Ниҳоят, Тоҳир ва Зуҳранинг қабри топилди, Қоработирники ҳам...

Ниҳоят, Тоҳир ва Зуҳранинг қабри топилди, Қоработирники ҳам...

ёки бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров, 
Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими в.б. Адиз Бобоевлар диққатига!
 
Ҳиндистонда «Тожмаҳал», Италияда «Ромео ва Жульетта», Тожикистонда «Юсуф ва Зулайхо», бизда эса ...

Ёдингизда бўлса, бундан 5 йилча аввал Оқдарё туманидаги Қоработир қишлоғида жойлашган қабристонда дунёга машҳур «Тоҳир ва Зуҳра» достони қаҳрамонларининг қабри топилгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалган эди. Ўшанда ушбу хабар баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, тарихчилар олдига: «чиндан ҳам «Тоҳир ва Зуҳра» достони қаҳрамонларининг қабрлари қаерда? Қашқадарёдами, Намангандами ёки Самарқандда» деган ҳақли саволлар қўйилганди.

Қайд этилишича, Тоҳир ва Зуҳра ёдгорлигининг асл тарихини аниқлаш мақсадида археолог олимлар Мухтор Пардаев ва Собир Раҳимбоев етакчилигидаги гуруҳ қабристон ҳудуди ва унга туташ тепаликларда ўрганишлар олиб бориб, топилманинг 3 минг йиллик, қабристон эса 1,5 минг йиллик тарихга эга эканини аниқлашганди.
Архив маълумотларида кўрсатилишича, Зарафшон дарёси оқиб келиб, иккига бўлинган жой Дуоба дейилса, унинг икки ирмоғи – Оқдарё ва Қорадарё деб номланган. Кейин бу икки ирмоқ бирлашиб, қирғоқлик устида Миёнқол оролини ҳосил қилган. Оқдарёнинг шундоққина қирғоғида эса афсонавий икки ошиқ – Тоҳир ва Зуҳра ҳамда уларни айирган Қоработир мангу қўним топган манзил бор... 

Манбаларга кўра, қадимда Оқдарё соҳили жуда катта майдонни эгаллаган, бироқ кейинчалик дарё ўзанигача сурилиб, пахта майдонларига қўшиб юборилган. Фақатгина ўртадаги хилхона атрофидаги 1 гектарли майдон сақланиб қолинган. Қоработир қишлоғи марказга кўчириб юборилгач, сўнгги эллик йиллар мобайнида қабристонга майитлар қўйилмаган ва у ташландиқ чангалзорга айланиб қолган. 2019 йилга келиб унинг атрофи тозаланиб, йўллар очилган. Қабристондаги бошқа қабрлар эса деярли текисланиб кетган, аммо ўртадаги уч ошиқнинг қабри шу кунларда ҳам ўз маҳобатини йўқотмасдан турибди.

Қадимшуносларнинг таъкидлашича, заминимизда ислом дини ёйилгунга қадар мавжуд бўлган қадимий диний қоидалар, урф-одатларга кўра, ҳар бир майит дафн этилаётган пайтда либослари, қурол-аслаҳаси ва ҳатто бойликлари билан бирга кўмилган. Қабрлар орасида эса етти қадамдан масофа қолдирилган. Бу жиҳатлар мазкур қабристонда ҳам кўзга ташланади. Яъни, ҳар учала қабр ораси ўртача етти метрдан иборат.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги мандатини Окдарёлик сайловчилар ишончи билан қўлга киритган Азамат Пардаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди, ҳатто энг чекка қишлоклари ҳам ўзига хос тарихга ва тарихий ёдгорликларига эга. Аммо улар орасида шундай асори-атиқалар борки, уларни муҳофаза этиш, обод қилиш, аҳоли, айниқса, ёш авлод вакилларига улар ҳақида холис маълумотлар бериш нафақат тарбия билан, балки миллатнинг тарихи ва тарихий хотираси билан ҳам боғлиқ.

Айни пайтда нафақат Оқдарё, балки бутун воҳа аҳлининг ўзига хос турмуш тарзи, ўтмиши, минг йилликларга бориб тақаладиган тарихидан садо бераётган Тоҳир ва Зуҳра ҳамда Қоработир қабри ана шундай қадамжолардан биридир. 

– Туризм ҳақида, туризмнинг тарихий йўналишлари ҳақида гап кетганида, айнан, Оқдарёдаги тарихий манзилларни янги туризм йўналишига айлантирсак, бундан ҳам маънан, ҳам моддиян ютамиз, - дейди Азамат Пардаев. – Дунёда шундай юртлар, миллатлар борки, ўз тарихидан бирон арзирли нуқта тополмай, сунъий тарих яратишгача боряпти. Биз эса ҳар куни кўравериб, эшитавериб, ёд бўлиб кетган қадимий макон-манзилларимизни ҳеч бўлмаса ўзимизникиларга таништира олмай ҳалакмиз...

«Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фонди Оқдарё тумани бўлими мутахассиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойгул Маматованинг айтишича, юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам «Тоҳир ва Зуҳра» достони қаҳрамонларининг рамзий қабрлари борлиги айтилади. Жумладан, улар айни пайтда Қашқадарё, Бухоро, Хоразм ва Наманганда бор. 

Аммо тарихий манбаларга асосланиб, Тоҳир ва Зуҳранинг ҳақиқий қабри айнан Оқдарё соҳилида жойлашган, дейишга тўла асосларимиз бор. Чунки географик томондан ва достондаги воқеалар тафсилотига нисбатан ҳам қаҳрамонлар ҳаёти, яшаб ўтган жойи мана шу масканга мос келади. Достоннинг қадимий ва янги вариантларида ҳам воқеалар Самарқандда бўлиб ўтгани таъкидланади. Тарихчи олим Амриддин Бердимуродов эса бу тарихий манзил ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Тўғри, қабристондаги археологик қазишмалар жараёнида биронта қабртош ёки ёзувни учратмадик, аммо бошқа кўплаб маълумотлар бу ерда Тоҳир ва Зуҳранинг дафн этилгани эҳтимоли юқори эканини кўрсатади».

Тарихий манбаларга кўра, IV асрнинг охири ва V асрнинг бошларида содир бўлган воқеаларни ўз ичига олган халқ оғзаки ижодининг бу нодир намунаси ХVII-XVIII асрларда Муҳаммад Сайёдий томонидан ёзиб олинган. Кейинги даврларда туркман шоири Мулланафас томонидан қайтадан нашрга тайёрланган. Шу асосда 1938 йилда Собир Абдулла «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқали драмасини ёзади, 1945 йилда эса «Ўзбекфильм» студияси томонидан фильм суратга олинган. 

Айтишларича, икки чеккадаги қабрларда Тоҳир ва Зуҳра, ўртасидагида эса Қоработир кўмилган. Яқинроқ келиб қарасангиз четроқда шоҳ дафн этилган пастроқ тўртинчи қабрни ҳам кўриш мумкин. Илгари... ҳар йили баҳорда Тоҳирнинг қабри устида қизил, Зуҳранинг қабри устида оқ гул, ўртадаги қабр устида эса қора тикон ўсиб чиқар экан. 50-йилларда кутилмаганда аёз бўлиб, гулларни совуқ уриб кетган экан, лекин ўртадаги қора тиконни ҳозир ҳам кўришингиз мумкин.

Маҳаллий аҳолининг бундай эртакнамо гапларига ҳайрон бўлиб турсангиз, сизга ўша жойдаги тепаликни кўрсатишиб, бу шоҳ қалъасининг ўрни эканини ва ҳар замонда бу жойлардан қадимий идишлар чиқишини айтишади. Сўнгра сизга Зарафшон дарёсининг тик қирғоғини кўрсатиб, Тоҳир шу жойдан сандиқда дарёга ташланган дейишади. Тоҳир Зарафшон дарёсига сандиққа солиниб ташланган ва олти ойдан кейин Хоразмшоҳ давлатига, яъни Амударё қирғоғига бориб қолади.

Маҳаллий аҳолининг айтишига қараганда, бу жойда илгари бошқа қабрлар ҳам бўлган, аммо вақт ўтиши билан улар текисланиб, йўқолиб кетган.
Археолог Р.Равшанов қабрлар ёнидаги тепаликни ўрганиб, бу ерда қадимий қалъа қолдиқлари борлигини, сопол синиқлари эса, V аср бошларидаги кулолчилик намуналари бўлиб, бу жой V аср бошларида вайронага айланганлигини асослаб беради.

Нафақат туркий халқларда балки бутун дунёда бир неча тилларга таржима қилинган Навоийнинг «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», Жомийнинг «Юсуф ва Зулайхо», Сайёдийнинг «Тоҳир ва Зуҳра» достонлари ва бу достон қаҳрамонларининг мангу манзиллари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилган. 

Оқдарёдаги Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳи ҳам вилоят ҳамда туман ҳокимликларининг тегишли қарорлари асосида давлат тасарруфига олинган, қисман обод қилинган бўлсада, аммо ҳали ҳануз зиёрат қилиш учун келувчиларга қатор ноқулайликлар туғдиради. Хусусан, ёғингарчилик мавсумида бу ерларни зиёрат қилишнинг ҳеч қандай имкони йўқ. 

Ойгул Маматованинг маълумот беришича, ушбу ёдгорликни кўркам масканга айлантириш мақсадида мутахассислар томонидан Муҳаббат қасри мажмуасининг лойиҳаси тайёрланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилган... 

Дунё статистикасида келтирилишича, севги шаҳрида яратилган тарих, яъни Эйфель минорасию, Лувр музейини кўриш учун 2023 йилда Францияга 100 млн сайёҳ борган. Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта» асари қаҳрамони Жульетта оиласи билан яшаган Италиянинг Верона («Муҳаббат шаҳри» деб ном олган) шаҳрига ҳам йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Биргина Жульетта Ромеога кўриниш бериш учун чиқадиган балконга чиқишни истовчилар эса узундан узун навбатда турадилар. 

Аслида Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ўнлаб тарихий ёдгорликлар, миллат тарихини бағрига яширган «Тоҳир ва Зуҳра «зиёратгоҳи каби қадимий манзиллар қанча? Хўш, уларнинг қанчаси давлат томонидан рўйхатга олиниб, обод қилинган, яна қанчаси ободликни кутиб ётибди?

 Наҳот, замонавий дунё гоҳи ишонтириб, гоҳи ишонтиролмайдиган «инновацион» афсоналарини ҳақиқатга айлантириб, жаҳон аҳлига танитатган бир пайтда биз бор тарихимизнини, бор қаҳрамонларимизни кўрсата олмасак...

–Қани энди давлат томонидан ушбу ҳудудга эътибор қаратилиб, маблағ ажратилсаю, «Тоҳир ва Зуҳра» зиёратгоҳи ҳам Чиндан Румогача, Ҳиндистондан то Сибир, Олтой ва Итил дарёсигача бўлган нафақат туркий, балки, барча элу элатларнинг минглаб вакиллари келадиган манзилга айланса, - дейди Ойгул Маматова куйиниб.

Суҳбатдошимиз ўтган йиллар давомида бир неча ташкилот ва идораларга мингтача хат ёзганини ҳам яширмади. Зора, «Миллий тикланиш»га йўлланган минг биринчи нома сабаб ушбу тарихий манзил обод гўшага айланса...