Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP 29)даги нутқи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP 29)даги нутқи

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Авваламбор, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Жаноби Олийларини бугунги тарихий Конференцияни гўзал Боку шаҳрида юксак даражада ташкил этгани билан самимий табриклайман.
 
Биз Озарбайжоннинг замонавий иқлим таҳдидларига қарши курашиш йўлида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
 
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
 
Иқлим ўзгаришлари бугунги кунда асосий глобал таҳдидга айланиб бормоқда, геосиёсий зиддиятлар кучайишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, камбағалликка қарши кураш, озиқ- овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ва ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтирмоқда.
 
Буларнинг асоратларини Марказий Осиёда ўткир ҳис қилмоқдамиз. Иқлим муаммолари аҳолимизнинг турмуш сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини рўёбга чиқаришда янги тўсиққа айланмоқда.
 
Париж битими доирасидаги бош мақсадимиз – минтақада ҳаво ҳароратининг жадал ўсишига йўл қўймаслик ва жорий юз йилликда 1,5-2 градус атрофида сақлаб қолишдир.
 
Бу борада биз Ўзбекистонда углерод нейтраллигига эришиш бўйича кенг миқёсдаги ислоҳотларни қатъий олиб бораяпмиз. 2030 йилгача ҳавога исcиқхона газлари чиқарилишини 35 фоизга камайтиришни режа қилганмиз. Бу мажбуриятни 2050 йилга қадар янада кенгайтиришга тайёрмиз.
 
“Яшил” энергетика улушини 40 фоизгача оширамиз. Электромобиль ва “яшил” водород кластерлари, қуёш ва шамол генерация хабларини яратаяпмиз. “Яшил макон” дастуримиз доирасида кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтиряпмиз.
 
Қўшни мамлакатлар билан Минтақавий иқлим стратегиясини ҳаётга татбиқ қилмоқдамиз. Шу кунлари Европага “яшил” энергия етказиш бўйича кўп томонлама битимни имзолаймиз.
 
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
 
Ўзбекистон глобал иқлим ўзгаришлари оқибатларини биргаликда бартараф этишда ўзининг амалий ҳиссасини кенгайтириш ниятида.
 
Биринчидан, ривожланаётган мамлакатларга иқлим хатарларини аниқлаш учун етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш долзарбдир.
 
Бу борада Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ таъсис этишни таклиф қиламиз.
 
Иккинчидан, трансчегаравий сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва барқарор биохилма-хиллигини сақлашда ягона ёндашувлар зарур.
 
Минтақамиз мисолида айтиб ўтмоқчиманки, бир авлод кўз ўнгида Орол денгизининг бутунлай йўқолиши сайёрамиз миқёсидаги фожиага айланди. Шу ўринда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
 
Учинчидан, кўп томонлама етакчи тузилмалар иштирокида ўсимликларнинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ишга туширишни режа қилганмиз.
 
Денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурамиз.
 
Тўртинчидан, иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши бўйича илғор билим ва амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этишни ва унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказишни таклиф қиламиз.
 
Бешинчидан, келгуси йили 15 май – Халқаро иқлим кунида Оролбўйи минтақасида ўтказиладиган Рақамли “яшил” ташаббуслар глобал ёшлар фестивалида давлатларингиз вакилларини кутиб қоламиз.
 
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
 
Ўзбекистон умумий фаровонлик ва “яшил” тараққиёт йўлида очиқ мулоқот ва шерикликка доим тайёр эканини яна бир бор таъкидлайман. 

Манба