Қорақалпоғистонда “Сиёсатчи аёллар клуби” ташкил қилинди

Қорақалпоғистонда “Сиёсатчи аёллар клуби” ташкил қилинди

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Сиёсатчи аёллар клуби” ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда клуб Низоми, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумотлар берилди.

Маълумки, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг 2025 йил январда ўтказилган Пленумида 2020 йилдан буён фаолият кўрсатаёган “Депутат аёллар клуби” таркиби, мақсад ва вазифалари кенгайтирилиб, унинг ўрнига “Сиёсатчи аёллар клуби”ни ташкил этишга қарор қилинган эди.

Клуб эндиликда фахрий ва собиқ депутатлар, сиёсатга қизиқувчи барча хотин-қизларни ҳам бирлаштириб, том маънодаги сиёсатчи аёлларнинг маҳорат мактабига айланмоқда.

Бугунги кунда партиянинг Қорақалпоғистондаги аъзолари сони 51130 нафар бўлиб, 47 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. 2024 йилда парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловларда Қорақалпоғистон Республикасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига партиядан 1 нафардан, Жўқорғи Кенгесига 2 нафар, Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларига эса 24 нафар аёл депутат сайланди. 

Таъкидлаш лозим, ўтган йиллар давомида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашидаги “Депутат аёллар клуби” томонидан “Миллий тикланиш” дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сиёсатчи аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. 

Жумладан, хотин-қизларга оид 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар берилди. «Устоз-шогирд» анъанаси асосида ҳар бир депутат аёлга бир нафардан сиёсий фаол ёшлар, жами 500 нафар талаба қизлар бириктирилиб, улар партия захирасига киритилди. 

Клуб аъзолари томонидан ўтган даврда жами 1568 та сайёр қабул ўтказилди. «Хизмат-беминнат» лойиҳаси доирасида депутат хотин-қизлар билан ҳамкорликда 91 та ўқув курси очилди. Уларга жами 478 нафар ишсиз хотин-қизлар жалб этилиб, касб-ҳунарга бепул ўқитилди. 102 нафари ўз тадбиркорлигини бошлади.

Тадбирда депутат хотин-қизлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келгусида клуб фаолиятини янада жонлантириш бўйича таклифлар берилди. Якунда фаол аёллар эсдалик совғалари билан тақдирланди.