Иқтисодиёт эмас, педагогика инсоният келажагини ҳал қилади

Иқтисодиёт эмас, педагогика инсоният келажагини ҳал қилади

Ёки абадиятга таянмаган маданият ўзгаришлар шамолига дош беролмаслиги ҳақида
Нишонга аниқ урадиган ракеталар билан ҳам ҳал этиб бўлмайдиган муаммолардан бири – билимсизлик, чаласаводлик ва нодонликдир. Инсон маданиятида руҳоният ва маънавият уйғунлашган бўлиб, бу уйғунлик ва бус-бутунликда ота-она табиий равишда ибрат бўлади. Бугунга келиб эса тарбия жараёнида ота-онанинг обрў-эътибори йўқотилди. Яъни, компьютерни ўзлаштириб олган тинейджер (teenager – болалик ва ўсмирликдан балоғат ёшига қадам қўяётган болалар) авторучкада ёзаётган бобосидан кўра ўзини анча ақлли деб ҳисоблай бошлади. 

Ҳа, дунё ўзгариб кетди, ҳар беш йилда ўзгача қиёфага кирмоқда, замонавийлик кемасидан барча эски нарсалар улоқтириб ташланмоқда. Ҳатто, у қадар етарли билимга эга бўлмаган чўпонлар ҳам эъзозлайдиган муқаддас нарсаларни бир пулга қиммат деб билувчи миллиардлаб одамлар вояга етяпти. Смердяковлар тўдаси, истиқболда яқинлашиб келаётган варварлар галаси сайёрамизни қора булутлардек қоплаб олмоқда. Улар истаган пайтда Бен Лодин ёки Баркашов ортидан эргашишга тайёр... 

Замонавий дунёнинг фожиаларидан бири – эфирдан вулқондек отилиб, тарқалиб турган разолатдир. Шу боис бўлса керак, глобализм кескин қаршилик уйғотмоқда. Бу қаршилик нафақат этник ва диний характерга эга... 

Буюк маданиятлар дунёсининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки – у тарихий бурилиш ясай олиш лаёқатига эгалигидир. Бошқаларга қараганда тарбияга таянган янги ҳаёт тарзини яратишни уддасидан чиқадиган мамлакатлар дунё етакчиларига айланадилар. Бу борада катта ёки кичик, кучсиз ёки кучли давлатлар ҳам тамал тошини қўйиши мумкин.

Ким олдинга ёриб чиқишини билмаймиз. Аммо барча бу ишни бошлаши керак. Ушбу жараёнда иқтисодиёт эмас, айнан педагогика ҳал қилувчи аҳамиятга эга – ишни болалар боғчасидан бошлаш лозим. Болалар янгиликни катталарга қараганда тез қабул қилишади. Тўрт ёшли қизалоқнинг гапи эсимга тушади: “Онажон, овозингни кўтармасдан гапир, баланд овоздан дарахтлар қуриб қолади...”

Мабодо, биз одамларни фақат истеъмол қилишни чеклашга даъват қилиш билангина чеклансак, ўзаро келишмовчиликдан бошқа нарсага эришмаймиз. Бунда Пётр имлаб Сэмни кўрсатади, Европа Американи, Осиё эса Европани. Мушоҳада қилиш қадриятларини кашф қилиш, иш орасида мушоҳада этиш учун бир лаҳзалик танаффус олиш, мулоқотлар ва мунозараларда, онгни, фикрни ривожлантиришда мушоҳада қилиш орқали туб бурилиш ясашимиз мумкин.

Мактаб бугунги куннинг вазифаларидан, хусусан, дастурчилар, ҳуқуқшунослар, менеджерлар тайёрлашдан четда тура олмайди. Бугунги кун нафасида тезкор шиддат мавжуд ва бу шиддатли оқим уни ҳалокатга етакламоқда. Абадиятга таянмаган маданият ўзгаришлар шамолига дош бера олмайди. Мактаблар санъат орқали, адабиёт орқали мушоҳада этишда нафасни ростлаб олишни ўргатиши зарур. 
Рус тилидан Жалолиддин Сафоев таржимаси