Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов нима демоқчи?

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов нима демоқчи?

Яқинлашаётган йилнинг энг муҳим, таъбир жоиз бўлса аҳоли учун “ёқимсиз” прогнозларидан бири 31 октябрь куни эълон қилинди, дейиш мумкин. Ҳали фуқаролар сайлов натижаларини тўла ҳазм қилмай туриб, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов билибми, билмайми 2025 йилги иқтисодиётнинг оғриқли нуқталари ҳақида гапириб қўйди.

Шу куни ташкил этилган Матбуот анжуманида МК раиси Кун.уз мухбирининг “Энергия ресурсларининг тақчиллиги сабаб нархларнинг сунъий оширилиши инфляцияга қандай таъсир қилади?”, деган саволига жавоб қайтариб, 2025 йилда электр энергияси 24 фоиз, табиий газ 36, суюлтирилган газ 25, автомобилларга газ тўлдириш (метан) нархи эса 39 фоизга ошиши белгиланганини маълум қилди.  

–Бу ўзгаришларнинг ҳаммаси 6-7 фоизлик инфляция параметрларимизда инобатга олинган. Сиз айтаётган нарса, албатта, нархларнинг ошишига таъсир қилади. Ўзимиз гувоҳ бўлдик, суюлтирилган газ бўйича биржадаги аҳволга, албатта, бу шубҳасиз, нархларга таъсир этади. Уларни биз хатарли сценарийга қўйяпмиз, чунки вазиятни олдиндан баҳолай олмаймиз.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бизнинг сценарий жорий шароитлар келгуси йилда ҳам сақланиб қолади, ташқи шароитларнинг ёмонлашуви ички шароитларга қандай таъсири қилиши мумкин, деган ҳолатлардан келиб чиққан. Сиз айтган эҳтимоллар, албатта, инфляцияни ўзгартиради. Шунинг учун ҳам биз ўз қарорларимизда ўзгартишлар қилишга мажбур бўламиз, – деди Мамаризо Нурмуродов.

МБ раиси шунингдек, валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтди.

–Доим айтамиз, биз валюта курси бўйича прогноз бермаймиз, лекин валюта курси ўзгаришининг инфляцияга таъсирини ўрганамиз. Охирги ҳисоб-китобларимизга кўра, валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин. Энди бевосита олтиннинг нархига келсак, бу тўғридан тўғри инфляцияга боғлиқ эмас, лекин олтиндан тушадиган валюта маблағлари курсга таъсир этади.
Келгуси йилда олтин нархининг ҳозирги даражадан қисман пасайган ҳолда шаклланишини кутяпмиз, лекин кескин арзонлашишини кутаётганимиз йўқ...

Ҳа, чиндан ҳам глобаллашаётган дунёда сиёсий, иқтисодий ва ҳатто маънавий инқирозлар кутилмаганда юз беряпти. Ўзбекистон ҳам кўҳна дунёнинг бир бўлаги сифатида бу жараённи четлаб ўтолмайди. Марказий банк раисининг прогнозларидан эса шу маънода тўғри хулосалар чиқаришимиз керак. Зотан, бу дунёда ҳамма нарсанинг нархи ошяпти. Фақат инсон умрининг эмас...