1 мартдан бошлаб ёлғиз оналарга фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар моддий ёрдам берилади

1 мартдан бошлаб ёлғиз оналарга фарзанди 3 ёшга тўлгунига қадар моддий ёрдам берилади

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 14 ноябрдаги “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу фармонда асосан етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, зўравонликдан жабр кўрган болалар ҳамда қаровсиз қолган оналар ва ҳомиладор аёлларни жамиятга интеграциялаш учун муҳим чора-тадбирлар белгиланди.    

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:  

–Фармонга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб, меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинди.  

Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга таълим олиш, бандлигини таъминлаш, даволаниш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларига етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган номзодлар ҳам қамраб олинади ҳамда босқичма-босқич Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кичик ҳажмли болалар уйи ташкил этилади.  

Шунингдек, "Меҳр дафтари" жамғармалари тугатилади. Олий таълим муассасаларини тамомлаган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади.  

Шу билан бирга, оғир ҳаётий вазиятда, яқинларининг кўмагисиз қолган оналар ва ҳомиладор аёллар учун "Оналар маскани" хизмати йўлга қўйилиб, "Оналар маскани"да оналар ва уларнинг болалари вақтинча 1 йилгача бўлган муддатда бошпана билан таъминланади, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, уларни касбга тайёрлашади ва бандлигига кўмаклашилади.  

Шуни таъкидлаш жоизки, фармонга кўра, яна оилавий болалар уйини ташкил этиш учун оиланинг эр ва хотиндан иборат тўлиқ оила бўлиши талаби бекор қилинади ҳамда 30 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига оилавий болалар уйини ташкил этишга рухсат этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар оилага тарбияга (патронат) фақат уларнинг қариндошларига берилади.  

2025 йил 1 мартдан бошлаб эса ёлғиз она (ота)га бир нафар фарзанди учун бола 3 ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун БҲМ нинг 1 бараваригача моддий ёрдам берилади. Агар улар эгизак бўлса, уларнинг ҳар бири учун берилади.