«1937 йил 30 декабрда мени ўзларини НКВД ходимлари деб таништирган кишилар қидириб келишди. Улар менга туҳмат қилиб, партиядан ўчиришди. Тошкентдан мен билан 8 кишини тўплаб, Самарқандга олиб кетдилар. Улар бизни аксилсовет ташкилот аъзоси деб, ертўлага ташладилар. У ер тор, зах бўлиб, тахминан 30 киши бор эди. 15 кун шу ерда ётдим, сўнг чақиришди. Терговда 5 кун бурчакда турғазиб қўйдилар. На уйқу бор, на овқат, сувни ҳам жуда кам беришар эди”...
Бу жумлалар шафқатсиз «Учлик»нинг яна бир жабрдийдаси Раҳмонберди Эгамбердиевнинг кўрсатмаларидан олинган.
Раҳмонберди ўз кўрсатмасида ўзи билан бирга қамалганлар, хусусан, совуқ совет тузумининг адолатсиз сиёсати қурбони Яҳё Эгамбердиев ҳақида ҳам тўхталиб, шундай дейди: «Яҳё Эгамбердиев фақат туҳмат ва ҳақсизликлар асосида 15 октябрда отиб юборилганди...»
Яҳё Эгамбердиевнинг фаоллиги, тиришқоқ, жонкуяр ва миллатпарварлиги, айниқса, миллий халқ ўйинларини қайта тиклашга бўлган уриниши манфур тузум лаганбардорларига ёқмаган. У 1909 йил Тошкент шаҳрида кўнчи ҳунарманд оиласида туғилган.
Мактаб таълимидан кейин 1927 йилда комсомол ташкилотига кириб, ташаббускор ва тиришқоқлиги билан тезда ёшлар етакчисига айланади. У 1931 йилда эса Тошкент шаҳар Сталин тумани комсомол котиби вазифасига сайланади. 1932 йилда ўзининг фаоллиги, ёшларни уюштиришдаги муваффақиятлари билан ЎзССР комсомол ташкилоти раҳбари Исроил Ортиқовнинг назарига тушади. Яҳё 1935-1936 йилларда Тошкент шаҳридаги раҳбар кадрларни тайёрловчи марксизм-ленинизм институти курсини тугатади ҳамда комсомол ташкилоти Марказий кенгаши тавсияси билан Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани комсомол қўмитасига котиб лавозимига тайинланади.
У Каттақўрғонда туман партия комитети биринчи котиби Тангри Муҳаммадқулов (1903), туман ижроқўм раиси Неъмат Қўчқоров, «Каттақўрғон ҳақиқати» газетасининг муҳаррири Сайфулла Камолов каби ёш раҳбарлар билан елкама-елка ишлайди. Айниқса, туман комсомол ташкилотининг ёшларни уюштиришдаги фаоллиги Ўзбекистон Марказқўми томонидан юқори баҳоланади. Унинг тадбирларни рус тилида эмас, балки аҳолининг асосий қисмини ташкил қилган ўзбек тилида ўтказиши сабаб кўплаб талабаларнинг комсомол сафига киришига сабаб бўлади. Натижада комсомол туманда халқ хўжалигини ривожлантиришда етакчи ўрин тута бошлайди.
Айниқса, маҳаллий ёшлар ўртасида миллий руҳ юксалиб боради. Бироқ ёшлар ўртасида Я.Эгамбердиев обрўсининг ортиб бориши кимларгадир ёқмайди.
1937 йилда уни “ижтимоий ёт унсурларни комсомол ташкилотига қабул қилган, ўз ижтимоий келиб чиқишини яширган”, деган бўҳтонлар билан партиядан ўчириб, ишдан олишади. Ишсиз қолгач, Я.Эгамбердиев Тошкентга келиб, 4-кўнзаводда брокер бўлиб ишлай бошлайди. 1938 йилнинг 28 февралида ўзи яшаётган Тошкент шаҳри Октябрь туманидаги Владимир маҳалласи 31-уйда НКВД ходимлари томонидан қамоққа олинади ва гўёки, 1936 йили Каттакўрғон туманида тузилган аксилинқилобий ташкилот аъзоси сифатида Самарқандга юборилади.
