«Хамса»да васф этилган гўша нега эътиборга тушмаяпти?

«Хамса»да васф этилган гўша нега эътиборга тушмаяпти?

Давр мафкураси кўзларни басир, кўнгилларни сўқир қилиб қўйган экан. Бугун бундан ярим асрча олдин ўзим дарс берган ўқувчилардан узр сўрайман. Шароит тақозаси, вазият талаби билан ўзингиз яшаган қишлоқ манзаралари, қадамжолари ҳақида буюк Навоий гўзал сатрлар битганини, унинг тарихидан сўзлаганини, муҳташам достонининг бир бўлимини унга бағишлаганини айтмаганман, ҳатто ўзим бу ҳақиқатнинг тагига етмаганман...

Гарчи Тянь-Шан тоғининг Ҳисор тизмасида жойлашган Қашқадарё вилоятидаги ғор ва унинг атрофларини ўрганиш, видео тасвирга олиб, ҳужжатли фильм учун ашё тайёрлаш, шунингдек, тарихий манзилларни кўздан кечириб, уларнинг аҳволи юзасидан жамоатчиликни воқиф қилиш белгиланган бўлса-да, бу сафарнинг зиммасига ҳали кўпчиликнинг назарига тушмаган ёки етарлича талқин-тадқиқ қилинмаган маълумотларни тўплаш ва ўрганиш вазифаси юкланди.

– Юртимизнинг ҳар қаричида минглаб тарихий синоатлар яширинган, – дейилди сафар қатнашчиларининг ўзаро суҳбатида. – Бизнинг вазифамиз уларни шунчаки санаб ўтиш ёки қайд этиш эмас, энди ўтмишнинг мавҳум бўлиб қолаётган сирларини очиш, мозийга теранроқ назар солишдир. Шунда юртимизнинг шукуҳи, бўй-басти бутун борлиғи билан намоён бўлади.

Биз сафар давомида бу гаплар айни ҳақиқат эканига яна бир бор иқрор бўлдик. Очиқ эътироф этганда, ҳали ҳам ғофил эканмиз. Айниқса, ҳозирги катта авлоднинг шаклланиш ва мустақил ҳаётга қадам қўйиши қарамлик, ўзлигидан маҳрумлик шароитида ўтгани бизни ўз юртимизга, тарихимизга бепарво қилиб қўйган экан. Ҳатто тилимизни ҳам, дилимизни ҳам бураб ташлаган эканлар. Шоир ёзганди: “Ерни тепма, аста бос қадам, Етар унинг чеккан озори...”.

Аслида бу тупроқ бизлар авлоди бўлган буюк боболар юрти, улар мангу қўним топган муқаддас замин экан. Давр мафкураси кўзларни басир, кўнгилларни сўқир қилиб қўйган экан. Бугун бундан ярим асрча олдин ўзим дарс берган ўқувчилардан узр сўрайман. Шароит тақозоси, вазият талаби билан ўзингиз яшаган қишлоқ манзаралари, қадамжолари ҳақида буюк Навоий гўзал сатрлар битганини, унинг тарихидан сўзлаганини, муҳташам достонининг бир бўлимини унга бағишлаганини айтмаганман, ҳатто ўзим бу ҳақиқатнинг тагига етмаганман...

...Эрталаб чиққан қуёшни чўққилар елкалаб тургандек туюлар, заррин нурлар қуршовида маҳобатли дара ғубор ичида кўзга ташланарди. Шууримизнинг уйғонгани бу канъон (замонавий тилда) Шерлар қалъаси деб аталиши ва унда Амир Темур ғори борлигини идрок этиш билан бошланган, десам бўлади. Болалик хаёллари чексизликка ундайди, узоқ кутилган йиллар кетма-кет ўтади ва ана шу сирли масканга қадам қўйилади ва бутунлай ўзига боғлаб олади. 

Ўқувчилик йилларим ўша пайт жуда оммабоп бўлган “Фан ва турмуш” журналида Қарши давлат педагогика институтининг ўқитувчиси Абдулла Маматовнинг Амир Темур ғорига саёҳат ҳақидаги мақоласи чиқди. Унда ғорнинг чизмаси ҳам эълон қилинган эди. Бу мақола қишлоқда чинакам пўртанани юзага келтирганди. Содда, хокисор одамлар бизлар яшаб турган жойларимиз ҳақида ҳам ёзиш, миллионлаб одамларга маълум қилиш мумкинлигидан ҳаяжонланишарди, журнал қўлма-қўл бўлиб кетган, ўқимаган ёки кўрмаган одам қолмаган эди. 

Абдулла Ориповнинг “Қасам дара” (1964 йил) деган 73 сатрдан иборат манзумаси бор. Мухлисларга асарнинг мазмуни таниш бўлиши мумкин, лекин ундаги бетакрор тасвирлар ана шу жойлардан олинганга ўхшайди:

Қасам дара гувиллайди маст, 
Гувиллайди туби йўқ макон.
Кўкдан унга кўринар фақат 
Митти юлдуз ва парча осмон.

Атрофида қоқ қоя тошлар
Журъат билан термилади лол.
Бир кўрай деб зина тарашлар
Қояларга тирмашиб ҳилол...

Бугун Қамаши туманидаги машҳур Лангар ота зиёратгоҳи жойлашган қишлоқ орқали ўтувчи машина йўлидан ғор саёҳатига борган ишқибозлар худди шундай манзарага гувоҳ бўладилар. Машина йўли борган сўнгги нўқтадан ғорнинг оғзи кўринади ва қуйида улкан дара – Қалъаи шерон ҳамда тоғ дарёси гувлаб турибди. Ёш йигит (23 ёш), бўлажак буюк шоир Абдулла Орипов бу жойларнинг соҳир манзараларини кўриб, шеърига илҳом олган. 

Шунингдек, Абдулла ака бир шеърида бир оз қимтиниб:

Минг йиллик тарихинг сўзлар, эҳтимол, 
Ҳисор бошидаги Муқанна (?!) ғори, 
деб ҳам ёзган эди (бу далилларнинг тафсилотлари қўшимча тадқиқотларни талаб этади!).

Ҳеч қандай тадқиқотларсиз қўлдаги нақд далил эса шуки, Алишер Навоий ҳазратлари шоҳ асари “Хамса”нинг тўртинчи достони “Сабъаи сайёр”да бир ҳикоят келтирадилар. Албатта, мухлисларга достоннинг мазмуни, тузилиши маълум, шоҳ Баҳром ҳафтанинг учинчи – душанба куни яшил қасрда яшил либос кийиб, учинчи иқлим йўлидан келтирилган мусофир билан суҳбат тузади. Шартга мувофиқ, теран мазмунли, ибратли бирор воқеа сўзланиши лозим эди. Достоннинг “Учунчи иқлим йўлидан кетурган мусофир айтқон афсона” деб номланган 25-бўлими шу мусоҳабага бағишланган.

Мусофир Миср юртидан гап бошлайди, унинг хожасини таърифлайди (10 сатр) ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган шоҳнинг ўзидан ҳам юксак табиатли, лекин ота молига қизиқмайдиган, турли илмларни ўрганиш билан шуғулланадиган Саъд исмли ўғли борлигини баён этиб, ҳикоятини бошлайди. Саъд бир меҳмонхона очиб, унда ўтган-қайтганларни кутиб олиб, хизматини қилар, улардан савол сўраб, илмларини бойитар эди (18 сатр). Бир кун яшил либос кийган икки мусофир унинг меҳмони бўлди. Улар Шаҳрисабз (Каш)дан эдилар ва Саъд улардан кўрган-билганларидан сўзлашни сўрайди. Шунда бири:

Бор дурур тоғ ичинда бир кишвар, 
Кишвар аҳли отин дебон Китвар.
Анда бутхонае дурур олий, 
Рифъат ичра сипеҳр тимсоли - 
деб гап бошлайди.

Бутхона таърифланади ва унинг синоати баён эилади. Кимки унга етиб, кўзи уйқуга борса, туш кўради ва бу туши унинг тақдирини аён этади. Тушнинг таъбирини эса фақат бир пир айта олади. 

