Маҳмудхўжа Беҳбудий яратган дарсликлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ

Маҳмудхўжа Беҳбудий яратган дарсликлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида гап кетганда унинг биринчи навбатда ёшларнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши, умуман олганда, етук комил инсон бўлиши учун ҳаракат қилганини таъкидлаш жоиз. Жадид мактабларини очилиши ҳам унинг номи билан боғлиқ. 

1899-1900 йилларда Маҳмудхўжа Беҳбудий Арабистон, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларда бўлиб, ушбу мамлакатлардаги таълим тизимини обдон ўрганади. Қозон, Уфа шаҳарларида эса янги усул мактаблари фаолияти билан танишади.

Шундан кейин у янги усул мактаблари учун дарслик ва ўқув қўлланмалари яратишга киришади. Бунда асосий эътибор дарсликларнинг содда, ўқилиши равон, ҳам диний, ҳам дунёвий фанларни қамраб олинишига қаратилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий дастлаб алифбо, савод чиқариш билан боғлиқ бўлган дарсликлар ёзишга киришган бўлса, кейинчалик катта синфлар учут тарих, география, грамматика ва бошқа фанлардан ўқув қўлланмалари яратади.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида адибнинг 6 та дарслиги «Мунтахаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий география»), «Китобатул-атфол» («Болалар мактублари»), «Мухтасари тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи»), «Мадхали жуғрофияи умроний» («Аҳоли географиясига кириш»), «Мухтасар жуғрофияи Русий» («Русиянинг қисқача географияси»).  Бироқ, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида  Беҳбудийнинг ўндан зиёд дарсликлари сақланаётганини айтиш жоиз.

Булар “Сарҳил жуғрофийа умрони”[1], “Тарихи исломия”, “Амалиёти исломия”, “Рисолаи асбоби савод ёки алифбои мактаб”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Китоб ул-атфол”, “Китоб ул-мажмуаи иншо”, “Мадҳали жуғрофийа умрони”, “Мунтахаб жуғрофийа умумий” дарсликларидир. Шунингдек, фондда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасининг тошбосма нусхаси ҳам сақланяпти. 

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1904 йилда мактаб ўқувчиларига араб алифбосини ўрганишлари учун ёзилган “Рисолаи асбоби савод ёки алифбои мактаб” номли дарслиги асосан ўқувчиларнинг савод чиқаришларига мўлжалланган. 

Болаларга мўлжалланган яна бир асар “Китоб ул-атфол” (“Болаларга мактублар”) бўлиб, фондда ушбу бу асарнинг тўртта нусхаси сақланади. Уларни учтаси ўзбек тилида, биттаси тожик тилидадир. Унда ўқувчиларга иншо ва хат ёзиш қоидалари ўргатилгандир. Китобнинг “Хат ёзмоқ шартлари” қисмида қуйидаги матн келтирилган:

1.    Котиб ва муаллимлар ушбу модда ва сўзларни ўқиб тушунсалар керак;

2.    Котиб бир муддаони ёзмоқчи бўлганида ўшал муддаони ўзи яхши тушуниб, сўнгра ёзсун;

3.    Ўзи билмайдурған луғатни мумкин қадар неча ёзмасун;

4.    Ҳар тил ва луғат сўзини ўзи қоида ва имлосиға ёзмоқ лозим, арабий каломларни арабий ҳарфлар ила, форсий ва русий сўзларни ўзига тегишли товуш ила ўқимоқга мумкин бўлгудек ҳарф ила ёзмоқ керак. Чунончи, сирот азим, падари, жола, гўгўй, ичғаноқ, гадик, тонгла, Петербург, ново, нашрини, гурд каби;

5.    Ҳар ким маъносиға тушунмайдурган калима ва бегона луғатни сўз ичига ёзмоқ лозим бўлганда ҳаракат –  қўймоқ керак; 

6.    Хат бориб тегетургон одамни мулоҳаза қилиб они фаҳм ва билишиға мувофиқ ёзмоқ лозимдур. Бировни кўрки, (ўғри) ҳиммат ва шунга ўхшаш айб ва ёмон сифати бўлса они исмини ёзганда ўшал ёмон сифатларини ёзмоқ айб ва маънавийдур. Магар ёзилмай лозим бўлган суратда ёзилатурган сўзлар ичиға ҳар ким билмайдурған луғатни мумкин қадар нахса ёзмоқға ва авомга ва кўчаги иборат ва айб саналадургон калима ва лақабларни ёзмасунл.

Беҳбудийнинг ислом тарихи ва маданиятига оид яна икки дарслик, яъни “Тарихи исломия” ва “Амалиёти исломия” ўзбек тилида ёзилган бўлиб, 37 саҳифали “Тарихи исломия”да ислом дини, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёти ва фаолияти, арабларнинг маданияти, Ҳижоз, Арабистонда ўтган воқеалар, ҳалифалар ҳаёти ва фаолиятига  доир маълумотлар берилган. “Амалиёти исломия” эса худди “Ибодати исломия” каби ислом дини ҳукмлари ҳақидадир.

География фани дарсликлари ҳисобланган «Мунтахаби жуғрофияи умумий», «Мадхали жуғрофияи умроний», «Мухтасар жуғрофияи Русий»лар ўзбек ва тожик тилида ёзилган бўлиб, «Мунтахаби жуғрофияи умумий» асарининг тўла номи «Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий ва намунаи жуғрофия» деб аталади. Ушбу китоб учун 1905 йилнинг 24 августида Санкт-Петербург цензурасидан рухсат олиниб, 1906 йили Самарқандда Г.И.Демуров матбаасида чоп этилган.

106 саҳифадан иборат ушбу китобда муаллиф «қадим фан»га тааллуқли «туркий, арабий, форсий, русий луғатларга тасниф бўлган ўттуз қадар қадим ва жадид кутуб ва расоили жуғрофия, ҳайъати риёзий, тарихий, табиий» мисолларни турли манбалардан фойдаланиб ёзганини қайд қилади.

Муаллифнинг изоҳича, «Жуғрофия деган сўз юноний, луғати арабийға таърифи ард маъносиға, яъни ер ва туфроқни баён қилатурғон илмни айтилур». Сўнг Беҳбудий унинг турларига тўхтайди.

Китобнинг дастлабки саҳифаларида жуғрофиянинг фан сифатида майдонга келиши тарихи, қадим Туркистон олимларининг бу соҳадаги хизматлари ёритилади. Шу ўринда муаллифнинг ушбу китобда Шамсиддинбек Сомийнинг (1850-1904) 6 жилдлик машҳур «Қомусул-аълом» ва Исмоилбек Гаспринскийнинг «Туркистон уламоси» китобларидаги ҳужжат ва далилларга суянганини айтиш жоиз.

Қўлланмадаги бобларнинг бири: «Жуғрофияни ўқумоқ мусулмонларға ло-зимдур» дейилади. Ҳатто унда Ер ҳақидаги хурофий тушунчалар танқид қилинган. Чунончи: «Аммо ҳозирги жуғрофия илми, тажриба ва рўяти бошлариндан билинадурки, Ер курравий — юмалоқ, остиға ҳўкуз, балиғ йўқ, атрофиға девори йўқ ва Ер айланадур, ҳавоға муаллақ турадур. Бизни назаримизға сокин ва аммо ҳақиқатда айланадур».

«Эски ва янги донишмандлар» фаслида эса қадим Батлимус (Птоломей)дан қолган геоцентризм ва унга қарама-қарши гелиоцентризм ҳақида гап кетади.  Шунингдек, илми ҳайъатдаги «сабъайи сайёр», «тўққуз осмон» иборалари ўзига хос тарзда изоҳланади.

«Аҳли ҳайъати жадида, яъни янги ҳукамолар айтадурки, Офтоб дунёни ўртасиға халқ бўлубдурки, Аторуддан бошлаб қади-ма беш сайёра ва янги топилган икки сайёра ва кўз ила кўрилмай, янгидан дурбин ила топилган уч юзға яқин сайёралар ва буларни ичиға биз устида турғон Еримиз Офтобни атрофиға ҳар бири ўзиға тегишли доира — айланасиға айланиб юрадурлар. Еримиз Офтобға нисбатан учланчи сайёра — юргувчи юлдуздур! Юргувчи юлдузларни ҳаммаси бенур ва ёруғликни офтобдан оладур».

Муаллиф, шу тариқа, жуда содда тилда осмон жисмларининг жойлашиш ва ҳаракатини тушунтириб беради. Буларнинг айримлари Қуръон ва Ҳадис хабарига рост келмаслигини ҳам айтади. Шунга қарамасдан, «Янги ҳукамолар осмондаги юлдузларни аҳволидин эскилардин кўра яхшироқ огоҳ бўлубтурлар»,- деб ёзади.

Чунончи, Ой, Миррих (Марс) ҳақидаги замондошлари маълумотларини жамлаб ва уларнинг қадим ҳукамога насиб этмаган аниқ ва пухта замонавий асбоблар ёрдамида тўпланганини таъкидлаб, «…ҳукм қиладурларки, албатта, Миррихда одам бор ва илм бизлардан зиёдадур!» деган хулосани илгари суради. «Мартабаи инсониятға ноил ўлмакға, ҳар бир инсонни жамияти инсониятға ва дини илоҳияға эҳтиёжи бор, — ёзади муаллиф.

— Ушбу сабабдандурки, инсонлар комил инсонларни қўл остиға жамияти башарияни барпо қиладурлар. Оллоҳ таоло анбиё воситаси ила қонуни шариат, хавфу қалбу рижо юборибдурки, анго дохил ва солик бўлмоқ лозим ва вожибдур. Динсиз дунёда яшамоқ инсоният ва маданиятдан эмас, ҳайвонийликдур. Динсиз мутамаддун (маданиятли) бўлмоқ муҳол (қийин)дур.

Жамияти башарияни барқарор турмоқиға дин, шаръ (шариат), низом ва буларни бошқарувчиларга биринчи сабабдур. Бас, жамият илм, инсоф ва ҳунар сабаблари ила уч хил бўлинадурки, ваҳшоният, бадавият, маданият аталган. Ва буларни(нг) ҳар бирини яна бир неча синфға тақсим қилмоқ одамларни аҳволиға қараб мумкин бўладур».

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Туркистонда жадидчилик ҳаракати асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўқув дарсликларини ўрганиш миллий таълим тизимимизни ривожлантириш учун муҳим манбалар қаторида туради. Шунга қарамай, алифбо, иншо, география, ислом тарихига оид дарсликлардаги маълумотлар ҳали етарлича тадқиқ қилинмаганини айтиш жоиз.

Шунингдек, бу маълумотларни Республика ва хориждаги қўлёзмалар фондидаги Маҳмудхўжа Беҳбудий асарлари билан қиёсий таҳлил қилиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Беҳбудий бундан бир аср олдин миллат эҳтиёжи илм, маориф эканини уқтирган эди. Буни қарангки, бугунга келиб ҳам ушбу фикрлар ўз аҳамиятини йўқогани йўқ. Зеро, адибнинг пурҳикмат сўзлари авлоддан-авлодга маънавий мерос бўлиб қоляпти.