Унга ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси 1-қисми, 67-моддасида кўзда тутилган айблар (аксилинқилобий ташкилот аъзоси, ҳукуматга қарши қуролли чиқиш иштирокчиси) қўйилади. Яҳё Эгамбердиев қамоққа олинган пайтда унинг ортидан турмуш ўртоғи Хадича Умарова, 3 ёшли ўғли Ўткир ва эндигина ёшига етган қизи Ёрқинойлар йиғлаб қолишади.
Яҳё Эгамбердиев 1938 йил 3 март куни илк сўроқда ўзининг ўтмиши ва Каттақўрғонга бориб қолиши тафсилотини, Каттақўрғонда Неъмат Қўчқоров, Узоқовлар билан бирга амалга оширган ишларини, заҳматли меҳнатларини ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда эришган ютуқларини ёзади. Туманда ҳеч бир аксилинқилобий ташкилотнинг бўлганлигига ишонмаслигини айтиб, ўзига қўйилган барча айбларни инкор этади.
«Каттақўрғон ҳақиқати» газетасида чоп этилган тумандаги аксилинқилобий ташкилот ҳақидаги буюртма мақолада Я.Эгамбердиевнинг «халқ душмани» А.Икромовга таниш ва қариндош экани айтилган эди. Бу бўҳтондан иборат мақола ҳам унга қўйилаётган айбловларга қўшилади. Шундан сўнг, у Каттақўрғон туманининг бошқа масъул раҳбарлари билан бирга гўёки ёшларнинг аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси сифатида сўроқ қилинади.
1938 йил 17 март куни Я. Эгамбердиев томонидан имзолатилган сўроқ баённомасида «ҳақиқий воқеъликлар» қуйидагича тасвирланади: «Яҳё Эгамбердиев 1932 йилда ЎзССР комсомол котиби И. Ортиқов билан танишган ва 1936 йил Ортиқов уни ўз хонасига чақириб, аксилинқилобий ташкилотга тортган. У комсомол ёшлар орасида миллий руҳни кучайтириш, ижтимоий бегона қатламлар – қулоқлар, диндорлар, савдогарларнинг болаларини комсомол сафига кўпроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратган.
Ташкилот аъзолари қадимий халқ ўйинларидан кўпкари (улоқ)ни қайта тиклаш учун ҳар бир колхозга бориб, отлар ва чопоғон полвонлар билан қизиқишган. Бу келажакда совет давлатига қарши қуролли исёнда қўл келиши лозим эди. Улар 1936 йил Конституциясида эълон қилинган янги моддаларни ҳаётга жорий этиш орқали Ўзбекистонни тинч йўл билан СССРдан ажратиб олиш имкониятларини қидирганлар».
1938 йилнинг 14 октябрь кунги Каттақўрғон туманидан жами 19 кишининг устидан иғво асосида очилган иш Тошкентда машъум «учлик»ка тақдим этилади. 15 октябрь куни бўлиб ўтган суд айбланувчиларга ҳеч бир ҳимояланиш имкониятини бермади ва уларга ЎзССР ЖКнинг 58, 64 ва 67-моддаларини қўллаган ҳолда аксар қисмини отувга ҳукм этди. Ҳукм ўша куниёқ ижро этилади... Афсуски, яна бир навқирон миллат фарзанди учун тонг қайта отмайди, қуёш нур сочмайди. Унинг олам-олам орзу-умидлари, миллатининг равнақи учун қилмоқчи бўлган ишлари бўғзида қолди...
1956 йилга келиб Каттақўрғон туманида мавжуд «аксилинқилобий ташкилот» аъзолари деб маҳв этилган 19 кишининг иши ҳам қайта кўришга топширилади. 1956 йил 14 март куни қайта сўроқда гувоҳ Раҳмонберди Эгамбердиев (1909) ўз бошидан кечирган даҳшатларни қуйидагича ҳикоя қилади: «1937 йил 30 декабрда мени ўзларини НКВД ходимлари деб таништирган кишилар қидириб келишди. Улар менга туҳмат қилиб, партиядан ўчиришди. Тошкентдан мен билан 8 кишини тўплаб, Самарқандга олиб кетдилар. Улар бизни аксилсовет ташкилот аъзоси деб, ертўлага ташладилар. У ер тор, зах бўлиб, тахминан 30 киши бор эди. 15 кун шу ерда ётдим, сўнг чақиришди.
Терговда 5 кун бурчакда турғазиб қўйдилар. На уйқу бор, на овқат, сувни ҳам жуда кам беришар эди. Мен оғир қийинчиликга чидолмай, прокурорга арз қилишимни айтдим. Шу вақт мени НКВД бўлими раҳбарининг олдига олиб киришди. Мен терговчилар қўллаган қийноқлар ҳақида унга айтдим ва “прокурорга шикоят қиламан”, дедим. У индамай эшитди ва айланиб орқа томонимга ўтиб, елкамга қаттиқ мушт туширди. «Энди айта олмайсан», деди. Мен ҳушсиз йиқилдим. Ўзимга келгач, яна бурчакка қўйишди. Менга “3-” деб рақам беришди. Бу энг жони тош қайсарларга бериладиган рақам экан.
Азоб ошиб борди, 8 соат карцерга ҳам солишди. Чиқаришди, яна айбларимни тан олмадим. Сўнг оғир аҳволда турмадаги госпиталга жўнатишди. Икки ой даволаниб, қайтдим. Шундан сўнг мен билан сўроқ мавзуси ўзгарди. Улар мени тинимсиз урарди. «Демак, сен аксилинқилобий ташкилот аъзосисан. Хўш, энди сен ташкилотларга кимларни тортгансан», деб савол қўярдилар. Менинг олдимга тайёр ёзилган қоғозларни қўйдилар. Мен уларнинг бирортасига имзо чекмадим. Биттасига «лож» деб, имзо чекканман. Шундан сўнг 6-7 ой Самарқанд турмасида ётдим, аммо мени бошқа сўроққа тортмадилар.
1938 йил 15 октябрда бизни Тошкентга олиб келдилар. Мени суддан олдин бир хонага киритишди. Столда мевалар, пиво, сигарет, четроқда мен танимайдиган бир киши ўтирибди. У, «судда ўзингни яхши тут, алдандим, айбдорман, деб айт», деб илтимос қилди. «Таом е, улар барибир сени отадилар», деди. Сўнг мени солдатлар олиб кетдилар. Судда ваъда берганимдек, индамадим, «айбларимни» тан олдим. “Энди саволлар бошланади”, десам, ҳеч ким индамади. Чиқиб кетдим, кейин билдимки, менга 10 йил беришибди. “1938 йил 25 январь”, деб тўлдирилган мана бу сўроқ баённомасини ўқимаганман, умуман кўрмаганман ҳам. Мен айтганимдек, фақат битта қоғозга «лож» деб имзо чеккандим. Бошқа ҳеч жойга имзо чекмаганман», дейди.
Демак, Р.Эгамбердиев ўзини қанчалик мардонавор тутмасин, совет терговчилари ўз пасткашликларини давом эттирган эканлар. Унинг номидан ўзлари ёзиб, ўзлари имзолаб қўяверишган. 1956 йил 19 октябрь куни Раҳмонберди Эгамбердиев ўзи билан бирга қамоққа олинган инсонлар тўғрисида шундай кўрсатма беради: «Уларнинг барчасини жуда яхши танир эдим. Ҳаммалари тўғри, меҳнаткаш, ҳалол одамлар эди. Тангри Муҳаммадқуловнинг ҳам ҳеч бир айби йўқ эди. У Тошкентга келаётганда юзлаштиришда ёлғон гапиргани учун мендан кечирим сўраганди. Абдураҳмон Уташев (1895), Яҳё Эгамбердиевларнинг ҳаммаси фақат туҳмат ва ҳақсизликлар асосида 15 октябрда отиб юборилганди»
Шунингдек, бошқа қайта сўроққа чақирилганлар ҳам қатағон қурбони бўлиб, жувонмарг этилган бу инсонлар ҳақида фақат яхши гапларни айтадилар. Тўқиб чиқарилган кўрсатмаларни гувоҳлар ҳатто ўқиб ҳам кўрмаганликларини, терговчилар қўрқитиш ва куч ишлатиш йўли билан имзолатишганини тан оладилар.
1958 йил 27 мартда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси қарори асосида кўпчилик қатори Яҳё Эгамбердиев ҳам оқланди ва бу ҳақида 1958 йил 14 июнда хотини Хадича Умарова хабардор қилинди. Хуллас, эндигина 28 ёшни қарши олган бир ватанпарвар ўзбек ўғлони туҳмат ва бўҳтонлар билан тоталитар тузум қатағони қурбони бўлди. Шубҳасиз, уларнинг хазон бўлган ҳаёти бугунги истиқлол неъматидан баҳраманд фарзандлар учун ибрат ва унутилмас тарихдир.