Шундан кейин саргузашт бошланади, шаҳзода Саъд ўз толеъини синаб кўришга аҳд қилади. Отаси анча қаршилик кўрсатса ҳам, сафар тадориги кўрилади:

Ишчилар ўн кун этди жаҳду шитоб, 
Токи бўлди мураттаб ул асбоб...
Тўрт юз қул камар ба зар бори, 
Лаълу дурдин безаб камар бори.

Сафар ўтган йўллар таърифланади ва Саъд манзилга етади. Ҳақиқатан, сирли туш кўради, энди пирни топиш керак эди. Яхшиси, Ҳазратнинг ўз сўзларини ўқийлик:

Саъд бўлди алар била ҳамроҳ.
Бошладилар йўл икки кор огоҳ.
Қилдилар азм куҳсор сори, 
Тоғ аро бир қоронғи ғор сори. 

Ғор аро кирдилар ҳарос била,
Раҳрави икки раҳшунос била.
Кўрдилар ғор ичинда айвони, 
Кўҳкан тешаси қозиб они. 

Буюк қалам билан чизилган бу тасвирларни ўқиб, бу гўшага қадам қўйган миллионларнинг кўз олдида таниш манзараар гавдаланаётган бўлса, ажаб эмас. “Айвони...” бу жойда қанчалаб табиат ва тарих ишқибозлари тунашгани рост. Унинг синоатлари - нишабликдан тахтлаб чиқилган тош пойдевор, айвон (супа)даги олов қолдиқларию ёғоч устунлар ўринлари қанчалик қадимий тарихдан сўзлайди? 

Буюк шоирни булардан бошқа бир синоат ҳайратлантиради:

Гўшада муътакиф дейилган пир, 
Халқдин ғор ичинда узлатгир.
Жавҳари жисми тийра кон ичра, 
Олами мухтасар макон ичра. 

Жисми ошуфта сочи ичра ниҳон, 
Ўйлаким, тун саводи ичра жаҳон.

Узлатга чекинган бу зот ким эди?

Маълумки, тарихимизда олам асрорини кашф этиб, йиллар эмас, асрлар ройишини башорат қилиб берган буюк нодир зотлар кўп бўлган. Балки шу азизлардан бири бу ғорда макон тутгандир?

Шундай:

Кўнгли ичра улум пинҳоний, 
Кон ичинда жавоҳир кони.

Наҳотки бу гўшалар нодир ҳикмат соҳибларига макон бўлган, азалдан бу жойларнинг сеҳри-гўзаллиги уларни чорлаганми ёки азбарой уларнинг пойи-қадами теккач, бу жойлар мўътабар бўлганми?
Мана, бу зотнинг сийрати ва сурати:

Фош ҳикмат шукуҳи зотидин, 
Етти юз йил ўтиб ҳаётидин.
Не жаҳондин анга умед, на бийм, 
Деб отин халқ Пайлақус ҳаким...

Яна синоат ва ҳайрат шундаки, улар нотаниш эмас эдилар...

Кўргач-ўқ ҳайрат эттилар турубон, 
Кўксига қўлларин қовуштурубон.
Воқиф эди ҳакими равшан рой, 
Очибон сочин ўлди чеҳра кушой.

Юзи нури ёрутди айвонни, 
Ўйлаким, меҳр нури давронни.
Саъдга деди: “Ки эй саодатманд, 
Зотингга бермасун замона газанд.

Чунки кўрди кўзум жамолингни, 
Айладим фаҳм борича ҳолингни...”

Шундан кейин айвонда мароқли ва сирли суҳбат бошланади. Пир бу юртларга бир улуғ зот қадам босишини юз йиллардан бери кутаётган, уни дуо қилиб, эл-юртга эмну омонликни пойдор қилиш учун яшаётган эди. Пайлақус (Файлақус) ҳаким аввал ўз ҳаётини сўзлаб беради, ўзи ҳам шундай асрорга дуч бўлганини айтади:

Кимки бу дайр аро гузар солди, 
Тушдан анинг балосига қолди... 

