Қани энди бу газета ҳафтада уч марта чиқса...
Мустақиллика эришганимиздан кейин биринчи ва муҳим масалалардан бири бу мафкура масаласи бўлганди, дейиш мумкин. Ўша даврларда олимлару зиёлилар олдида қатор саволлар қўйилганди: хўш, мустақиллик одамини ким тарбиялайди? Миллий тикланиш деганда нимани тушуниш керак? Миллий тикланишни ким ёки кимлар тиклайди?
Ахир миллат мустақил бўлди, энди ўзининг қаддини, қадрини, миллий қадриятию, анъаналарини тиклаши керак. Бу жараёнда миллатни дунёга олиб чиқиш масаласи қандай?
Истиқлолнинг илк йилларида бу борада саволлар кўп, жавоб эса йўқ эди.
Ҳаттоки, ўша йилларда миллий мафкура билан шуғулланадиган тарихчилар ҳам жадидлар масаласини кўтара олишмаган.
Айтиш керакки, шу жараёнда сиёсий партиялар майдонга келди. Лекин кўпчиликни партиялар нима билан шуғулланади, депутатлар нима иш қилади, деган савол қизиқтирарди. Жавоб эса газеталар орқали берилди, аниқроғи, ҳар бир сиёсий партия ўз наршрига эга бўлди ва шу орқали ўз мақсад ва ғояларини кенг тарғиб қилди.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. 1995 йилларда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ишлаганмиз. Иброҳим ака шу ерда туриб “Миллий тикланиш” газетани низомини ишлаб чиқишда жамоага бош-қош бўлганлар. Партия дастури қандай бўлиши керак? Бошқа партиялар билан нимаси билан фарқланиши кераклиги устида ҳафталаб бош қотирганлар. Натижада чинакам миллий тараққиётни тарғиб қилувчи партия ва унинг нашри секин-аста оёққа турганди. Бу ана шу воқеаларга ҳам 30 йил тўлибди. Чорак асрдан кўпроқ тарихий йўлни босиб ўтган газета ҳам унинг муассиси бўлган партия ҳам бугун ўз йўналишини топган. Миллий тикланиш ғояларини одамларга тўғри етказа оляпти. Қани энди бугун ўз йўли, ўз овозига эга, ўз позициясида бардам тура оладиган “Миллий тикланиш” газетаси ҳафтада 2-3 марта чиқсаю, ҳамма хонадонларга етиб борса...
Бугунни ва ўтган кунларни таҳлил қила туриб, ўйлаб қоламан. Учинчи Ренессанс пойдеворини ким қуришга қодир? Албатта, илмли, миллий тарбия, миллий мерос, миллий тил ва қадриятларга муҳаббати кучли, она заминини чин дилдан севувчи авлодда!
30 йил. Бу ёш навқиронлик ёши дейилади. Бу ёшга кирган ёшлар орзу-мақсадлари аниқ ўз йўлини топиб олган бўлади. Партия сафини шундай ёшлар билан тўлдириш керак. Ижтимоий фикрни жамоатчилик фикрини тўлдириш керак. Шундагина партия ҳам, унинг нашри ҳам ўз жамоаси сафини интеллектуал кучли, маънавий иммунитети мустаҳкам ёшлар билан тўлади.
Бугунги 30 ёш билан газетани ҳам партияни ҳам чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист