АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланади

АИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланади

Юртимизда транспорт воситаларининг сони кескин ортиб бориши атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, соғлиққа боғлиқ муаммоларнинг кўпайиши, шунингдек, шаҳарларда чанг, зарарли газлар ва тутун миқдорининг ортиши билан боғлиқ аҳоли мурожаатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Соҳа вакилларининг таъкидлашича, AИ-80 маркадаги бензин ёқилғисидан воз кечиш натижасида транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажми кескин камайиб, ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланади.  

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025 йил 1 майдан бошлаб кенг жамоатчилик вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари, аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:  

— асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;  

— тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;  

— самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;  

— қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;  

— хавфлилик даражасининг I  ва II  синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.  

Шунингдек, 2025 йил якунига қадар барча куч ва ресурсларни сафарбар этиб, аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда AИ-80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланади.