Дарахткушлик ёки хўжакўрсин учун, сохта “Ватанпарварлик” учун дарахт экмаслик ҳақида мулоҳаза

Дарахткушлик ёки хўжакўрсин учун, сохта “Ватанпарварлик” учун дарахт экмаслик ҳақида мулоҳаза

Сўнгги маълумотлар дунёда 3 трлн. атрофида дарахт борлигини, аммо ҳар дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесиб ташланаётганини кўрсатмоқда.

Шу сабабли ҳам жаҳонда турли хил касалликлар, ваболар, иқтисодий пасайишлар юз беряпти. Халқаро экспертлар эса вазият шу тарзда давом этаверса бутун инсониятни катта фожиа кутаётганини таъкидлай бошлашди.

Иқлимшуносларнинг қайд қилишларича, бир гектар майдондаги дарахтлар бир кеча-кундузда 220-275 килограммгача карбонат ангидрид газини ютиб, 180-215 килограмм кислород ажратаркан. Бу миқдор ўртача 500 кишини кун давомида кислород билан таъминлашга етади. Яъни, тўрт туп дарахт бир кишининг кислородга бўлган эҳтиёжини қондиради.

Афсуски, мораторий жорий қилинганига қарамасдан 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида мамлакатимизда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш бўйича 2 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этилган. Натижада  табиатга 3,6 миллиард сўм зарар етказилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 7 та жиноят иши ва 2055 та маъмурий иш қўзғатилиб, умумий ҳисобда 1,7 млрд сўм зарар ундирилган...

Эътибор беринг: 2022 йилда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган бўлса, 2021 йилда 8243 та, 2020 йили 7812, 2019 йилда 3733 та дарахт ноқонуний кесилган. Бу эса дарахткушлик йилдан йилга ошаётганини кўрсатяпти. 

Яна бир маълумот: “Яшил макон” умумхалқ лойиҳаси доирасида кузги мавсумда 49 миллион 370 минг тўп кўчат ўтқазилди. Бундан ташқари, ўрмон барпо этиш учун 890 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилиб, манзарали ва мевали дарахт-буталарнинг 127 миллион дона ниҳол ва кўчатлари етиштирила бошланди. Агар ана шу дарахтлар ростдан ҳам экилиб, кўкариб чиқса борми?..

Аммо фақат ҳисобот учун ишлаётган айрим мутасаддилар кўзларини каттароқ очиб, дарахт экиш билангина иш битмаслиги, ҳар бир кўчатнинг хусусиятидан келиб чиқиб,  тупроқ-иқлимга мос жой танлаш, ўз вақтида уларни парвариш қилиш учун ҳам назорат кераклигини тушунганларида эди. Балки қуриган дарахтлар статистикаси шаклланмаган ҳамда кўчатларга сарфланган миллионлар ҳавога совурилмасмиди?

Ёдингизда бўлса, 2021 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мамлакатда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши таъкидланиб, масъуллар олдига яшил майдонларни мавжуд 8 фоиздан 30 фоизга ошириш вазифаси қўйилганди. 

Минг афсуски, Давлат раҳбарининг юқоридагидек ташаббусига қарамай, ўтган йилда қоғозда бору, ерга қадалмаган 2 миллион дарахт нафси ҳакалак отганларнинг “чўнтаги”га тушгани, 7,3 миллион кўчат эса суғорилмайдиган ерларга экилиши оқибатида нобуд бўлгани қайд этилди. 

Дарвоқе, дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга нисбатан қўйилган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори 5 бараварга оширилгани ҳам аксарият дарахткушларни тўхтата олмади чоғи. Афсуски, табиатга бундай муносабат фақат бизда эмас экан.

Бутун дунёда яшил маконларни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, инсоният ҳар йили 15 -18 миллион гектар ўрмонни йўқ қилмоқда.  Жазо чоралари ҳар қанча кучайтирилмасин, дарахткушларни тўхтата олмаяпти.

Ўрмонлар Саудия Арабистони умумий майдонининг атиги 0,5 фоизини ташкил этгани боис, ушбу мамлакатда дарахтларни ноқонуний кесган шахс салкам 8 млн АҚШ долларигача жарима ёки 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланар экан. Айрим ҳолларда эса жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси биргаликда тайинланиши мумкинлиги айтиляпти.

АҚШ эса дарахтларни ноқонуний кесганлик ёки уларга қасддан шикаст етказганлик учун жаримадан ташқари бир йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланади.

Эътиборлиси, дарахтни ноқонуний кесган шахс ўзи кўчат экиб, уни 10 йил давомида парваришлаш мажбуриятини ҳам оларкан. Буюк Британияда ҳам йўқ қилинган дарахтзорларни қайта тиклаш бўйича суд қарорини бажаришдан бош тортганлар  озодликдан маҳрум қилинаркан. Айни шундай жиноят учун Россияда жарима миқдори 300 минг рублдан 3 млн рублгача белгиланган. 

Шу ўринда биринчи марта дунёдаги дарахтларнинг аксарияти Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN)нинг қизил рўйхатига киритилиб, мавжуд 47 282 турдан камида 16 425 таси йўқолиб кетиш хавфи остида экани маълум қилинганини таъкидлаш жоиз. 

Қайд этилишича, IUCN Қизил рўйхатига киритилган 5 мингдан ортиқ дарахт тури қурилишда ёғоч учун, 2 мингдан ортиғи эса дори-дармонлар, озиқ-овқат ва ёқилғи учун ишлатиларкан. Бошқача айтганда, дунёнинг 192 мамлакатида ноёб дарахтлар йўқолиб кетиш арафасида экан.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза, бизда қаердаки дарахтлар оқланса, ўша ҳудудда ободонлаштириш ходимлари яхши ишлашяпти, деган қараш шаклланиб қолган. Аслида эса дарахтларни оҳак билан бўяшнинг фойдасидан зарари кўп экан. Шунинг учун ҳам дунё экологлари аллақачон дарахтларни оқлаш амалиётидан воз кечишган.

Хусусан, Европада дарахтлар оқланмайди, ҳаттоки бу ҳаракат қонунан тақиқланган. Бир сўз билан айтганда бугун дарахт кесгани учун жазодан эмас, келажак авлодни кислородсиз қолдиришга ҳисса қўшаётганидан қўрқиш керак. 

Президентимиз 2025 йилда дарахт экиш учун 100  миллиард сўм маблағ ажратилишини эълон қилганларида, очиғи ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Чунки бу пулга ўрта ҳисобда 30 минг сўмдан кўчат олинса ҳам эҳҳе... қарийб 4 млрд дарахт экиш мумкин бўлади. Балки ундан ҳам кўпроқдир. Лекин нима бўлганда ҳам ўзимизни алдамайлик. Номига бир новдани ерга қадаб, хўжакўрсин учун, сохта ватанпарварлик учун дарахт экмайлик. Бунинг азобини эса эртага болаларимиз ва невараларимиз кўришади.

Аксинча, чин инсондек, бир кўчатни ерга қададикми, уни униб-ўсиб, меваю, соя солгунча парвариш қилайлик. Акс ҳолда, иқлимшунослар таъкидлаганидек, аппаратлар ёрдамида нафас олишдек фожиани яқинлаштирган бўламиз. Бу эса бугуннинг энг аччиқ ҳақиқати.