Бужур тоши

Бужур тоши

Ҳақиқий шеър ойда қолган из каби қалбда мангу яшайди. 
Шоиранинг изтиробли сатрлари аслида унинг таржимаи ҳоли...

Гуландом Тоғаевани бундан ўттиз йил бурун матбуот орқали бадном этмоқчи бўлишганди. Ўшанда Вахшиворнинг бужур тошидай метин иродали қиз ҳақоратга чиройли сабр қилди, сукут билан зарба берди, аммо кўр ҳасад Аллоҳдан бошқа ҳимоячиси бўлмаган қиз қалбини яралаган эди. Шоиранинг ўнгланишига кўп йиллар керак бўлди. 

Яхшилик билан ёмонлик кураши абадий бўлгани каби, то қиёматга қадар фаҳшнинг покдоманликни кўрарга кўзи йўқ. 

Назаримда, Гуландом Тоғаева шеъриятини икки босқичга бўлиб ўрганиш керак. Биринчи босқичга, шоиранинг ўқувчилик ва талабалигининг илк йилларида ёзган асарларини киритиш лозим. Гуландом Тоғаева ижодининг дастлабки даврида анчайин битилган, шўро даври руҳига мос, китобий сатрлар ҳам учрайди. Тоза, беғубор мурғак қалб жамиятдаги сиёсий-мафкуравий чақириқ ва даъватларга инонади-да.“Тинчлик” сўзини баралла айтаётганлар уруш оловини ёқишини қаёқданам билсин!

Иккинчи босқич, бу ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан бугунги кунгача бўлган давр. Гуландом Тоғаева ижодининг услубий ва лексик жиҳатдан ранг-баранглашуви айнан шу давр билан боғлиқ. Тошкент адабий муҳити шоира ижодида кескин бурилиш ясади. Бу, назаримда, шоиранинг ўзликни англаш, инсон қалбини кашф этишда чин маънода камолот босқичи бўлиш билан бир қаторда, мумтоз адабиётни ўрганиш, ижодга танқидий қараш даври ҳам бўлди. 

Гуландом Тоғаева – руҳият шоираси. Қалбида шеър исёни бошланган ўн беш яшар қизнинг иқрорини қаранг:

“Тунлар тунд уйқумни ўғирлайди шеър,
Ашъорсиз шомларни унча суймайман.
Ўтданмас, завқдандир юракдаги қўр,
Шоир юлдузларга боқиб тўймайман”.

“Теграмда тирик руҳ – хаёллар фақат” деб ёзган шоиранинг руҳий сарбаландлигини, қамровини тасаввур этиш қийин эмас. Одам қачон хаёлни тирик руҳ деб билади? Ожиз банда кўзга кўринмас кучлар кўз илғаган дунё билан бақамти эканини ҳис эта бошлаган чоғда бу олам ҳам руҳлар олами эканини англайди. 

Гуландомнинг ўқувчилик пайти битган шеърларидаги тоза туйғулар одамни севинтиради. “Пок момомга бориб айтинг...” шеърини бир ўқинг. 

“Баҳор севинч ёшларимга 
Кўйлагини ювмоқда”. 
Кўз ўнгингизга гўзал манзара келди-а?
Шеърнинг якуни қуйидагича:

“Шеърим, сени азиз тутай, 
Дардларимнинг бонги бўл.
Мени ярат, қонлар ютай, 
Юрагимнинг тонги бўл!”. 

Айиқсой бўйида аҳд қилган шоира “Шеърият кўксида буюк ёнғин бор, // Адолат шамсидек ёқлайсан уни” дейди. 
Гуландом самимияти билан танилган шоира.

“Кўк ва орзум айлашиб висол,
Кенг борлиқда сайрлашади.
Қорлар олиб қўлга дастрўмол
Қирлар билан хайрлашади”.

Ёки бўлмаса:
“Қораламам бўлиб чарсиллоқ, тоза, 
Ғўрангиз қизартсин шеърий саратон” деган сатрларни олинг. 
Қуйидаги тўртлик – ўсмир қалбнинг ҳайқириғига қулоқ тутинг:

“Тонгчи юлдуз, найингизни тиндирманг,
Сиз йўқдирсиз, ҳузурли ой қайдадир?
Сочларимнинг толасини синдирманг,
Осмон синса юлдузга жой қайдадир?!”
“Уфқнинг тандирида ҳижронлар куйди” дея бўзлаган қалбга инонмай бўладими? 

Гуландом она қишлоқ – виқорли тоғлар манзаралари, дилбар ҳаёт васфи, беғубор болалик, байрамда лойҳуштак улашган кулол, Сангардак тоғида ўйнаган кийик, Хонжиза тоғи мадҳига бағишланган шеърлар орасида қолиб кетмади. Вахшивор Гуландом ижодида жуғрофий макон эмас, орзу, хаёл, ўкинч ва армон тимсоли бўлиб кўринади. Унинг мактаб даврида битган шеърларидаёқ жунун уфуриб туради. “Милт-милт ёнаётган, эй, ғамгин олов...” шеърида эса сескантирувчи сатрлар кўп. 

“Эй, чирмаш, чирмаш-ей танимга олов, 
Қошимга аланганг ўсмасини сурт.
Мени йўқотсалар чўғли уфқ-ўров, 
Бахтлар шеързоридан топиб олсин юрт...”

Тубандаги шеърни ўн олти яшар қиз битганига ишониш қийин:

“Тирналган чўққилар музини тишлаб,
Ғамдан ғалвир танни тутиб қуюнга,
Зангори қалъанинг ғиштидан ушлаб,
Юлдуз, етгум келур сенинг уйингга!”

