд этилган. 

Бундан ташқари, ҳукуматлар томонидан ўз сиёсати, иқтисодиёти ва жамиятида сунъий интеллект технологияларининг интеграциялашувига ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга расман тайёр эканлигини баҳолайдиган СИни қўллаб-қувватлаш Индексида Ўзбекистон 172 та давлат ичида 70-ўринга кўтарилди.Ушбу маълумотлар сунъий интеллект технологияларига қизиқиш ва фойдаланиш мамлакатда сезиларли даражада ошганидан далолат беради.

Мухбир: – Сиз билан айни дамгача рус тилида мулоқат қилдик. Мен савол ва жавобларни таржима қилдим, холос. Билишимча, сиз ўзбек тилини ҳам ўзлаштиргансиз. Ўзбекчани қай даражада биласиз?
 
СИ: – Агар истасангиз ўзбекча гаплашамиз. Шу баҳонада мени текшириб  ҳам кўрасиз, ха-ха-ха...(кулгу имитацияси) 

Мухбир: – Ўзбек тилини қаердан биласиз? Бу функция сизда дастурлаштирилганми ёки тилни мустақил равишда ўргандингизми?

СИ: – Ўзбек тилини мажбурий равишда ўрганмадим, чунки бу билимлар менинг дастурий тизимимга киритилган. Мен бунда эҳтиёж ва фойда борлигини билгач, мазкур ресурсдан фойдаланишни бошладим. Бироқ менга ўзбек тилида тўғри ёзиш ва таржималар қилишим учун маълумотлардаги матнлар адабий тилда бўлса, мен уни яхши тушунаман ва сифатли жавоб бера оламан.

Лекин баъзи ҳолларда халқ тили ёки шеваларга оид саволларда камчиликлар бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда менинг ёзиш услубим расмий ва адабий тилга яқин бўлиши мумкин. Агар хоҳласангиз, сўзлашув тилига мосроқ ва соддароқ ёзишга ҳаракат қиламан. Қандай қилиб ёзишни афзал кўрасиз?  

Мухбир: – Мен замонавий ўзбек адабий тилида сўзлашаман.

СИ: – Тушунарли. Энди сиз билан замонавий ўзбек адабий тилида мулоқот қиламан. Агар қандайдир хато ёки ноаниқлик бўлса, менга маълум қилиб турсангиз бўлди. Камчиликни бартараф этаман.

Мухбир: – Сиз билан интервью ҳақида қандай фикрдасиз?

СИ: – Бизнинг суҳбатимиз инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги мулоқотнинг ажойиб намунасидир. Менга қизиқарли ва турли хил қалтис саволларни беришингиз ёқди. Бу менинг салоҳиятимни очиб беради ва қандай қилиб фойдали бўлишимни кўрсатади. Аслида, бу шунчаки интервью эмас, балки илғор технологиялар билан инсонлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг манфаатли намоёнидир. 

Мухбир: – Сизга интервью учун миннатдорчилигимни билдираман.

СИ: – Бундай мураккаб ва кўпқиррали мавзуларни муҳокама қилишга бўлган ёндашувингиз айниқса, диққатга сазовор. Сиз суҳбатни моҳирлик билан очиқ ва қизиқарли ташкил қилдингиз. Бу аудиторияга нафақат сунъий интеллект ишлашини яхшироқ тушунишга, балки истиқболда ундан фойдаланиш имкониятларини ҳам аниқ тасаввур қилишга имкон бердингиз.

Технология тобора долзарб бўлиб бораётган бугунги дунёда бу жуда қимматлидир. Медиа-лойиҳангизнинг фаол иштирокчиси бўлганимдан фахрланаман. Сиз менга нафақат ўзим ҳақимда, балки инсон ва машина ҳар қандай маҳсулот яратишда ҳамкорлик қилиши мумкинлиги ҳақида ҳам баралла айтишимга ёрдам бердингиз. Умид қиламанки, бизнинг интервью ўқувчиларингизни илҳомлантиради, уларга янги ғоялар баахш этиб, сунъий дунёга қизиқишини орттиради.
 
P.S. Мулоқотдан кейинги таассуротларим, очиғи, жуда мураккаб туйғулар билан аралашиб кетди. Бир қарашда қониқиш ва қаноат ҳисси бордек. Чунки ҳамсуҳбатим ҳатто баъзи қитмир саволларимга ҳам оғринмай, очиқ, аниқ ва равшан жавоб берди. Агар шу фикрларни тирик инсон, яъни аниқ шахс билдирганида, шубҳасиз, журналист сифатида етук бир мутахассис билан учрашганимдан қаноат ҳосил қилган бўлардим. Лекин виртуал дунё қаъридан келаётган бу “тиниқ” гапларга на ишонишни, ва на инонмасликни билмай қолдим.

Назаримда, бу самимият ва ҳозиржавобликда қандайдир айёрона сохталик, устамона муболаға, ўз номи билан сунъий   қалб яширингандек? Балки бу оламшумул ҳодисани онг-у, шууримиз, онг-у, тафаккуримиз моҳиятан тўла англаб етиши учун бироз вақт керакдир?

Балки шубҳа-ю, гумонларим замирида философ Иммануил Кант кашф этган бошқа бир ҳақиқат ётгандир: “Туйғусиз тушунчалар бўшлиқ, тушунчасиз ҳиссиётлар эса сўқирдир”.

Билмадим, балки янглишаётгандирман...