Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати фарзандларининг академик натижаларига таъсир қилмоқда

Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати фарзандларининг академик натижаларига таъсир қилмоқда

Барқарор ривожланишда таълим сифати муҳим аҳамият касб этади. Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан ўтказилган тадқиқотда таълим сифатидаги муаммолар аниқланди.
Тадқиқотда Ўзбекистонда “PISA-2022” сўрови орқали олинган натижалардан фойдаланилган.

Сўров мамлакатнинг турли ҳудудлари бўйича 15 ёшли ўқувчиларнинг жавобларини мужассам этган бўлиб, унинг асосида яратилган маълумотлар базаси 202 та мактаб ва 7293 нафар ўқувчини қамраб олади. Уй-хўжаликлари оиланинг ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига қараб ўсиш тартибида гуруҳланганда, юқори ўнликда жойлашган оилаларнинг фарзандлари қуйи ўнликдаги оилаларнинг фарзандларига нисбатан юқори натижа кўрсатди.   

Жумладан, математикадан 43,7 балл, ўқиш фанидан 39,8 балл, табиий фанлардан эса 36,7 балл фарқ бор. Ижтимоий-иқтисодий ҳолат индексининг 1 бирликка яхшиланиши натижаларни математик фанлардан 9,5 баллга, ўқиш фанидан 9,2 баллга, табиий фанлардан эса 7,9 баллга оширади.   

Тадқиқотга кўра, уй вазифаларини бажармайдиган ўқувчилар орасида ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига асосан фарқлар мавжуд. Уй вазифаларини бажармайдиган ўқувчилар ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиши бўйича қуйи ўнликдаги оилалар фарзандларининг 6,7 фоизини, юқори ўнликдаги оилалар фарзандларининг эса 3,3 фоизини ташкил этган.   

Ўқув ҳафтаси давомида ҳақ эвазига меҳнат қиладиган 15 ёшли ўқувчилар ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига кўра, қуйи ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг тахминан ҳар уч нафаридан бирини, юқори ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг эса ҳар тўрт нафаридан бирини ташкил этади. Уй вазифаларини бажармаслик PISA натижаларини ўртача 16 баллга, ҳақ эвазига меҳнат қилиш эса 37 баллга пасайтириши аниқланди.   

Дарсдан олдин нонушта қилмайдиган ўқувчилар сони ҳам ижтимоий-иқтисодий ҳолатга боғлиқ. Ўқув ҳафтаси давомида дарсдан аввал нонушта қилмайдиган ўқувчилар ижтимоий-иқтисодий келиб чиқишига бўйича қуйи ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг 13,6 фоизини, юқори ўнликда жойлашган оилалар фарзандларининг эса 9,5 фоизини ташкил этади. Бу ҳолат PISA натижаларини ўртача 20 баллга камайтириши аниқланди. Бунда камбағал оилалар фарзандлари юқори даромадли оилалар фарзандларига нисбатан 34 балл кам натижа қайд этган.   

МҲТИ мутахассислари томонидан таълимдаги тафовутни қисқартириш бўйича давлат таълим қонунчилигида мақсадли кўрсаткичларни халқаро тест натижаларига асосланиб аниқлаш ҳамда ижтимоий гуруҳлар кесимида белгилаш таклиф этилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшайдиган барча ҳудудларда бепул тушлик ва нонушта тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ. МҲТИ ҳисоб-китобларига кўра, мактабларда бепул тушлик жорий этилиши давоматни 8 фоизга ошириш имконини беради.