10-15 февраль кунлари юртимизда “Илмли аёл – жамият кўзгуси" ҳафталиги бўлиб ўтади

10-15 февраль кунлари юртимизда “Илмли аёл – жамият кўзгуси" ҳафталиги бўлиб ўтади

БМТ Бош Aссамблеяси 2013 йил 20 декабрда “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисида резолюцияни қабул қилди.

Ҳужжатда ушбу соҳада гендер тенгликни таъминлаш кафолати сифатида исталган ёшдаги аёллар ва қизларнинг фан, техника ва инновациялар ютуқлари ривожидан тенг ва тўлақонли фойдаланиш имконияти эътироф этилди.  
Орадан икки йил ўтгач, БМТ Бош Aссамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги ялпи мажлисида 11 февраль “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида эълон қилинди.  

Ушбу сана ҳар йили мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади. Жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 3 февралдаги тегишли баёнига мувофиқ, 10-15 февраль кунлари “Илмли аёл – жамият кўзгуси”  мавзусида ҳафталик ташкил қилинади.  

Ҳафталикда олима аёллар ва илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи, талаба ва ўқувчи-қизлар иштирокида таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда илмий-амалий анжуманлар, хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.  

Жумладан, 10  февраль куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказиладиган “Aёл, бизнес ва инновация” мавзусидаги форумда ҳафталикка старт берилади.  

Шунингдек, ҳафталик доирасида қатор форум ва анжуманлар ўтказилади.  

Хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ўзбекистон олима аёлларининг халқаро майдондаги ўрни" мавзусида форум, Тошкент кимё технологиялари институтида “Хотин-қизларни STEAМ соҳасига жалб қилиш: ютуқлар ва муаммолар” мавзусидаги халқаро форум, Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Барқарор тараққиёт: инклюзив таълим ва хотин-қизлар ташаббуслари” мавзусидаги халқаро форум, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан “Хотин-қизларнинг фан ва етакчиликдаги ўрни” мавзусида тадбир бўлиб ўтади.  

Шу билан бирга, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Кўп миллатли Янги Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг ўзига хос босқичлари” мавзусида халқаро анжуман, Тошкент давлат техника университетида “Муҳандис аёллар – 2025” форуми ва кўргазма ташкил этилиши кўзда тутилган.  

Тошкент ахборот технологиялари университетида “Ахборот технологиялари соҳасида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида форум ва кўргазма, Жаҳон иқтисодиёти ва  дипломатия университетида “Ўзбекистон ёш олима қизлари - Учинчи Ренессанс яратувчилари" мавзусида анжуман, Менделеев номидаги Россия кимё технологиялари университетининг Тошкент филиалида “Глобал аёллар тушлиги” тадбири ташкил этилади.  

Шунингдек, бошқа жуда кўплаб тадбирлар ўтказилади.