Мақсадимиз сайловларда энг юқори натижага эришиш

Мақсадимиз сайловларда энг юқори натижага эришиш


Шу кунларда партиянинг ҳудудий Кенгашларида “Миллий тикланиш”дан маҳаллий Кенгашларга кўрсатилган номзодлар учун ўқув-семинарлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, куни кеча Навоий, Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ана шундай ўқувлар ташкил қилинди.  

Ўқув-семинарларда мутахассислар томонидан партиянинг 2025-2029-йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, аралаш сайлов тизими, сиёсий партиялар фаолияти, партиянинг амалдаги сайловолди дастури ижроси натижалари ва партиянинг эътиборга молик 100 та ташаббуси ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Шунингдек, номзодларга ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш, атрофлича таҳлил этган ҳолда сайловолди дастурини шакллантириш бўйича тавсиялар берилиб, тажрибали депутатларнинг фаолиятидан мисоллар келтириляпти.

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган ўқувда маҳаллий Кенгашларга вилоятдан кўрсатилган 270 нафар номзодлар иштирок этди. Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов очиб, бу йилги сайловлар халқаро сайлов мезони ва стандартларига мувофиқ, очиқлик, ошкоралик, эркин ва адолат принципларига мос равишда ўтказилишини таъкидлади.

– Мақсадимиз сайловларда энг юқори натижага эришиш экан, бунинг учун номзодларимиз тарғибот тадбирларида фаол бўлиб, партиямизнинг амалдаги дастури ижроси ва янги сайловолди дастурида белгиланган ташаббуслар ҳақида кенгроқ маълумотлар бериши лозим, – деди Илҳом Ражабов. Маълумот учун, Республика бўйича Маҳаллий Кенгашларга партиядан жами 5695 нафар номзодлар кўрсатилган бўлиб, уларнинг 40 фоиздан ортиғини аёллар ташкил қилади.