Россияда қанча мигрант бор?

Россияда қанча мигрант бор?

2024 йил якунига кўра, Россияда 6,3 миллион чет эллик фуқаролар яшаётгани маълум қилинди.

Россия Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовойнинг Санкт-Петербургда ўтказган IX Меҳнат форумида билдиришича, янги йил арафасида Россия ҳудудида 6,3 миллион хорижий фуқаро бўлган. Бу ўтган йилга нисбатан 5,1 фоизга кўпдир.

Уларнинг аксарияти – 89,2 фоизи қонуний асосда яшамоқда, деди А.Горовой.

Горовойнинг фикрича, бундан 5-6 йил аввал ноқонуний яшаётганлар жами хорижий фуқароларнинг 30 фоизини ташкил этган.
Горовой шунингдек, 2024 йили Россияга 9,5 миллиондан ортиқ фуқаро кириб келганини, уларнинг 37,9 фоизи ишлаш мақсадида, 4,2 фоизи ўқиш учун, 5,7 фоизи туристик, қолган 30 фоизи эса шахсий масалада мамлакатга ташриф буюрган.

Шу билан бирга, 9,3 миллиондан ортиқ киши Россияни тарк этган.

– Хорижий меҳнат кучи тузилмасида босқичма-босқич ўзгаришлар кузатилмоқда, – деди вазир ўринбосари. –Иш фаолияти билан шуғулланаётган хорижий фуқаролар сони бўйича Қирғизистон фуқаролари янги Россия тарихида илк бор иккинчи ўринга чиқди... 

Россиядаги 6,3 миллионли хорижликнинг 1,4 млн Ўзбекистон фуқаролари, 1 млни тожикистонликлар, 663 минги Қирғизистон фуқароларидир.

Бундан ташқари Россияда 594 минг Беларусь, 440 минг Украина, 271 минг Озарбайжон, 259,7 минг Арманистон, 226,7 минг Қозоғистон, 128,5 минг Туркманистон ва 124,9 минг Молдова фуқаролари бор.