Муқимжон Қирғизбоев: Ўтмишимни таҳрир қилишни истамайман...

Муқимжон Қирғизбоев: Ўтмишимни таҳрир қилишни истамайман...

“Одам тафтини одам олади”, деганда шунчаки, бир-бирига дарду-ҳасратини айтиб, енгил тортган суҳбатдошлар назарда тутилганми ёки билим олиш, тажриба орттириш учун уюштирилган суҳбатларми?

Буни билмадиму, таниқли сиёсатшунос, таниқли олим ва таниқли устоз педагог Муқимжон ака Қирғизбоев билан кечган суҳбатимиз расмиятчиликлардан ҳоли, журналистлар таъбири билан айтганда “енгил” бўлди. 

– Муқимжон ака, айтингчи, сиёсатга нечи ёшдан қизиққансиз?

–  Сиёсатга қизиқишим мактабда бошланган. Буюк шахслар ва уларни амалга оширган ишлари менда доим кучли таассурот қолдирар эди. Айниқса, юқори синфдалигимда Виктор Гюго, Александр Дюма, Проспер Мериме, Жек Лондон, Лев Толстой каби классик ёзувчиларнинг асарлари қизиқишимни кучайтирган. Бундан ташқари, сиёсатга қизиқишимга билим юрти, техникум, институт ва армияда полк ёшлар етакчиси (4 марта!) этиб сайланганим, улардаги ёшлар жамоалари мени “ёшлар етакчиси” этиб сайлагани ҳам кучли таъсир қилган.

– Демак, талабалик даври ҳам қизиққон ўтган эканда?

– Мен энг кўп ва узоқ  йиллар талабалик даврини бошидан кечирган одамлар сирасига кирсам керак. Билим юрти, техникум, институт ва кундузги аспирантурада жами 13 йил ўқиганман. “Талабалик даврим – олтин даврим” деб бежизга айтилмаган. Ҳозир ҳам қийинчиликлардан тап тортмасдан, ҳаётга завқ-шавқ билан қарашим, аскияга мойиллигим, ҳаётда ҳам, илмда ҳам мустақил фикрлаш тажрибасини эгаллаганим, ёшлар ўртасидаги ташкилий ишларим доимо самарали якунланиши умримнинг катта бир қисми ёшлар ўртасида ўтганлигини сездириб туради.

Талабалик давримда ҳаётда энг чуқур из қолдирган пайтим Андижон давлат педагогика институтининг тарих факультетида таҳсил олган даврим, деб ҳисоблайман. Биринчи курсни тугатишим билан институт талабалар илмий жамиятининг раиси этиб сайланганман. Ҳали институтни тугатмай – 4 босқичда эса институт комсомол қўмитаси котиби бўлгандим. Шунинг учун ҳам талабалик даврим ҳам, меҳнат фаолияти ҳам бир вақтда бошланган дея оламан.

– Бугуннинг ёшларига энг кўп қайси ўгитни, гапни айтасиз?

– Ҳозир давр шундайки, билимсиз ёки замонавий технологияларни ўрганмай туриб, инсон бу ҳаётда ўз ўрнини тополмайди. Айниқса, аниқ фанлар, сиёсий билимлар, АКТ соҳасини эгаллашнинг аҳамияти ниҳоятда ошиб бормоқда. Яъни, ривожланиш ва саноат инқилоби асосан интеллектуал ёшларга зарурат сезмоқда. Шунинг учун ҳам ёшларга ҳаётда ўз самарасини берадиган фанларни эгаллашларини, истиқболли касбларни ўрганишларини маслаҳат берган бўлардим. Ёшлар дунёқарашига Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳи доимо хамроҳ бўлишини истайман. Зеро, ана шу руҳ инсонда яратувчилик сифатларини шакллантиради, унинг келажагини истиқболли бўлиши учун шарт-шароитлар яратади. 

– Ёшлар ўртасида сиёсий билимни ошириш учун қандай муҳим ташаббуслар зарур?

– Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва саьй ҳаракатлари билан кейинги беш йил ичида еттита олий ўқув юртида бакалавриат ва магистратура йўналиши бўйича “Сиёсатшунослик” ихтисослиги очилди. Албатта, бу ёшларнинг сиёсий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Лекин, бу кам, албатта. Шунинг учун ҳам барча олий ўқув юртларида “Сиёсатшунослик” фани ўқитилишини йўлга қўйиш лозим, деб ўйлайман.

“Сиёсатшунослик” фанини ўрганиш инсонга жамиятнинг ижтимоий-сиёсий етук шахси бўлишига, ўз интеллектини ривожлантиришига, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиш, жамият ва давлат бошқаруви моҳиятини чуқур англашга имконият беради. Зеро, Аристотель “инсоннинг моҳияти сиёсий муносабатлар йиғиндисидир”, деб бежиз айтмаган. 

Сиёсий фанларни ўрганишга нисбатан эҳтиёжлар ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида бевосита иштирок этишлари асносида пайдо бўлади. Бу жараёнда ижтимоий-сиёсий фаолликка эришиш сиёсий етуклик ва сиёсий ҳодисаларни чуқур англаш билан уйғунликда содир бўлади. Албатта, сиёсий фанларни ўқитишни кенгайтириш билан ёшларда сиёсатга қизиқиш кучайиб қолмайди.

Бунинг учун ёшларнинг ўзлари сиёсий жараёнларда шахсан иштирок этишлари, ўз кўзлари билан кўрган ва дуч келган сиёсий ҳодисалар ва воқеликларни англаб етишлари лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, сиёсатга қизиқиш ёки сиёсий фанларни ўрганишга берилиш кўпроқ шахсий масала сифатида намоён бўлиши лозим. Агар ёшларда ижтимоий-сиёсий фаоллик ошиб борса, ўз-ўзидан сиёсий жараёнларга қизиқишлар ҳам кучайиб боради.

– Педагог сифатида айтингчи,  ёшлар билан ишлашда кўпроқ қандай муаммоларга дуч келасиз?

– Ёшлар билан ишлашдаги асосий муаммолардан бири – бу олий ўқув юртларига “Сиёсатшунослик” ихтисослиги бўйича қабул қилинган ёшларнинг ҳали сиёсий назарияларни ўрганишга тайёр эмаслиги (мактабда бу ҳақда тушунчалар ўргатилмайди), ва хорижий тилларни билмаслик, деб ўйлайман. Чунки, сиёсий фанларга оид ўқув ва ёрдамчи адабиётларнинг аксарияти хорижий тилларда нашр этилган. Ҳали бу соҳада миллий дарсликлар ва ўқув қўлланмалар етарли эмас.

Қолаверса, сиёсий фанлардан дарс берадиган билимдон ўқитувчини ўзини ҳам топиш машаққатли иш. Сиёсий фанлар ўқитилаётган талабалар ўртасидаги муаммолардан яна бири – уларни амалиётни ўрганишлари учун шарт-шароитларни етишмаслиги. Сир эмаски, амалиёт ўташга юборилган талабаларга сиёсий ёки ижтимоий жараёнларни ўргатиш ўрнига кўп ташкилотлар улардан ёрдамчи ишчи кучи сифатида фойдаланишга ҳаракат қилади. 

Талабаларни яхши ва етарли билимлар олишларида маънавий омилларнинг ҳам ўрни катта. Шунинг учун ҳам ёшларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашадиган тузилмаларнинг самарадорлик жиҳатларини кучайтириш лозим. Биринчидан, ёшлар маънавий дунёқарашини оширишга кўмаклашувчи хизматларда маънавий қадриятлар ва улар тарихини чуқур биладиган, ўзининг ижобий хулқи билан танилган ходимлар ишлаши лозим. Иккинчидан, тадбирбозлик тажрибасидан воз кечилиб, асосий диққат-эътибор гуруҳлар ва талабалар шахси билан тўғридан-тўғри ишлашга қаратилиши керак. Учинчидан, талабаларга маънавий тарбия бериш натижаларини сарҳисоб қилиш ва сифатини аниқлаш учун буларни аниқлайдиган индекслар киритилиши керак, деб ўйлайман.

– Айни пайтда уюшмаган ёшлар билан ишлаш механизми қанчалик самарали деб ўйлайсиз? 

- Албатта, бозор иқтисодиётига ўтиш даврини ўз бошидан кечираётган мамлакатлар учун уюшмаган ёшлар билан ишлаш энг оғриқли муаммолардан бири. Уюшмаган ёшларнинг пайдо бўлишига кўпинча ишсизлик, ёлғизлик, ўзини жамият ёки жамоага кераксизлигини ҳис этиш, ижтимоий муаммолар ечимини топа олмаслик каби ижтимоий муаммоларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. 

Тўғри, уюшмаган ёшлар сонини камайтиришда ёшлар ташкилотларининг ўрни катта. Аммо уларнинг асосий камчилиги маҳалла, қишлоқ ёки бошқа яшаш жойларида бошланғич ташкилотлар тузилмаганлиги ёки улар фақат расмиятчилик учун тузилганида, деб ҳисоблайман. Агар уюшмаган ёшлар орасига қандайдир нодавлат ташкилотлар кириб келмаса, уларнинг жамиятга бегоналик ҳисси сақланиб қолаверади. 

Европа Иттифоқи тажрибасини олсак, уларда уюшмаган ёшлар (“кўча болалари” деб аташади) муаммоларини ҳал этишда ҳам давлат, ҳам нодавлат ташкилотлар махсус иштирок этади. Улар биринчидан, уюшмаган ёшларнинг яшаш жойлари, ёши, ижтимоий аҳволи тўғрисида маълумотларни шакллантиради, кейин уларнинг ҳаёт кечириш манбаларини ўрганади. Сўнгра ҳомийлар ва давлат маблағлари ҳисобидан бундай ёшларга ижтимоий ёрдамлар уюштирилади, ёки эҳтиёж юқори бўлган касбларга тайёрлаш учун турли курсларда ўқитилади.

Муҳими, “кўча болаларининг” аҳволи ва хатти-ҳаракатларидан жамият ҳам, давлат идоралари ҳам доимо огоҳ бўлиб туради. Шу тариқа, уюшмаган ёшларнинг муайян бир қисми жамият учун зарарли ёки хавфли кучга айланмай туриб, улар уюшган ёшлар қаторига кира бошлайди. 

– Аксарият юртдошларимизда бугунги ёшлар дангаса, лоқайд бўлиб кетишяпти деган фикр бор. Бунга нима дейсиз?

– Дарҳақиқат, орамизда шундай фикрловчилар кўп учраяпти. Аммо мен бу фикрга қўшилмайман. Ҳар қандай жамият ёки давлатда дангаса ва лоқайд ёшлар учрайди. Биламизки, инсониятнинг маълум бир қисмининг дангасаликка мойиллиги ижтимоий иллат сифатида бир неча минг йиллардан буён яшаб келмоқда. Лекин, дангасалар билан ишчанлар ўртасидиган нисбатлар кўрсаткичи турли халқлар ёки давлатларда турлича.
Менимча, кейинги ўн йилликда ёшлар ўртасидаги ишчанлик ва дангасалик ўртасидаги нисбат ижобий томонга ўзгарди. Илгарилари олий ўқув юртидаги ҳар гуруҳ ичида “аъло” ва “яхши” баҳога ўқийдиган талабалар 5-6 нафардан ортмас эди. Ҳозир эса гуруҳдаги талабаларнинг ярмидан кўпи “аъло” ва “яхши” баҳоларга ўқияпти. Яна уларнинг кўпчилиги хорижий тилларни ҳам билади. Хулоса қилиб айтганда, дангаса ёшлар йилдан-йилга камайиб бормоқда.

– Давлат ва жамиятни демократлаштиришда ОАВнинг роли муҳим. Бугун  ёшларнинг босма нашрлардан узоқлашиб боришига сабаб нимада деб ўйлайсиз?

– Босма нашрлар ададининг камайиб бориши – бу биринчи навбатда, бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш ва, шубҳасиз, иқтисодий-молиявий қийинчиликлар билан боғлиқ. Тўғри, бошқа муаммолар ҳам мавжуд. Масалан, турли босма нашрларда бир хил ахборот бериш одати камайгани йўқ. Нашрларни мутолаа қилаётганда унинг муассиси давлат органими, ёки нодавлат ташкилотми, фарқи сезилмайди.

Энг катта камчилик матбуотда ўқувчинининг манфаатлари, эҳтиёжлари, қизиқишлари камдан-кам эътиборга олинади, асосан, муассис ёки бош муҳаррир иродаси, ёки расмий хабарларга кўп жой ажратилади. Таҳрир ҳайъатлари умуман фаолият кўрсатмайди, улар газета ёки журнал сифатини ошишига таъсир қилмайди, улар ҳақиқий профессионаллар ичидан эмас, балки мансабларига  қараб танлаб олинади. Ана шу ва бошқа бир қанча ҳолатлар матбуотга салбий таъсир қилмоқда, деб ўйлайман. 

– Тасаввур қилинг, сизга талабалик йилларига қайтиш имкони берилди...

– Агар шундай имконият берилса борми, иккиланмай яна шу йўлимни қайтадан босиб ўтардим. Уни қандайдир даражада таҳрир этишни истамайман. Ҳозирги ҳаётимиз қандай бўлишидан қатъий назар биз доимо ўтмиш билан яшаймиз. Инсон ўз ўтмишидаги бирон-бир лаҳзани ўчира олмайди. Ўтмишда юз берган ҳаётдаги уринишлар ва сабоқлар ҳозирги кундаги ўзгаришлар учун сабоқ бўлиб хизмат қилади. Улар бизга янада ривожланишга, етукликка куч беради.  Ёки, Уильям Шекспир айтганидек, “ўтмиш қанчалик аччиқ бўлса, бугунги кун шунчалик шириндир”.