Унга бу кун воқе бўлганини, юз йилдан буён уни кутаётганини маълум қилади.

Достон мазмуни шундан кейин ўз маромида давом этади. Пир Саъднинг туши таъбирини айтади, қалъани эгаллаш ва малика жамолига эришиш йўлларини ўргатади. Насиҳатларга амал қилган Саъд мақсадига эришади. Бу ҳикоятдан Баҳром масрур бўлади. 

Албатта, шартлилик ва тагмаъноларга бой бўлган мумтоз адабиётимиз намуналарида жо қилинган маъноларни англаш учун чуқур билим керак. Биз кўрган нашр (15 томлик. 9-том. 1966 йил)да асар қай ҳолда нашр қилинган, одатдагидек қисқаришлар бўлганми-йўқми (ҳикоят 418 байтдан иборат), лекин шу ҳолда ҳам қатор саволлар кўндаланг бўлади: Китвар деган кишвар қаерда, “Жомоспнома” қандай китоб, Файлақус ҳаким тарихий шахсми ёки тўқима тимсолми? Бундай саволлар қатори давом этади.

Шунингдек, буюк шоир юз йиллик муддатни тилга олиб, ўзининг давридан юз йиллик олдинги йилларга, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг дунёга келишига ишора қилмаяптими? Хуллас, замирида бундай нозик маънолар юкланган жумбоқлар кўп. Энг асосийси эса даҳо шоир Алишер Навоийнинг эътибори...

Ғорнинг Амир Темурга нисбат берилиши, даранинг Қалъаи шерон (Шерлар қалъаси) деб юритилиши ҳам бежиз эмас, бу топоним неча асрлар давомида халқ тилида ва дилида сақланган. Уни ёзганини қайта ўқиса ўзи ҳам тушунмайдиган тарихчилардан бири “Амир Темурга дахли йўқ” дебди. “Кўргансизми?” дейишса, “Биз борганда қиш эди, узоқдан кўрганман” дебди.

Ҳолбуки, қишда 25-30 чақиримдан ҳам уни илғаш қийин. Бирор аниқ далилга таянмай, бундай асоссиз хулосалардан қочиш керак, чунки халқ хотираси абадий. Тарихан ҳам Соҳибқироннинг ўсмирлик, болалик йиллари шу ҳудудларда ўтганлигини тасдиқлайдиган Аррафот тизмаси, Мирза ўланг, Шоюрти... сингари жойлар кўп.

Ана шундай синоатларга тўла бўлган маскан доимо ишқибозларни ўзига жалб қилиб келган. Айни кунларда ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бу масканга 2 кунлик (бошланғич нархи 170 доллардан), 3 кунлик (2 860 минг сўмдан) саёҳатларга чорловчи эълонларга дуч келасиз. Буларни кимлар уюштираяпти, бирор давлат ташкилотининг хабари борми, деб ўйланиб қоласиз. Чунки атроф-теварак чиқиндига тўлиб кетган, табиат пайхон қилинган, ишқибозлар кўнгиллари сиққанча номаъқулчилик қилишган.

Сафар иштирокчилари бу ҳолларни ўз кўзлари билан кўрдилар, бундай хўжасизликдан кўнгиллари вайрон бўлди. Ахир табиатнинг нодир гўшаси, тарихимизнинг жонли гувоҳлари бўлган бундай табаррук жойларни асраб-авайлаш керак эмасми?

Ўлкамизда ҳазрат Навоий васф этган яна қандай жойлар бор, уларнинг харитаси тузилганми?

Амир Темур номининг ўзи ҳар қанча асраб-ардоқлашга асос бўлади-ку. Бундай жойлар давлат муҳофазасига олиниши, миллий қўриқхоналар сифатида алоҳида мақом касб этиши дунё тажрибасида маълум. 

Туризмнинг олтин ҳалқасига киришга лойиқ бундай табаррук гўшалар ҳар биримизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Энди бу жойларни паноҳимизга олайлик...

Экспедициядан чиқарган энг катта хулосамиз шу бўлди.