“Маъсума”ни кўрдингизми? ёхуд қаноти қайрилган қалдирғоч ҳақида

“Маъсума”ни кўрдингизми? ёхуд қаноти қайрилган қалдирғоч ҳақида

Ўзбек Миллий академик драма театрнинг 110 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган “Биринчи қалдирғоч” (иккинчи номи “Маъсума”) спектаклини кўзда ёш билан томоша қилдим. Унда жадидлик, Октябрь инқилоби, қатағон ва Иккинчи жаҳон урушининг оғриқли асоратларини бошидан ўтказган аёл, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Масъума Қориева ҳақида ҳикоя қилинади.

Томошадан аввал нега Маъсума Қориева ўзбек театрининг “Биринчи қалдирғоч”ига айланиб қолди?

Ўзбек театрининг биринчи қалдирғочлари Нурхон, Турсуной Саидазимовалар эмасмиди, деган саволга ҳам жавоб излаб кўрдим.

Тўғри, асл исми Саъдия Низомиддинова бўлган Маъсума Қориевани академик Наим Каримов, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев ва тадқиқотчи олим Сирожиддин Аҳмадларнинг тақриз-мақолалар, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг хотира-эссеси ҳамда ёзувчи Исажон Султоннинг “Маъсума” романи орқали таниганман. Ҳатто Чўлпон “Иштирокиюн” газетасининг 1920 йил 25 ноябрь сонида эълон қилинган “Чин севиш” мақоласида актрисанинг ижросидан таъсирланиб, уни “актриса Саъдия Туташ” деб таърифлагани ҳам бор гап.  Не бахтки, бугун томошадан кейинги хулосам юқоридаги саволларга жавоб  бўлди. 

“–Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми – ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак, – деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 31 августида Шаҳидлар хиёбонида сўзлаган нутқида. 

Шу маънода режиссёр Асқар Холмўминовни тарихий ҳақиқатни “саҳна тили”га ўгира олган дейиш мумкин. Қайд этиш жоизки, саҳна декорациясидан тортиб, актёр, актрисаларнинг либосларигача ўша давр руҳи билан йўғрилган. 

Масъума Қориеванинг аввал жаҳолатпараст оломон томонидан тошбўрон қилиниши, сўнг “халқ душманининг келини ва хотини” дея қораланиши, ўзи севган иши ҳамда театр саҳнасидан ҳайдалиши, спектакль якунида эса фариштамонанд масъум қиёфада гавдаланиши маҳорат билан очиб берилган. Шунингдек, ўзбек театрининг тамал тошини қўйган актёрлар “оға” деб ҳурмат қилган Маннон Уйғур роли томошабинда катта таассурот қолдирганини айтиш жоиз.

Маннон Уйғур қиёфасида Туркистон аҳлини маърифатсизлик ботқоғидан театр санъати – “санъойи нафиса”дек машъала орқали ёруғликка олиб чиқишга бел боғлаган шундай ватанпарвар инсон гавдалантирилганки, буни шубҳасиз, режиссёрнинг катта ютуғи деб баҳолаш мумкин. Унинг гоҳ актёрларни юксак ижрога ундовчи рағбатлантирувчи олқиши, қатағон поезди ғилдираклари айланиб турганда Нарком мажлис ўтказгандаги Масъумани ҳимоя қилувчи нутқи, атрофидаги маслакдошлари бирин-кетин қатағонга учраган пайтдаги тушкун ҳолати, Масъумага берилган тасаллисидаги кўриниш томошабинда ўша даврдаги ҳолатга ҳамдардлик туйғусини уйғота олган. 

Бундан ташқари, спектаклда Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Мунаввар қори ва Абдувоҳид қори сингари жадидлар тимсоли ҳам моҳирона гавдалантирилганки, бу ёш авлод тасаввурига улар ҳақида янада теранроқ қарашларни олиб кирди, дейиш мумкин.

Драматург томонидан қаҳрамонлар нутқига хос жумлаларнинг жадидлар асарларидаги ва хитобли мақолаларидан олингани эса актёрлар ижросига улуғворлик улашган. Яна  бир фикр: ташқари ҳовлида жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси, Масъуманинг қайнотаси Абдувоҳид қорининг ўз сафдошларини тўплаб, уюштирган маърифий йиғилишидаги кўринишида бир ўғли Боситхоннинг жадид намояндаси, яна бир ўғли Боисхон – Олтойнинг илғор комсомол сифатида отасининг “қадимчи” маслакдошларига ёқинқирамай қараши, ўша даврдаги мавжуд тузумнинг укани акага ва отага душман қилиб, “сопини ўзидан чиқаргани” ҳам яққол намоён бўлган. 

