Давлат дастури қабул қилинди – унинг ижросига ҳар биримиз масъулмиз

Давлат дастури қабул қилинди – унинг ижросига ҳар биримиз масъулмиз

Шу йил 7 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги президент фармони билан 2025 йилги Давлат дастури қабул қилинди.

Давлат дастурида йил номидан келиб чиқиб, экологик масалаларга алоҳида устуворлик берилган. Бешта йўналишдан иборат мақсадлар яшиллик сиёсати билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу бежиз эмас. Чунки бугун турли экологик муаммолар инсониятни ташвишга солаётган энг муҳим масалага айланди.

Атроф-муҳитни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, сув ресурсларини самарали бошқариш каби масалалар энг долзарб йўналишлар сирасига киради.

Бу борада 2025 йилги Давлат дастурида қатор мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Жумладан, жорий йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объекти ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлакларини қуриш мақсад қилинган. Бу каби мақсад-вазифалар ҳудудларда аҳоли учун қулай бўлган яшил масканларни кўпайтириш ва шу орқали фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизимини жорий этиш ва бунинг натижасида яшиллик даражасини ошириш масаласи ҳам назарда тутилмоқда.  

Таъкидлаш лозимки, бугун сув танқислиги муаммоси глобаллашиб бораётган бир пайтда мавжуд сув захираларидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, табиат неъмати бўлган ёғингарчилик давридаги сувларни йиғиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун сарфлаш оқилона ечимлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, дастуруламал ҳужжатда акс этган бу борадаги вазифа ҳар жиҳатдан самаралидир.

Дастурда белгиланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ҳамда буталар экиш, “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”да қуёш панеллари ёрдамида қувватланувчи ёритгичлардан фойдаланиш борасидаги вазифалар ҳам экологик муаммолар ечимига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бир сўз билан айтганда, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” Давлат дастури яшилликни кенгайтириш, ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтишда муҳим дастуруламал ҳужжат бўлади, ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Унинг амалдаги ижросини таъминлаш эса нафақат тегишли ташкилот ва мутасаддиларнинг, балки ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиши керак. Ана шундагина кутилган натижаларга эришиш мумкин.