Сенатор сўрови болалар боғчаларидаги зўравонлик ҳолатларини бартараф этишга қаратилди

Сенатор сўрови болалар боғчаларидаги зўравонлик ҳолатларини бартараф этишга қаратилди

Жамиятда учраётган муаммолар, камчиликларни бартараф этиш бўйича парламент назоратидан ташқари сенатор сўрови институти ҳам йўлга қўйилган.

Айтиб ўтиш керакки, мактабгача таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда болаларнинг мактабгача таълим билан қамровини ошириш мақсадида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти қўллаб-қувватланиб, уларга қатор имтиёзлар берилди.

Натижада бугунги кунда 38 минг 58  мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Шундан 31 минг 139 тасини нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этади. Ҳозирда ушбу нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 946 минг 540 нафар бола қамраб олинган.

Соҳада ижобий натижалар билан бирга айрим муаммолар юзага келмоқда. Масалан, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар орқали айрим мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилаётганини кўриш мумкин.

Зеро, Конституциянинг 26 - моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас, деб белгиланган. 78 - моддага кўра, болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади. 

Шундан келиб чиқиб, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирига сенатор сўрови юборди.

Сўровда айрим нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилаётгани қайд этилди.

Хусусан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Tanzilandiya” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбиячилари томонидан ушбу ташкилот тарбияланувчиларига нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилгани, Юнусобод туманидаги “First Daycare” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скочтлаб қўйгани аниқланди.

Бу каби салбий ҳолатларнинг кўпайиши мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга кўрсатилаётган таълим ва тарбия хизматлари ҳамда уларга яратилган шароитларни мониторинг қилиш қониқарсиз йўлга қўйилганини кўрсатмоқда. Бундай ҳолатлар бошқа мактабгача таълим ташкилотларида юз бермаётганига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

Сенатор вазирдан мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш беришни сўради.