Ўзбекистон ислоҳотлари янги босқичга кирди

Ўзбекистон ислоҳотлари янги босқичга кирди

2024 йил 27 октябрь куни Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди, бу жараён мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловлар мамлакатдаги демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди, дейиш мумкин. Мазкур сайлов халқнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кучайтириш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

Сайлов кампанияси давомида шунга гувоҳ бўлдимки, барча сиёсий партиялар ва номзодлар ўз дастурларини жамоатчиликка эмин-эркин тақдим қилдилар. Уларда эса ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатнинг ҳуқуқий ва сиёсий тизимини такомиллаштириш, шунингдек, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган ғоя ва режалар илгари сурилгани учун ҳам сайловчининг қизиқиши юқори бўлди.

Бир сўз билан айтганда, 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон аҳолиси ўз келажаги учун муҳим қарор қабул қилди. Шунингдек, сайловлар натижалари мамлакатдаги демократик ислоҳотларнинг келгуси йўналишини ҳам белгилаб беради.

Ушбу сайловлар орқали мамлакат ўз сиёсий тизимини такомиллаштириб, халқ билан давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилади деган умиддаман.