Қизил билан текширсанг, ажрашаман!

Қизил билан текширсанг, ажрашаман!

Дафтарларни қизил ручкада текшириш бир кун келиб, ажралишлар сонига таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Инсон биологик мавжудот бўлгани учун ҳам биз доимо ўрганади, янгиликлар яратади ва шу орқали ривожланади. Ана шу хусусиятимиз билан биз ҳайвонот оламидан ажралиб турамиз. Лекин ҳайвонот оламида ҳам биз ҳавас қиладиган бир одат бор: ҳайвонлар бир-бирларининг хатосини қизил рангли ручка билан ниқтаб кўрсата олмайдилар.

Қайд этилишича, қизил ручкада текшириш бола онгида ҳаётда фақат хатоларга эътибор бериш кераклигини, тўғри ёзилган нарсаларга унча эътибор бермаса ҳам бўлади деган нотўғри фикрни шакллантирар экан. Ҳеч эътибор берганмисиз, бирон амалдорга мансаб берилса, ишни эски раҳбарнинг хатосини топишдан бошлайди. Бу ҳам ўша “қизил ручка” принципининг асоратидир. 

Энди “қизил ручка” принципи рўзғорда қандай ўрин эгаллашини кўрсак: биринчи навбатда янги турмуш қурган ёшлар ва, албатта, катталар хато топиш ишлари билан банд бўлишади, масалан, янги тушган келиннинг тонг саҳарда кўчани супурмагани, маҳалладаги оқсоқолга салом бермай ўтгани, келинсаломда куёвнинг катта аммасига салом бериш эсидан чиққанигача узоқ вақт муҳокама қилинади.

Лекин негадир янги келиннинг бир нечта тилда гапириши, бирон спорт бўйича чемпион экани деярли тилга олинмайди. Чунки бизга ёшлигимиздан хатолар устида ишлаш ўргатилган. Натижада миямизда хато топиш учун алоҳида ҳужайра пайдо бўлиб, уни йиллар давомида ривожлантириб келганмиз.

Лондондаги мактаблардан бирида бўлганимда, уларда барча дафтарлар ўқувчи қандай ручкада ёзган бўлса, ўша рангдаги ручкада текширилиши ва биринчи навбатда тўғри ёзилган сўз ёки мисолга эътибор берилишини кўрдим. Масалан ўқувчи 210 та сўздан иборат диктант ёзди, ўқитувчи уни текшириб, 18 та хато топди, ўқитувчи хатоларга эмас, тўғри ёзилган сўзларга эътибор берар ва 18 та хато эмас, балки 192 та тўғри сўз ёзди деб баҳо қўяр экан.

Бу эса аста-секин болада яхши нарсаларга кўпроқ эътибор бериш керак деган одатни шакллантирар экан.