Маҳатма Гандининг энг оғриқли мушоҳадалари

Маҳатма Гандининг энг оғриқли мушоҳадалари

Инсоният тарихида муносиб ўрин эгаллаган Моҳандос Карамчанд (Маҳатма) Ганди (1862 – 1948) бўлиб, у Ҳиндистонни Англиядан озод қилиш ҳаракатининг намояндаларидан бири бўлган.

Англияда юридик таълим олиб, кўп йиллар адвокат ва юрисконсульт вазифаларида ишлаган Маҳатма Ганди 1915 йилда Ҳиндистонга қайтиб, Ҳиндистон миллий конгресси партиясига аъзо бўлган.

У яратган куч ишлатмасдан курашиш фалсафаси Ҳиндистонни мустамлакачиликдан озод қилишда муҳим роль ўйнаган. У ўз даврида “Ёмонликка яхшилик билан жавоб бер” ҳикмати менинг йўл бошловчи тамойилим бўлиб қолган” деган эди. Ҳинд халқининг мустақиллик учун курашида Маҳатма Ганди айнан ана шу ғоядан фойдаланди. 

Гарчи Маҳатма Гандининг “Менинг ҳаётим” асари таржимаи ҳол тариқасида ёзилган бўлсада, унда миллатпарварлик ва ватанпарварлик, фидойилик ва ҳалоллик ғоялари кенг тарғиб қилинган. Содда, тушунарли ва самимий тарзда ёзилган асар ватанпарварлик туйғусини уйғотишда катта ўрин тутади.

Унда ҳинду дини, ҳинду урф-одатлари ҳамда бошқа динларга оид фикру-мулоҳазалар ўз ифодасини топган: “Менинг вазифам – зўравонлар билан курашнинг барча қонуний воситаларини халққа кўрсатиш. Мустақил бўлишни истаган миллат озодликка эришишнинг барча йўл ва усулларини билиш керак.” деган эди буюк ҳинд фарзанди.

Шу ўринда Гандининг 1916 йил 16 февралда Банорас шаҳридаги Ҳинд университетининг очилиши маросимидаги “Ҳиндистоннинг нажот йўли” маърузасига тўхталиш жоизга ўхшайди. Маҳатма ўз маърузасини миллатдошларига чет тилида етказишга мажбур бўлганлигидан афсусланиб бошлаган: ”Шу муқаддас шаҳарда, ушбу йирик университет қошида бу оқшом ўз миллатдошларимга чет тилида мурожаат қилишга мажбур бўлганим ҳаммамиз учун ҳам ҳақоратли бир ҳолдир”. Лекин Ганди ўз маърузасида чет тилларни ўрганиш зарурлигини ҳам инкор этмайди. 

Маҳатма Гандининг бойу-задагон юртдошларига қарата «Сиз ватандошларингизнинг аҳволини ўнглаш учун ўз тақинчоқларингизни юлиб олиб уларга бермагунингизча Ҳиндистон балолардан халос бўлолмайди», — деган гаплари унинг доимо тўқларни очларга, бошқарувчиларни бошқарилувчиларга нисбатан эътиборли, адолатли ва меҳрли бўлишга чақирганидан далолатдир.

Шунингдек, Маҳатма Ганди Ҳиндистон аҳолисининг тўртдан уч қисми деҳқонлар эканини назарда тутиб: “Агар биз деҳқонларни кўкартирмасак, топган-тутганининг деярли барчасини олиб қўйсак, ёки кимлардир тортиб олишига индамай қараб турсак, қалбимизда мустақиллик руҳидан асар ҳам қолмагани шу эмасми?
Деҳқонлар бизнинг нажоткорларимиздир. Нажотни бизга юристлар ҳам, врачлар ҳам, бой заминдорлар ҳам беролмайди” деганди.