Ўлимини олдиндан сезган сўфи ким эди?

Ўлимини олдиндан сезган сўфи ким эди?

Жаннатмакон Зомин тоғлари. 

Ўзбекнинг қадим тарихининг не-не сирларини ўз бағрида асраган гўша. Босқинчи Доро-ю, жаҳонгир Искандар Зулқарнайн, араб аскари-ю, мўғул қўшини, қолаверса, Россия империясининг истилочи аскарлари, улар босиб ўтган йўллар, сонсиз хунрезликлари... 

Темур дарвозаси: Буюк ипак йўлининг Шарқ ва Ғарбни туташтирувчи ягона эшиги. Бу йўлдан ўтувчи карвонлар. Уларга ортилган Шарқнинг нодир моллари шитоб билан Ғарбга, Ғарбнинг қимматбаҳо буюмлари эса Шарққа интилади. Карвонларда мислсиз бойликлар билан бирга турли туман ахборотлар, янги-янги билимлар ҳам оқади... 

Одамлар. 

Тақдир тақозоси билан кишилар шу заминда замонлар довонида яшаб келдилар. Тинчлик даврида жамият гуллаб-яшнади, аммо бўҳронлар, урушлар сабаб инсонларнинг фиғони оламни тутди. Яна чанглар босилди, яна ҳаёт кўтарилди. Бу воқеъликларнинг барчаси одамлар онгида, тафаккурида ўз аксини топди. Улар достонлар, эртаклар, қўшиқлар, фольклорларга сингдирилиб, қадриятга айланди. Халқнинг маънавий дунёси, миллий зеҳнияти улғайди. Бу тарих эса тажриба ва доноликни, халқимизнинг, миллатимизнинг тенгсиз қадриятлар тизимини дунёга келтирди...
 
Кейинги даврлар. 
Чоризм истилоси, совет мустабид тузуми, сўнгсиз қирғин ва қатағонлар. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда совет тузумини ўрнатиш, айниқса, қишлоқларда аҳолини совет сиёсатининг измига солиш ўта оғир ва шафқатсиз курашлар остида кечди. Аввалига ер, сув ислоҳоти, кейинрок колхозлаштириш кампанияси совет мафкурачилари томонидан халқ манфаатига ҳар қанча мослаб талқин этилмасин, амалда кўпчилик оддий аҳолининг бошига чексиз жабр-зулм бўлиб тушди... 

1937 йил. 
Қиш. 
Қурбонбой сўфи одамлар тилидан ҳар куни ҳар хил гаплар эшитади. Ҳа, советлар юрт зиёлиларини, дарғаларини аллақачон қамаб бўлдилар. Қурбонбой отанинг кўчага ҳам чиққиси келмай қолди. Фақат масжидга, масжиддан эса уйга қайтади. Бироқ, иниси Қўшмон акасининг элдан ажралиб қолишига чидай олмади. Жигарчилик, у бугун эрталабдан келиб, акасидан колхоз тўйига бирга боришини сўради. Қурбонбой ота йўқ дея олмади. У одамларнинг хурсандчилигини кўриб, бир сония яйради.

Бироқ, улар орасида ўзининг аввал учратган айрим “таниш”ларининг айрича “фаоллик” кўрсатишаётганини кўрди-ю, укасига ҳам бирон сўз демай изига қайтди. Улар ўзи мендан нимани истайдилар. Яна нима хато қилдим? Шу ўйлар билан кунни кеч килди. Шомга таҳоратга чиқиб, нимагадир кўчага боққиси келди. Узоқдан отда келаётган бир кишини кўрди. Қизиқсинди, қараб турди.

У яқинлашган сайин Қурбонбой сўфининг юраги тез-тез ура бошлади. Йўқ, бу қўрқув эмас, у тушундики, вақти келибди. Бу кимса бир пайтлар “... чекист” эди. Унинг шум қадами етган ердан, албатта, халқнинг дод-фиғони чиқарди. У кечалари қишлоқ оралаб кимлар билан қаерда учрашади, нималарни сўрайди, буни қеч ким билмайди.

Билишниям истамайди. Ҳеч ким унга бир сўз демайди. Деёлмайди ҳам... Қурбонбой сўфининг ҳаёлидан шулар ўтди-ю, янада чуқурроқ хаёлга берилди. Эртаси куни қизи Гулсумни чақириб, “қизим сен сингилларингга бош бўл. Ҳозир Шерчабой акамникига югур, акамлар Эшматбой, Қўшматбойларни тинчлантирсин, айниқса, укам Қўшмондан бохабар бўл”, дея насиҳат қилди. Катта қизи Руқияга эса турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан босиқ бўлишлари, яқин ўртада уни кўргани келишмай туришларини ҳам қаттиқ тайинлади. 

–“Мени олиб кетишса керак”, – деди у овозини пастлатиб. Отасини тушунган Гулсум индамади, чунки, бу биринчи марта эмас эди. У селдек қуйилаётган кўз ёшларини отасига сездирмай артдию, итоаткорлик билан йўлга тушди. Ҳа, Қурбонбой сўфи адашмаган эди. Орадан кўп ўтмай дарвозаси тарақлай бошлади... 

Қурбонбой сўфи Тўрабеков 1873 йили Жиззахнинг Зомин тумани, Қизилсой қишлоғида туғилган. У катта оиланинг фарзанди, диний таълим кўрган ва бир вақтлар қишлоқнинг давлатманд вакилларидан эди. Бироқ сўфи совет сиёсатига тушунмади, тушунишни ҳам истамади. 1930 йили советларнинг коллективлаштириш сиёсати даврида бой кулоқ хўжалиги сифатида, бор мулкидан ажралиб, 2 йилга қамоққа ҳукм этилди. 1932 йили қамоқдан чиқиши билан яна 4 йиллик солиқни тўлашдан бош тортди дея қамоққа олдилар. Бу гал эса бутунлай бошқа усул... 

1938 йилнинг 28 январида ЎзССР ИИХК Зомин бўлими томонидан Қурбонбой сўфи Тўрабеков аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, қамоққа олинди. 1938 йилнинг 30 январида тўлдирилган шахсий анкетасида Қурбонбой сўфи Тўрабеков деҳқон, паспортсиз, қамоққа олинган вақтида ҳеч қаерда ишламаган, хотини Нозиной 45 ёш, қизлари Гулсум, Руқия ва Оботойлар 12 ёшдан 5 ойликкача деб ёзиб кўйилди. 1938 йилнинг 30 январь куни ўтказилган илк сўроқ вақтида Қурбонбой сўфи барча бўҳтонларни инкор қилди.

Кейинги сўроқларда ҳам иродаси иймони каби мустаҳкам сўфи бобони айбига иқрор эта олмадилар. Аммо қоғоздаги “кўрсатма”ларини рад этишга ҳам, қишлоғининг обрўли инсонига туҳмат қилишга ҳам юраги дов бермай турган болаларни кўриб, Қурбонбой сўфи чидаб тура олмади:

–“Буларда айб йўқ! Мен намоз ўқийман, нима бўпти. Уларни масжидга чиққин деб айтдим, ахир сўфиман, одамларни динга тарғиб қилиш менинг вазифам. Крупская колхози тўйида “тўй хурсандчилик, халқнинг хурсандчилиги Худога ҳам ёқади”, деганим рост. Лекин, советларнинг қишлоқдаги сиёсатига қарши тарғибот олиб борган эмасман, “мусулмонобод” деган сўзни ҳам ишлатмадим”, дейди. Шу йўл билан у қишлоқ болаларини таҳқирлардан сақлаб қолади.

Шундан сўнг, Қурбонбой сўфини яна олти ой зах турмада сақладилар. 1938 йилнинг 16 августида уни ҳеч бири исботини топмаган қуруқ бўҳтонлар асосида ЎзССР ЖКнинг 66-модда 1-қисми билан айбдор деб, Самарқандга юборадилар. Орадан бир ойча ўтиб – 12 сентябрь куни Самарқанд вилоят суди Қурбонбой сўфи Тўрабековнинг ишини кўриб чиқиб, ҳукм чиқаради...”

Суд залига ҳеч ким чақирилмади, айбланувчига сўз ҳам берилмайди. У ЎзССР ЖКнинг 66-2, 58-моддалари билан айбдор деб топилиб, 8 йилга МТЛ(Меҳнат тузатиш лагери)га юборилади. 

1990 йилнинг 26 июнидагина Қурбонбой сўфи Тўрабековнинг номи ЎзССР Олий суди томонидан оқланди. 

Бугун Зоминда Қурбонбой сўфи томонидан бунёд этилган масжид халққа хизмат қиляпти. Шўролар ўзининг қаттол сиёсати билан нимани режалаштирган эди, уларнинг қай бирига эришди-ю, қай бирига эриша олмади?  Бу ҳақида гапириш осон эмас. Бироқ, Яратган ўзига ибодатли, миллатига, халқига садоқатли бандаларини ҳеч қачон ташлаб қўймаслиги Қурбонбой ота тақдирида яна бир бор ўз исботини топди.