2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ кун – Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.

Бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди ҳамда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг нишонланмоқда.

Ушбу улуғ фаслнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган гуманизм, одамзотни бутун борлиқнинг гултожи сифатида эъзозлаш, она замин ва табиатни асраб-авайлаш тамойиллари бугунги кунда ҳаётимизда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Айнан ана шундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланмоқда. 

“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис янгича руҳ ва мазмун касб этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг кўп миллатли жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, бирдамлик руҳини мустаҳкамлашдаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни Янги Ўзбекистоннинг бугунги салоҳияти ва нуфузига ҳар томонлама муносиб тарзда нишонлаш мақсадида:

1. 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонлансин.

2. Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва “Нуроний” жамғармасининг таклифига кўра 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамининг ғоявий-бадиий концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.

3. 2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмита (А.Н.Арипов) бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда Концепция асосида ишлаб чиқиладиган Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлаш бўйича ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастурини тасдиқласин, шунингдек, унинг амалга оширилишини таъминласин.

4. Жойларда Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган барча тадбирларни миллий қадрият ва анъаналаримиз ҳамда бугунги ислоҳотларимизнинг маъно-моҳиятига, Концепцияда баён этилган асосий йўналиш ва тавсияларга мос ҳолда, юксак даражада ташкил этиш, уларда юртдошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

байрам тадбирларини борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни ифода этадиган, юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган таъсирчан мазмун ва шакл билан ўтказиш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг инсонпарварлик ва инклюзивлик моҳиятига, азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг эканини акс эттириш;

бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланишини инобатга олиб, кекса авлод вакилларини, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун байрам дастурхони ёзиш ҳамда турли хайрия тадбирларини ўтказиш;

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, байрам арафасида барча ҳудудларда, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияларини, умумхалқ ҳашарларини ўтказиш;

жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш қилиш;

байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконлари ташкил этиш, кўклам таомларини тайёрлаш ҳамда бу борада кўргазмали савдо ва танловларни уюштириш;

барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам тантаналарида, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудудда уни нишонлаш билан боғлиқ удум ва анъаналарни кенг тарғиб қилиш;

Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастур асосида халқ сайилларини ташкил этиш.

5. Маданият вазирлиги (О.Назарбеков) Республика Маънавият ва маърифат маркази (О.Ҳасанов), Ёзувчилар уюшмаси (С.Саидов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда Концепцияга мувофиқ Тошкент шаҳрида Наврўз байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган асосий концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

а) бир ҳафта муддатда Наврўз умумхалқ сайилларини ўтказиш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган ҳудудий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

умумхалқ сайиллари уюштириладиган асосий майдонлар, кўчава хиёбонларни миллий услубда байрамона безатиш;

мазкур сайил ва томошаларни маҳаллий тажрибали сценарист ва режиссёрлар, композитор ва бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакиллари билан биргаликда юқори бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўриш;

байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналар ташкил қилиш;

б) байрам дастурларини ва оммавий томошаларни тайёрлашда, кўчалар, майдон ва хиёбонларни безатишда малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳларни кенг жалб этсин;

в) барча тадбирлар жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирларининг харажатлари:

Тошкент шаҳрида – республика бюджети ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетлар ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

 
Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                           Ш.МИРЗИЁЕВ

 
Тошкент шаҳри,
2025 йил 21 февраль