ЭНГ БАЛАНД МИНОРА ҲАМ ЕРДАН КЎТАРИЛГАЙ

  1. ЭНГБАЛАНД  МИНОРА   ҲАМ  ЕРДАН  КЎТАРИЛГАЙ

...Энг баланд миноралар ҳам ердан кўтарилур...

 “Темур тузуклари” нинг тожи бўлган бу сўзлар  буюк  Соҳибқироннинг катта ишлар ҳам аввало кичик ишлардан бошланишига ўзига хос ишораси эди.

Шахсияти, ўзига хос стратегияси умуман тарихий характери билан ҳамиша қизиқ бўлиб келган Амир Темур XIV асрнинг иккинчи ярмида, мураккаб тарихий бир шароитда сиёсий майдонга кириб келди.

Қисқа муддат ичида марказлашган давлат барпо этиб, нафақат икки дарё  оралиғи-Мовароуннаҳрда, балки қўл остидаги бошқа ҳудудларда ҳам сиёсий барқарорликни таъминлашга эришди.  

Унинг фаолияти натижасида кучли бошқарув тизими шаклланиб, ҳарбий ислоҳотлар амалга оширилди.  Шунингдек, илм-фан ва маданият ривожига кенг имкониятлар яратилганини таъкидлаш жоиз.

Қолаверса, жаҳон адабиётининг буюк намояндаларидан ҳисобланган Алишер Навоийнинг ижоди, Лутфий ва Ҳусайн Бойқаролар шеърияти, алломалар- Қозизода Румий ва Али Қушчи асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг дурдона миниатюра расмлари, Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо “Бобурнома” си, гўзал шеърияти, илмий асарлари, муаррихлар- Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Муиниддин Натанзий, Ҳофизи Абрў, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд ва Хондамирларнинг солномалари – барча-барчаси темурийлар даврининг ижодий маҳсули саналади.

 

“Темур тузуклари” – ҳаёт қомуси

Амир Темур ўзининг “Темур тузуклари” асарида давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосини очиб бера олди.  Мазкур асар Амир Темурнинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятини ёритувчи муҳим тарихий асар бўлиб, у ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётини акс эттириши билан аҳамиятлидир.

Асар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Темурнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий фаолияти ва Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Иккинчи қисм эса машҳур фотиҳнинг  фарзандларига аталган ўзига хос васияти, панд-насиҳатлари ҳамда ўгитларидан  иборатдир.

Мазкур асар хулқ-атвор меъёрлари ва ижтимоий ҳаётни тартибга солувчи бош ҳужжат сифатида диққатга моликдир.

Дўст-у душманга муомала қилиш ҳақида Буюк Темур шундай дейди:
“Турон мамлакатини фатҳ этган куним ва пойтахт Самарқандда салтанат тахтига ўтирганимдан сўнг, дўст-у душман билан (муомалада) бир текис йўл тутдим.

Менга ёмонлик қилган, макр-ҳийла ишлатиб, жанг майдонида менга қарши қилич яланғочлаган  Бадахшон  амирлари, турку тожик қўшинларининг баъзи амирлари ўзларининг қилган қинғир ишларидан қўрқувда эдилар. Чорасиз қолиб, илтижо билан менинг паноҳимга келганларида уларга шундай яхшиликлар қилдимки, менинг иноятим ва хайр-эҳсонимни кўриб, ўзлари шарманда бўлдилар.

Кимни ранжитган бўлсам, эҳсону инъомлар билан кўнглидаги хафагарчиликни чиқардим ва мартабаларига қараб имтиёзлар бердим”.

Амир Темур қатъиятли саркарда бўлиши билан бирга узоқни ўйлаб иш тутадиган, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариб, унга қарши чиққанларни ҳам садоқат билан хизмат қилишга ундай оладиган даражадаги  тенгсиз зот бўлган.

Шунингдек, Тузукларда ижтимоий ҳаётдаги турли масалалар тартибланади, инсоний муносабатлар улуғланади:
“Яна ўз тажрибамдан билдимки, содиқ ва ҳақиқий дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди”, – дейди.

Бу жумлалар замирида дўстга бўлган чин садоқат, дўстлашиш одоби ҳақида сўз юритилади.

 

Буюк инсон орзу қилмайди — орзулар шаҳрини қуриб беради.

Буюк саркарда-Амир Темур ўз фаолияти давомида кўплаб ҳарбий юришларда иштирок этиши билан бир қаторда Мовароуннаҳр ва Хуросонда бунёдкорлик ишларида сезиларли даражада ўзгаришларга сабабчи бўлган. Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги беқиёс ишларини Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Туркистон шаҳарларида ҳозиргача сақланиб қолган нодир обидалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, Темур қуриш, яратиш менталитети билан яшайдиган, табиатан бунёдкор халқнинг фарзанди  эди.

“...Амр этдимки, – деб ёзади Амир Темур “Тузуклар”да, – катта-кичик ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқда масжид, мадраса ва хонақоҳлар бино қилсинлар, фақир-у мискинларга лангархона (мусофирхона) солсинлар, касаллар учун шифохона қурдирсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар. Ҳар бир шаҳарда дорул-аморат (ҳукмдор саройи) ва дорул-адолат (адолат саройи) қурсинлар...”.

Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсат даражасига кўтарилган эди, дейиш мумкин. Амир Темур фақат ўз мамлакатидагина эмас, балки қўл остидаги бошқа юртларда ҳам бундай эзгу ва хайрли  ишларини амалга оширгани тарихий маълумотларда кўп бора таъкидланган.

Даставвал салтанат пойтахти қилиб белгиланган Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳрига айлантирди, улуғворлигини кўрсатиш учун, атрофида Дамашқ, Багдод, Миср, Шероз, Султония каби дунёнинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган, боғ-роғларга кўмилган қишлоқлар барпо қилди.

У қадимий шаҳар ҳисобланган Самарқандни дунёга танитиш учун янгидан янги қурилишлар, қайта тиклаш ва бунёдкорлик ишларига кўрсатмалар берганки, бугун биз диллар қибласи, тарих гавҳари бўлмиш мазкур шаҳарнинг кўркидан баҳраманд бўлиб турибмиз.

Хожа Самандар Термизий (1638-1740) “Дастур ул-мулк” асарида Амир Темурнинг халқ хизмати учун қилинган бунёдкорлик ишлари эътирофини шундай таърифлайди:
“Амир Темур салтанат тўнини кийгач, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида таърифлаганидек, Хурмуз ва Хусравдек, ғафлат уйқусини тарк этганлиги, мамлакат аҳволи ҳамда халқ фаровонлиги учун зарур бўлган нарсаларни бунёд этиш йўлида сай-ҳаракат учун ҳузур-ҳаловатдан воз кечган”.

Самарқандда Амир Темур томонидан солинган боғлар шундай маскан эди-ки, Эрам гулистони рашк қилар даражага келтириб қўйилганди. Амир Темур нафақат Мовароуннаҳр ҳудудида, балки назорати остидаги бошқа мамлакат ва шаҳарларда ҳам янгидан янги масканлар ва иншоотлар бунёд эттирган.

Амир Темур даврида Самарқанд ўзининг қиёфасини қайтадан намойиш этади. Таниқли академик В.Бартолд таъкидлаганидек, “Мусулмон меъморлигининг энг яхши даври Амир Темур ва унинг авлодлари номи билан боғлиқдир”.

Темурнинг бунёдкорлик ишлари, умуман бу борадаги тарихий фактлар Шарафиддин Алий Яздийнинг асарларида, шунингдек, Испания элчиси- Руи Гонсалес де Клавихонинг кундаликларида ҳам ифода этилган.

Ушбу маълумотлардан кўринадики, Амир Темур шаҳар қурилиш ишларини бевосита ўзи кузатиб борган.

Француз тарихчиси Жан Поль  Ру (1925-2009) ўз асарларининг бирида  шундай маълумотларни келтириб ўтади:

“Амир Темур Мординдаги шарқий христианларнинг муқаддас қадамжолари саналадиган авлиё Иона ва авлиё Сергей қабрларининг ташландиқ эканлиги ҳамда бир пайтлар уларнинг ёнида қурилган черковнинг вайрона аҳволда эканлигини кўргач, ушбу масканни обод қилиш учун ўз ҳисобига маблағ ажратиб, вайрона ва ташландиқ бўлиб қолган черковни қайта тиклашга буруқ беради”...

 

Адолатли давлат – Соҳибқирон орзуси

Соҳибқирон Амир Темур ўз даври учун ноёб бир тизимни барпо этди: у жамиятдаги барча табақаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда адолатли ижтимоий муҳит ярата олди.

Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи, бурчи ва масъулияти қонун билан мустаҳкамланди.

Амир Темур давлат бошқарувини тасодифга эмас, аниқ тизимга асослади. У ҳокимиятни қонун чиқарувчи ва ижроия тармоқларга ажратиб, замонасидан илгарилаб кетган бошқарув моделини яратди.

Бу тизимда энг муҳими — халқнинг ҳаёти, анъаналари ва эҳтиёжлари инобатга олингани эди. 
Бу каби ёндашув ҳозирги замонавий давлат бошқаруви принципларига жуда яқин.

 

 

Қурултой – тарихий парламент

Амир Темур олий давлат идораси сифатида қурилтойни жорий этди. Бу — бугунги конгресс ёки парламентга ўхшаш институт бўлиб, унда давлатнинг энг муҳим қарорлари қабул қилинган.

Унда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва маданий соҳа вакиллари иштирок этган.

Темур давлатида мустаҳкам ижроия тизим мавжуд бўлиб, у қатъий интизом ва масъулиятга таянган.

Саккиз вазирлик ва бир қатор муассасалар:

  • молия ва солиқ,
  • қишлоқ хўжалиги ва мулкчилик,
  • ҳарбий ишлар,
  • адлия ва почта тизимини бошқарган.

 Қизиқарли факт:
Ҳарбий вазирлик нафақат армияни таъминлаган, балки ярадор ва меҳнат қобилиятини йўқотган ҳарбийларга нафақа тайинлаган.

Амир Темур яратган бошқарув тизими бир ҳақиқатни исботлайди:

“Адолат, тартиб ва масъулият — барқарор давлатнинг уч устунидир.”

Бу ғоялар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Чунки, кучли жамият — адолатли қонун ва интизомли бошқарувга таянади.

 

Ибраимов Холбой Ибрагимович 
 
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик