Ким ҳақ ўзи?

Ким ҳақ ўзи?

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг давлатлар ҳудудий яхлитлиги масаласидаги фикрига қўшилмаслигини айтди. 

Журналист Тўқаевнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, агар давлатлар фақат миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда иш кўрса, дунёда 650 га яқин минтақавий можаролар келиб чиқишини айтди. Россия Ташқи ишлар вазири эса бу борадаги позициясини тушунтирди. 

Унинг сўзларига кўра, БМТга аъзо бўлган давлатлар Низомнинг фақат яхлитлик ҳуқуқини эмас, балки бутунлигича ҳурмат қилиши керак.

Лавров ҳудудий яхлитлик ҳукуматлари маълум бир ҳудудда яшовчи барча халқлар вакили бўлган давлатлар томонидан ҳурмат қилинишини таъкидлади.

“Ҳеч бир мустамлакачи давлат мустамлакачилар қўлга киритган бу ҳудудда яшовчи барча халқни ифодалаган эмас! Бу исбот талаб қилмайди! На Париж, на Лиссабон, на Мадрид ва на Лондон вакил бўлган... Шунинг учун деколонизация жараёни БМТ Низомига тўлиқ мос равишда амалга оширилди”, деди Сергей Лавров.

Маълумот учун, Тўқаев Остона халқаро ҳуқуқдан келиб чиққан ҳолда барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги тамойилларига содиқлиги ҳақида бир неча бор гапирган. 2022 йил ёзида у шу сабабдан Қозоғистон Тайвань, Косово, Жанубий Осетия ёки Абхазияни тан олмаслигини айтганди ва тан олинмаган ДХР ва ЛХРни “квази-давлат ҳудудлари” деб атаган. 

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Донбасс, шунингдек, Запорижье ва Херсон вилоятларини Россияга қўшиб олиш масаласида ҳам худди шундай тамойилга амал қилади.