Тийиқсиз завқ-шавқ, шиддат, ҳайрат меваси бўлган бундай сатрлар кўп Гуландомда.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ижтимоий-маърифий муҳит жуда ранг-баранг бўлиб, эсперанто тарғиботи, қатағон қурбонлари номидан ёдномалар битиш, янги сиёсий партия ва ҳаракатларга қизиқиш қандай кучайган бўлса, диний тафриқаларга даъват ҳам шунчалик кенг тарқалган эди. Фарз ва суннатни фарқламаганлар сўфий бўлишга ҳавасманд эди. Социалистик реализм методидан бошқа методни тан олмаган “адабиётшунос”лар эса бармоқ, сарбастда ижод қилаётган замондош шоирлар ижодидан тасаввуф излашга бел боғлади.

Ўша йилларда Гуландом Тоғаева “Ҳижронга масаллиғ эмиш шўр, талх, об...”, “Тахайюрнинг кафтида...”, “Фаридиддин Аттор китобига сўзбоши” каби шеърлар битди. Аммо аксар ижодкорлар қатори Гуландом ҳам ҳавас ҳақиқат йўлида собитқадам ҳамдам бўлолмаслигини, чўнг диний илмсиз буюк мақсадга етишиш душворлигини дилдан англади.

Гуландом Тоғаева ижодида 2005 йилдан кейин руҳоний эҳтиёж, эзгин, шикоят оҳанглари кучайгани сезилади. “Дард” шеърини шунчаки ўқиб бўлмайди. 

“Мен муҳтожман кимгадир бугун,
Севилмаган юрагим оғир.
Тақдир хатин кўтаролмасдан 
Елкаларим дол бўлиб оғрир”.

Ёлғизлик азоби, етишмаган муҳаббат изтироблари, дилга таскин, умид муждалари акс этган шеърлар кўплаб учрайди. Шеър шоиранинг ҳақиқий ҳамдамига айланиб қолганини сезиш қийин эмас.

“Бир юлдузман, ой ёнида юрмаган,
Ошиқдирман, кўнгил иши унмаган,
Асли гулу бойчечагин кўрмаган,
Баҳордирман, йўлин кузга бермаган”. 

Ҳақиқий ижодкор – кашшоф. Чин шеър – бир кашфиёт, аслида. Чин шоир қалбини кашф этиш орқали одамлар кўнглига йўл топади. Аслида, мана шу йўл – шеърият. Бу фараҳбахш йўлда адашмаган, қоқилмаган, пешонаси қонамаган шоир шоирми? Бу йўлнинг маккаси – кўнгил. Бир инсон кўнглида қолмоқ, бир шикаста кўнгилга чироқ бўлмоқ машаққатини ёлғиз Аллоҳ билур. 

“Бахтнинг тўрғайлари ҳамиша тоқдир”, дея битган шоира тақдирга ишора этдимикан? Талабаликда ёзган “Видо” шеъридаги “Ва бахтли бўлмайман мен ҳам ҳеч қачон” сатрини ўқиб ҳайрон қолгандим. “Яхши ният – ёрти мол”, деган гап бор халқда. “Халқ фақат ҳақиқатдан иборат бўлса // Мен ҳам шоир бўлдимми?” дея ўзига савол берганди ўшанда шоира. 

“Мингта найга нола бўлди муҳаббатим,
Лекин қадрим бир қамишча бўлолмади” деб ёзган шоиранинг аҳвол-руҳиясини тасаввур этиш қийин эмас эди.

Гуландомнинг бундан йигирма йил бурун битилган “Мен онамни алиштирдим шаҳарларга...” деб бошланадиган шеърини ўқиб йиғлаган қиз-жувонларни кўрганман. 

“Мен онамни алиштирдим шаҳарларга,
Бир бойчечак келтирмадим баҳорларда.
Мен қиз бўлиб кўйлагини бир ювмадим,
Лек қолдирдим уни ҳижрон – заҳарларда”. 

Шеър ижтимоий тармоқларга қўйилганида “Гуландом, бу шеърни бизнинг номимиздан ёзган”, “Бизда ҳам шу дард, шу армон”, “Гуландом, она ҳақидаги шеърингиз ҳар бир қалбнинг мадҳиясидир”, “Гуландом, бу шеър эмас, дил қатидаги ярадир” деган фикрлар билдирилганди.

Гуландомнинг кўпчилик севиб такрорлайдиган яна бир сатрлари бор:

“Худо менга ойдай кўнгилни берди,
Энди беркитмоққа этак ҳам берсин!
Худо менга Мунгдай сингилни берди, –
Пойига сочмоққа чечак ҳам берсин!”

Юрагида ўти бор шоиранинг “Ишқ ҳандасаси” китобида янгича мазмун-моҳият касб этган мақол ва маталлар кўп. Шунингдек, кўпчиликнинг кўзи ва қулоғи ўрганмаган “чумдук”, “дардхўр”, “оғриқзор”, “ҳаловатхўр”, “кўҳивор”, “севгизор”, “шеързор” каби янги сўзлар бор. “Кўзинг қуёшланар, кўзинг ойланар” сатридаги “қуёшланар”, “ойланар” тоза ифода. 

Гуландом Тоғаеванинг “Ишқ ҳандасаси” китобини варақлаган ўқувчи кўнглидан эса “Шоирамиз 2009 йилдан кейин деярли ижод қилмай қўйибди. Эссиз...” деган ўкинч ҳам ўтади. Ва, беихтиёр 2020-2021 йилларда битилган “Шаробингман”, “Изҳор” каби ўтли нидоларни эслайди.

Ижодга танаффус эълон қилган шоирамиздан янги туркумлар кутиб қоламиз.