Спектаклда, шунингдек, собиқ СССР пайтида Улуғ Ватан уруши деб уқтириб келинган Иккинчи Жаҳон урушининг асл қиёфаси ва халқимизнинг фарзандларимиз нима учун қурбон бўлганликлари ҳақидаги мулоҳазалари икки жигарпораси, турмуш ўртоғи қатағон қилингач, суянчиғига айланган ўғиллари номини оқлаш учун жангга кетган Масъуманинг Маннон Уйғурга қарата айтилган гаплари билан изоҳланади:

“Қайси Ватан учун оға? Эримни, қайнотам, қайинукамни жувонмарг қилган Ватан учунми? Миллат деб чиққанларнинг пок кўзига тупроқ тортган Ватан учунми?.. Ўғилларим, бу ерда ҳам жаҳаннамнинг ичида юргандек бўлишарди. Уруш нимаю, ҳар куни “душманнинг ўғли” деган гапни эшитиш нима? Отамнинг номини оқлаймиз деб кетишди. Лекин уларнинг отаси душман эдими? Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар-чи, оға? Улар ҳам душман эдиларми?!”...

Бир сўз билан айтганда, спектаклдаги ҳар бир сўз ва жумла метафорик аҳамият касб этган. Маъсума Қориеванинг сўнгги роли – “Отелло” спектаклидаги Эмилия монологи ҳам аслида тузумга нисбатан мазлума аёл, актрисанинг исёни эди: “Қандайдир бир ифлос, маккор, суйканчиқ паст қўл, даражами, мартабами топишлик учун бундай ирганч бўҳтонларни ўйлаб чиқарган!

Урчиб кетган ер юзида разолат, алдов! Мен энди жим бўлмайман! Шамол каби сўз айтишда сахий бўламан! Майли, мени осмон, шайтон, бутун одамлар уялтирсин, тўхтамайман, сўзлай бераман!” 

“Сўнгги қалдирғоч” спектаклининг финал қисмида ҳам Маъсуманинг монологи спектаклнинг финалини белгилаб беради:
 Нозаниним, қайси қўшиқ сенга ёқарди?

Тинглайсанми? Азиз жоним. А, Дездемона?
Кўзингни оч! Мажнунтоллар қўшиғини айтамиз!
Оққуш бўлиб ўйнайман-да, сўнг қўшиқ айтиб,
Бу дунёдан бир умрга кўзни юмаман!

Спектаклнинг якуний кўринишларидан бирида айтилган: “Оққуш бўлиб ўйнайман-да, сўнг қўшиқ айтиб/Бу дунёдан бир умрга кўзни юмаман...”сўзлардан кейин эса томошабин ҳозир нимадир юз беришини сезади ва охир-оқибатда ўша “нимадир” юз беради. Бедарак кетган ўғилларини излаб, Москвага борган Маъсума Қориеванинг юраги ўғиллари жанг майдонида ҳалок бўлгани ҳақидаги совуқ хабарни кўтара олмай, вафот этади... 

Энди саҳна декорацияси ҳақида икки оғиз сўз: рассом Миржалол Холиқов минимал даражадаги декорация ишлаган: гоҳ поезддан, гоҳида саҳна вазифасини бажарувчи элементдан самарали фойдаланган. У саҳна вазифасини бажарганида юқоридан пастга қараб тургизилиб, театрни маърифатга юксалтирувчи куч сифатида кўрсатилган бўлса, Маъсумалар хонадони акс эттирилганда тўртта хум илиб қўйилган ишкомга айлантирилган.

Зеро, ушбу тўртта хумча ҳам Боситхон, Маъсума, Шавкат ва Ботирларнинг номаъи аъмолида белгиланган ризқ-рўз манбаи метафорасини англатади. Булар, бир ерда тўрт нафарлик аҳил оила тимсолида намоён бўлади. Маъсуманинг руҳи яқинларининг руҳи билан топишган арш курсисида эса ушбу тўртликнинг бирга акс эттирилиши ҳам бежиз эмас, албатта. 

Маъсуманинг абадиятга кетиш саҳнасида эса марказ нурланиб, у ердан ўтганлар Маннон Уйғур, Ҳамза, Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Абдувоҳид Қори, Боситхон, Шавкатхон ва Ботирхонларнинг гўёки руҳи поклари кўринади. Маннон Уйғурнинг томошабинларга “...рост ўйнанг, қалбингиздаги кирликлардан пок бўлинг. Бу даргоҳда нимаики ёлғон ишлатсангиз, руҳингиз азоб чекади; сохталигингиз фош бўлиб қолаверади” деган даъвати ҳам янграйди. Дарҳақиқат, спектаклдан кейин томошабин покланиш-катарсис ҳолатини бошидан кечиради: ҳаёт аталмиш театр саҳнасида ҳар ким ўз ролини поклик билан маромига етказиб ўйнаши шарт... 

Ишонч билан айтиш мумкинки, спектакль ижодкорлари томошабинни шунга чорлаганлар.

Чиғатой қабристони томонга йўлингиз тушса, унинг бир чеккасида кулранг мармартошли кимсасиз бир қабрга ва ундаги ёзувга кўзингиз тушади: “Маъсума Қориева (1902-1946). Босит Қориев, Шавкат Қориев, Ботир Қориев...”

Ушбу қабр ёнида тўхтаб, Қуръон оятларидан тиловат қилинг. Зеро, бунда жасади эмас, хоки кичик бир идишда юртга олиб келинган биринчи ўзбек актрисалардан бўлган аёл, эри, фарзандларининг – жасади ўзга юртларда қолиб кетиб, ёдгорлик ўрнатилган рамзий қабр бор. Бу – эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва жасоратли инсонларнинг рамзий қабридир...