Сувдан фойдаланиш: депутатлар таклифи билан жарима 10 баробардан 5 баробарга камайтирилди

Сувдан фойдаланиш: депутатлар таклифи билан жарима 10 баробардан 5 баробарга камайтирилди

Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси сув ва сувдан фойдаланиш соҳасида ягона ҳуқуқий ҳужжат яратиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган. 

Шунингдек, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини ошириш, сувдан фойдаланишда рухсатнома олиш тартиби соддалаштирилишига хизмат қилади.  

Мазкур лойиҳа шу йил 24 январь куни бўлиб ўтган палата мажлисида айрим нормаларни маромига етказиш важи билан масъул қўмитага қайтарилган эди. Ўтган даврда масъул қўмита томонидан ушбу таклифлар чуқур таҳлил қилинди ва улар асосида лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилиб, маромига етказилди.    

— Лойиҳада сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилмоқда, — деди Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов.

—  Қўмитамиз аъзолари кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмларини жорий этишга алоҳида аҳамият қаратдилар.    

Шунингдек, “Сувдан фойдаланишдаги низоларни ҳал этиш” боби лойиҳадан чиқариб ташланди ва 29-бобга низоларни ҳал этиш моддаси қилиб киритилди. Сувдан фойдаланиш тартибини такроран бузиш ҳолатлари учун молиявий санкцияларни қўллаш БҲМнинг 10 баробаридан 5 баробар миқдорига ўзгартирилди.  

Сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималардан тушадиган маблағларни тақсимлаш нормаси амалиётдаги қонуности ҳужжатлари билан белгилангани боис чиқариб ташланди.    

Муҳокамаларда кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, технологик модернизация қилишни рағбатлантиришга хизмат қилиши таъкидланди ва учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.