Тоза ҳаво халқаси. Тошкентда янги экомониторинг станциялари ишга тушди

Тоза ҳаво халқаси. Тошкентда янги экомониторинг станциялари ишга тушди

Пойтахтда ҳаво сифатини назорат қилиш учун янги автоматик станциялар ўрнатилган.

Улар Сергели ва Учтепа туманларида очилган ва ҳозирда реал вақт режимида маълумотларни тақдим этувчи миллий рақамли платформага уланган. 

Лойиҳа Экология вазирлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги (Ўзгидромет) ва Zamin жамғармаси томонидан "Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш" ташаббуси доирасида амалга оширилган.

Янги назорат пунктлари ўрнатилиши ҳисобига пойтахт атрофида мониторинг станцияларидан иборат "экологик ҳалқа" шакллантирилди, бу ҳаво сифатини комплекс кузатиш имконини беради. Ушбу тизим ифлослантирувчи моддалар концентрациясини кун вақти, мавсум ва об-ҳаво шароитларини ҳисобга олган ҳолда қайд этади, шунингдек, қайси ҳудудлар ортиқча юкламага дуч келиши мумкинлигини башорат қилишга ёрдам беради.

Автоматик станциялардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш шаҳарсозлик тадбирларини режалаштириш, зоналаштириш ва экологик вазиятни яхшилаш стратегияларини ишлаб чиқиш учун ҳам муҳимдир.

Лойиҳа бошланганидан буён Ўзбекистонда monitoring.meteo.uz ягона миллий платформасига жамланган 23 та автоматик ҳаво мониторинги станциялари ўрнатилган.

Эслатиб ўтамизки, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидаги ҳаво сифатини назорат қилиш станциясидан олинган маълумотлар ҳозирда мавжуд эмас. АҚШ Трамп маъмурияти харажатларни қисқартиргани сабабли бутун дунё бўйлаб элчихоналар ва консулликларда тўпланган маълумотларни улашишни тўхтатди.