Икки бошли бир иллат

Икки бошли бир иллат

ёхуд дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг кушандаси топилди

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда: “Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар менга айтаяпти, виртуал қабулхонага ёзяпти, “Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар”, деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади.

Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз ”, деган эдилар.

Иллат нима? Бу - “нуқсон”, “камчилик”, “айб”, “касаллик”, “бузуқлик” дегани. Бу ўзбек маънавиятида жамият ёки шахсга зиён етказадиган жиноятчилик, коррупция, ичкиликбозлик, ахлоқсизлик каби ижтимоий камчиликларни билдиради.   
Агар бирор иллат кўпроқ одамларда учраса, уни ижтимоий иллат, дейдилар. Ижтимоий иллатлар жамиятни ичидан емиради. Одамларни бузади. Туппа тузук одамлар ўз-ўзига, бири бирига зиён етказа бошлайди.

Чунки иллатлар тарқалиб, ҳамманинг ҳаёт сифатини пасайтиради. Дилимизни хира қилади. Орамизга ёвқарашни олиб киради. Одамларни дўсту биродарларга эмас, бири бирини алдовчи, урувчи, камбағал қилувчи, алдоқчи, золимларга айлантиради. Ҳамма жабр кўради.  

Дабдабабозлик, исроф иллати нега ўзбеклар орасида туп қўйиб, палак ёзмоқда? Хўш, бунинг сабаблари нимада? 
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг 2025 йилда ўтказган эксперт сўровлари натижаларига мурожаат қилсак: жавоблар тўрт тоифага бўлинди. Уларнинг бири “ўзбек халқи азалдан меҳмондўст ва ҳашамдорликка мойил.

Подшоҳ, хонларимизда ҳашамдорлик кучли бўлган. Бу ҳали-ҳануз одамлар онгида обрў, эътибор, бойликка ҳавас  сифатида қолган”, дейишади. Иккинчи тоифа “бунинг асосий сабаби ўзбек жамиятидаги ижтимоий босимда. “Обрўйим тушиб кетмасин” деган хато фикр асосида шундай хулоса қилинади. Учинчи тоифа вакиллари “Халқимизда молиявий саводхонлик паст”, деб ачинишади. Тўртинчи тоифа эса “Бунинг сабабини телевизор, ижтимоий тармоқларда дабдаба, бойлик рекламаси таъсиридан излаш керак”, деган фикрда. Албатта бу фикрларда  жон бор. 

Дабдаба, исрофбозлик – икки бошли бир иллат. У биринчи зарбасини чўнтагимизга бериб, бизни қарзга ботиряпти. Одамлар кўнглига кибр, мақтанчоқлик ва ҳашам ҳирсини экяпти, кучайтиряпти. 

Нима қилмоқ керак? 

Энг аввали – дабдабаю асъаса ва исрофнинг маънавий анатомиясига назар ташласак. Шунда ўзимизни ўтга-чўққа уриб, қийналиб топган пулимизни нега ўтга ташлаётганимизни билиб оламиз.

Дабдабаю исроф – ўзбекнинг чўнтагини кемираётган икки бошли нафс аждари. Бу махлуқ биздаги маънавий иллатлар билан тирик. Бу иллатлар эса жаҳолатдан – “Кимлигимизни кўрсатиб қўйишимиз керак”,  “Эл-юрт олдида иззатимизни сақлашимиз керак”, “Одамлар нима дейди?”, каби совуқ мақсад ва ниятлардан туғилади. Бу ниятлар болалагач, кўпчилик тўйни дабдабали қилишга мажбур бўлади.

Чунки “Қўшнилар, қариндошлар, дўстлар нима дейди?”, “Фалончи катта тўй қилди, мен ҳам ундан қолишмаслигим керак”, “Обрўйли бўлиш учун зўр тўй қилиш керак”, “Қўшнимникидан кам бўлмаслиги керак”, “Ўзимни кўрсатиб қўяй” деган юқумли ўйлар уни бунга мажбур қилади.

Шундан кейин узоқ йиллар қийналиб, боламизни ўқишиданми, уй-жойданми “эконом” қилиб топган пулимиз ижарага олинадиган қиммат машиналар, маҳобатли ресторанлар, машҳур санъаткорларга сочилади. Бу санъаткорлар ҳатто тўй эгасининг кимлигини ҳам билишмайди. 

Иҳар куни гувоҳи бўлаётганимиздек, бугун интернет ва олифта блогерлар асосан катта тўйларни тарғиб қилишяпти. Бу эса кўринмас қамчи бўлиб, мустақил фикри йўқ одамларни исрофхонага ҳайдамоқда.  Тўй – оила қуриш учун зарур маросим, аммо бахтли ҳаёт кафолати эмаслигини биламиз. Лекин бу фикримиз ожиз. Шунинг учун ҳам унга амал қилмаймиз.

Нима қилиш керак? 

Ғояга қарши ғоя керак. Ҳа. Яхшилик, тўғрилик, инсоф, соғлом, ақлли ўзбекчилик ғояси ғолиб бўлиши керак. Тўйнинг одоби, маданияти, маънавиятини тушунтириб, “Ўзимни кўрсатиб қўяй” деган ғояни “Тўйда ҳашамат – ғурур эмас, уят”, деган ғояга едиришимиз керак. “Обрўли бўлиб кўриниш” ғоясини “Обрўли бўлиш” ниятига ем қилишимиз керак. Алал-оқибат “Ўзбек тўй маданияти” учун курашиб, туйғуга эмас, ақлга қулоқ солишга ўрганишимиз керак. 

Ана шунда минглаб тонна овқат пиширилиб, чиқиндига кетмайди. Ҳаромга чиқмайди. Минглаб тонна чиқинди овқат нима дегани? Бу ўзбек халқининг насибаси, ризқи, ресурси аслида. Озиқ-овқат хавфсизлиги дегани ҳам шудир. Исрофгарлар “Нима ишингиз бор? Пулимга сотиб олаяпманку”, дейиши мумкин.

Кечириб қўясиз. Пул сизники, лекин ресурс Ўзбекистонники. Ҳаммамизники. Халқ ризқи билан ўйнашманг, дея олишимиз керак. Тик туриб. Мана бу миллат ҳимояси, озиқ-овқат хавфсизлиги йўлидаги сўзимиз бўлади.  

Тўйларда машҳур хонандаларни чақириб, уларга катта пул тўлаш иллати ҳам миллий анъанага айланиб бўлди. Кўп ҳолларда санъаткорларнинг 4та қўшиғига тўланадиган пул тўй бюджетининг ярмига тенг бўлаяпти. Баъзи нодон жигарларимиз бунинг учун кредит олиб, қарзга киришаяпти. Тўйдан кейин 3-4 соат бой бўлиб кўриниш йиллар давомида бурнидан булоқ бўлиб чиқаяпти. Оилаларни бузаяпти. Лекин кеч бўлаяпти.   

Ҳашаматли тўй тарғиботи TikTok, Instagram, YouTube каби платформаларда изчил тарғиб қилинаяпти. Бу эса ўзбеклар онгига “мен ҳам шундай тўй қиламан”, деган жоҳил ниятни сингдиряпти, урфга айлантиряпти. Бундай вазиятда биз зиёлилар тўйларни ихчам ва маънавий бой ўтказишни оммалаштиришга масъулмиз. Бунинг учун жамоатчиликнинг хато фикридан қўрқмаслигимиз керак.

Чунки бизнинг йўлимиз, доно, ақлли ўзбек боболаримизнинг тутуми. Ҳақ, инсоф, тўғрилик, диёнат биз томонда.  Чунки биз исроф эмас, инсофни,  бой бўлиб кўринишни эмас, бой бўлишни, келажакка сармоя киритишни – ёшларга уй, таълим ёки бизнес учун маблағ йўналтиришни тарғиб қиламиз.

Олиб борилган тадқиқотлар дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг маънавий анатомиясини очиб, бу икки бошли иллатнинг боши болаликдаги тарбиявий хатоларимизда эканини кўрсатди. Ҳа. Сабаб тарбияда экан!
Биз ўзимиз истмаган, билмаган ҳолда, нотўғри тарбиямиз билан болаларимизга кибр ва ҳасад уруғларини экиб қўяяпмиз.  Кибр (ўзини бошқалардан устун кўриш) ва ҳасад (бошқаларнинг муваффақиятини кўролмаслик) ҳам болаликдан шаклланади.

Уларнинг пайдо бўлиши тарбия жараёни, оила муҳити ва жамият таъсири билан узвий боғлиқ. “Сен ўртоғингдан, дугонангдан зўрсан!”, “Ҳеч ким сендай билмайди”, “Бошқалар сендай бўла олмайди”, деган гапларимизни бир эсга олайлик. Болани ортиқча мақташ, ҳеч қачон танқид қилмаслик боламизда бошқаларни камситиш, ўзини юқори қўйиш ҳисларини ривожлантиради. Натижада бола ҳақиқатни қабул қила олмайдиган ва танқидга тоқатсиз бўлиб ўсади.

Болаларимизни бошқалар билан солиштиришдан тўхтайлик. “Қара, қўшни боласи сендан яхши ўқийди!” “У сендан ўтиб кетди. Сен орқада қолиб кетдинг”, демайлик. Бу болада ҳасадни кучайтиради. Натижада болага қўшилиб, бошқаларни камситиш, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, муваффақиятли одамларга нисбатан ҳасад ва ёмонлик қилиш иллатлари ўса бошлайди.

Бу иллатлар куртак очиб, боламизни ўз обрўсини ошириш учун пул, бойлик, ҳашаматли кўринишга зўр беришга олиб келади. Ҳурматни бойлик ва лавозим билан ўлчашга, манманликни кўз-кўз қилишга, бошқалардан устун кўринишга мажбур қилади. Демак, болаларимизни мағрурлик эмас, камтарликка, муваффақият сабабини яхшилик ва меҳнатда кўришга ўргатишимиз керак. 

Хуллас, дабдабабозлик ва исрофгарчилик кибр ва ҳасаддан, булар эса болалар тарбиясидаги хатоларимиздан экан. Демак, дабдабабозлик ва исрофгарчиликнинг тўхташи уйда, мактабда, маҳаллада, ишхоналарда, жамоат жойларида, тўй-маъракаларда бу иллатларга қарши гапира бошлашимизга боғлиқ. Ана шунда иллатларимиз қовжираб,  ўзбекона камтарлик, ҳурмат ва ҳақиқий қадриятларимиз туп қўйиб, палак ёза бошлайди.